МАВЗУ: ДАВРНИНГ ИНСОН ҚИСМАТИГА ТАЪСИРИ ёхуд генерал Жўрабек ҳақида баъзи мулоҳазалар.
Элу-халқимиз тарихи, ўтмиши борасида сўнгги вақтларда бир қатор асарлар ва мақолалар ёзилаётганлиги диққатга сазовордир. Айниқса, тарихий шахсларимиз, жадид боболаримиз, юрт озодлиги учун курашган “босмачилар” ва бир вақтлар гапирилиши, айтилиши мумкин бўлмаган бошқа аждоларимиз борасида тарихий ҳақиқатларни очилаётганлиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳаққоний тарихимизни билиш келгусидаги орзу-мақсадларимиз ва ҳаётимизга таъсир кўрсатади. Зеро, жадид бобомиз Абдурауф Фитрат ўзининг “Мухтасар ислом тарихи” асарини “Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир” деб бошлагани бежиз эмасдир.
Ҳозирга қадар ҳам “ғоят зиддиятли ва мураккаб шахс” сифатида талқин қилинадиган, 1840-1906 йилларда яшаган Жўрабек Қаландар қори ўғлининг ҳаёти, фаолияти ва ўлими билан боғлик воқеликлар ҳам бугунга қадар холис ҳамда ҳаққоний ёритилмаган эди. У киши ҳақидаги тарихий ҳақиқатларни батафсил, адолатли ёритиш борасида таниқли адиблар Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасан савобли ишни амалга оширибдилар. Бу адибларимизнинг қаламига мансуб “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” асарини ўқиб шу хулосага келдим.
Аввало, асарда халқимизнинг 150-200 йиллик тарихи, 1828-1868 йилларда Бухоро амирлиги, Хива ва Қуқон хонликларини ўзаро урушлари, бекликларни ўзбошимчалиги, давлат бошқарувидаги интизомсизлик, замонавий илм ва ҳарбий қудратни орқада қолганлиги, бошқарилувчилар адолатни четдан кутиши, бошқарувчилар ҳам элу-халқидан кўра босқинчилар билан шерик бўлиб, фақат ҳукмдорлиги, бойлиги ва ҳарамини сақлаш илинжида бўлганлиги кўрсатиб берилганлигини таъкидлаш керак. Бу камчиликлар юртни Россия империяси томонидан осонликча босиб олинишига сабаб бўлган.
Хўш, Жўрабек Қаландар қори ўғли ким бўлган? Унинг ҳаёти ва қисмати қандай кечган? Жўрабек Қаландар қори ўғли тахминан 1840 йилда Китоб шаҳри яқинидаги Гўлгунпушт қишлоғида ўқимишли, зиёли инсон Қаландар қори оиласида тўғилган. Улар кенагас уруғига мансуб бўлган. Диний илмлар билан бирга, форс ва араб тилларини ўрганади. Айниқса ҳарбий соҳани яхши ўрганишга киришади. Бухоро ҳукмдори амир Насрулло Китоб ва Шахрисабз бекликларига қирғинбарот уруш қилиб, ёш Жўрабекни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Шу ўринда Китоб ва Шахрисабз бекликлари Бухоро амирига тўлиқ бўйсунмаганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жўрабек ўн саккиз ёшида амир томонидан тўқсабо унвонини олиб, йигирма ёшида оқсоқоллар томонидан Китоб беклигига сайланади. Бу вақтда Шахрисабз беги Жўрабекнинг амакиси Бобобек бўлган. Амир Насрулло 1856 йилда Китоб ва Шахрисабз бекликларини қонга ботириб, Шахрисабз бегини қизи Бегойим(Пошшаой)ни ўзига хотин қилиб олиб кетади. Бегойим амирдан икки фарзанд кўргунча сабр қилиб, қатл этилган қариндошлари қасдини олиш учун амирни қулоғига симоб қўйиб ўлдиради. Бунинг учун Бегойимни ўзи, икки фарзанди ва акаси ўлдирилади. Амир Насруллони Бухоро амирлиги давлатчилигини мустаҳкамлаш, дину-шариатга хайрихоҳлик борасидаги фаолиятини ижобий кўрсатувчи тарихчилар ҳам бор.
Асарда ёзилишича амир Насрулло 1942 йилда Қуқон хонлигига уруш қилиб машҳур шоира Нодирабегимни, унинг ўғиллари Мухаммад Алихон ва Султон Махмудхонни, ўн тўрт ёшли набираси шаҳзода Муҳаммад Аминхон ҳамда кўплаб кишиларни қатл эттиради. Бу воқеаларни содир бўлишига Нодирабегимни ҳам айби бор бўлиши мумкинлигига шама қилинган. Балким, отаси Умархон вафотидан кейин Мухаммад Алихон амалдору-уламоларга яхши муносабатда бўлмагани, ёшлигида отасини ҳарамига олиб келинган канизак Подшоҳхонга уйланиб, маишатга берилганлиги, Нодирабегим ўғлини бу қилмишларини олдини олмаганлиги назарда тутилгандир. Амир Насрулло ҳам гўзал Подшоҳхонга мафтун бўлиб уни Бухорога олиб келган. Амир Насруллони вафотидан кейин Подшоҳхон “шумқадам канизак” сифатида қатл этилган.
🔰🔰🔰