ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ УСМОН АЗИМ ИЖОДИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР
#МЕН_БИР_УЛКАН_ДАРДДИРМАН...
Усмон Азим
Ўтган асрнинг 70-йиллари адабиётимизга кириб келган авлод адабий иқлимни ўзгартирди ва бу ўқувчиларнинг диди ва савиясининг юксалишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Усмон Азим Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир бошлаб берган биринчи тўлқин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов номи билан боғлиқ иккинчи тўлқиндан сўнг адабиётимизга кириб келган учинчи тўлқиннинг энг пешқадам вакили. Уч тўлқин ўзбек поэзиясининг ХХ асрдаги бўй-бастини, савия-даражасини, мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Бу кўтарилишлар назм ва насрда ўнлаб истеъдодларни пайдо этди. Аммо шеъриятимиз бўстонида, Усмон ака таъбири билан айтганда, “илҳомлари “бир баҳор”лик – ёшликнинг завқ-шавқи билан биргина гуллаб қолишга улгурган шоирлар” ҳам кўп бўлди.
Ўзингиз ўйланг, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов довруқ солиб турганда шоирман дейиш, айтишга осон. Лекин Усмон Азим... Келинг, шоирнинг ортиқча камтарликни йиғиштириб қўйиб айтган сўзларини бир ёдга олайлик:
Мен бир бола эдим – ўн олти ёшда,
Бу даъват маъносин қайда чақмоғим?
Ғафурнинг дўпписин қўндириб бошга
Қаршидан чақнади шеърнинг чақмоғи.
Демак, савол сизга, Абдулла Ориф!
Зилзила тинчиди –
кўнглингиз тўқми?
Кўксимни бир вулқон бормоқда ёриб,
Менга айтадиган гапингиз йўқми?
Шеър чиққандан сўнг “Шоир катта кетибди. Йўғ-е? Наҳотки!” деганлар ҳам бўлди. Аммо Абдулла Ориф жони ичига сиғмаётган укасининг бу “шаккок” саволидан заррача оғрингани, таажжубга тушгани йўқ. Аксинча, умрининг охиригача туғишган акадек, қиёматлик дўстдек бўлди. Чунки улуғ шоир ортидан келаётган авлоднинг нимага қодирлигини, адабиётга қўшаётган ҳиссасини жуда яхши англар эди.
Билишимча, Абдулла Орипов ва Усмон Азимнинг адабиёт, шеърият, ўлмас асарлар ва ижодкор қисмати билан боғлиқ адоқсиз гурунгларига Яратгандан бошқа гувоҳ йўқ. Эҳтимол, ука бу “махфий” мулоқотни қоралаб қўйгандир. Балки...
Хўш, адабиёт мухлислари нима учун Усмон Азим шеърларини яхши кўради? Шоирнинг фавқулодда ўзига хослиги нимада?!
Усмон Азим – ёрқин характер соҳиби. Унинг ўзига хос қиёфаси, кўз қараши ва ҳатто сўзлаш оҳанги ҳам ҳар бир шеърида, қолаверса, барча битикларида “мана ман” деб кўриниб туради. Қиёфасиз ижодкорнинг ўзи ҳам, қораламаси-ю сўзи ҳам бировларнинг соясига ўхшайди. Борди-ю Усмон Азимнинг бир туркум шеъри имзосиз эълон қилинган тақдирда ҳам зукко ўқувчи уни ҳеч адашмасдан пайқайди. Сўз, оҳанг, мавзу, образда оригиналликка эришган ижодкор учун бу жуда катта эътироф. Чунки сўнгги нуқта қўйилганданоқ шоирдан узоқлашган шеър чин ўқувчининг ҳамроҳига, дардкаши ва суҳбатдошига айланади. Энди у ўқувчининг маънавий мулкидир.
Усмон Азим шоир бўлиб танилгандан бери ўзини ёзади. Бу “Ўз” гоҳ масрур ўғил, гоҳ бепарво ука, гоҳ оқибатли дўст, гоҳ қайсар ошиқ, гоҳ рўзғор ташвишлари-ю турмушнинг кераксиз ҳашаматларига кўмилган эр, гоҳ муросасиз курашчи, гоҳ фақатгина ёлғизлик ва эрк истаган озурда қалб соҳиби сифатида намоён бўлади. “Болаликдан икки хотира” шеъри ҳам шоирнинг автобиографик асарлари сирасига киради. Рамзий маънода тасвирланган “Қиш” – бу Усмон Азимнинг болалиги. Серямоқ чопон ва калишда мол боқиб қўл-оёғи музлаган, орзуси палто ва иссиқ қўлқоп бўлган “Қиш” “Алпомиш” ўқийди. Мурғак тасаввурида Алп ва Ойбарчин пайдо бўлади:
Шаҳар томон жўнади бола –
Қўлларида эски жомадон.
Жомадонда бир парча дала,
Уч-тўрт китоб, икки кулча нон.
Мана сизга чайратимнинг чайир боласининг шеърий таржимаи ҳоли! Газа-ю қизилдан бошқа ерни кўрмаган бўз бола шу тариқа пойтхатга келади. “Шеър мисоли юраги тоза” бир даштликка “Шаҳри шовқинзор”нинг туҳфаю инъомлари, кўрсатган меҳр-муруввати, рўбарў қилган дўст-ёрлари – алоҳида мавзу.
Майсалар, товоним сизни соғинар,
Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу.
Қайдадир қўзичоқ бўзлар, оҳ урар,