***
Биродарлар, ана энди Элбек бахши Асқар тоғининг бошида ўтирибди. Атрофга қараяпти: бир томон Сайхун, бир томон Жайхун, бир тараф кўл, бир тараф чўл. Ана Самарқанду Бухоро, ундан нари Хоразм, шундоқ тўғрида Сурхони азим...
Бахшининг дили тўлиқиб, ичида достон тўкилиб келаяпти. Тилида қўшиқлар тузиляпти, қўли дўмбирага чўзиляпти... Шу алфозда кўзлари сузилиб, кўнгли бузилиб турган эди. "Ҳорманг, бахши бобо", деган товуш қулоғига урилди. Бахши бурилиб қараса, Оқботир билан Қоработир отларини етаклаб, дарадан чиқиб келишяпти,. "Энди бир қўшиқ айтиб берасиз",
деб кулиб келишяпти.
"Нимадан айтайин?",— деб сўради Элбек бахши овози титраниб.
"Бўлар элнинг фарзанди қандай бўлади-ю, шўрлик элнинг фарзанди қандай бўлади — шундан айтинг", — дейишди ботирлар.
Ўзи қўшиқ ҳам бахшининг юрагидан ўрлаб, бўғзига етган эди — дўмбирасини олди-да, айтиб юборди:
Ҳар ким ўз элида бекдир, тўрадир,
Ўз элида бек бўлмаган ўладир.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
Кўзин ўйиб олишса ҳам кўрадир.
Мард дунёга келган тупроқ зўр бўлар,
Номард оёқ босган замин шўр бўлар.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Икки кўзи очиқ туриб кўр бўлар.
Ҳар ким ўз элида даврон сурадир,
Мардлар элин тўғри йўлга бурадир.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
Оёқларин кесишса ҳам юрадир.
Ёмон тўғри сўзда мудом хун кўрар,
Тушларида эл оғзида мум кўрар.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Юртин эшакдайин миниб кун кўрар.
Шоирлар шеърларин юксак тахт дейди,
Лоф урмаган, айтгин мудом нақд дейди.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар.
Тилин кесиб ташлашса ҳам "ҳақ" дейди.
Юрак керак доим ҳақни демоққа
Дилим ёнди — иси тегди димоққа.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Оғиз очар фақат овқат емоққа.
Куйсин дунё! — мудом ўтга ташлайди,
Асл эрлар ўтда чўғдай яшнайди.
Бўлар элнинг" фарзандлари, ботирлар,
Душман минг бор ўлдирса ҳам яшайди.
Ғариб дунё тасодифга тўладир,
Тасодифга ғариб бошлар кўнадир.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Ўзи билмай тирикликда ўладир.
Куйсин дунё — ғамин ҳаддан оширар,
Ғамни сочиб, шодлигини яширар.
Бўлар элнинг фарзандлари, ботирлар,
"Ё, халқим...", деб жаллодга жон топширар.
Ғариб дунё ғарибликда кўп хордир,
Ўзи боқиб — бовлигани ағёрдир.
Шўрлик элнинг фарзандлари, ботирлар,
Элин сўйиб емоққа ҳам тайёрдир.
Гап келганда гап қиличдай жаранглар,
Ўткир сўздан ачишдими яранглар?
Эна элим фарзандлари — ботирлар,
Тоғдан туриб энди юртга қаранглар...
Элбек бахши бу сўзларни айтяпти, ботирлар тоғдан туриб пастга қараяпти... Ким билсин — нимани кўришяпти? Бу дунёдан ҳамма истаганини кўриб ўтади, деган экан яхшилар!
Усмон Азим
«Бахшиёна» туркумидан
https://t.me/UsmonAzimijodi