Асанов формати


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.
Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar
Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


Кўп йиллардан буён ўзбек ижтимоий тармоқларида фаолмасман — у ердаги ижтимоий муаммолар муҳокамаси-ю негативни кўтаришга вақт ҳам, асаб ҳам йўқ. Бунинг зарарли томони — ижтимоий трендларда мўлжални йўқотиб қўйганман: нима тўғри, нима нотўғри, халқ нимадан рози, нимадан норози, билмайман. Қараганимда, айнан нимадан норозилик кўтарилганини тушунолмайман: заправкаларда газ бўлса, уйимда йўқ дейишади; уйда бўлса, заправкада йўқ дейишади; ҳай унда газ нархини оширайлик деса, нега оширасан дейишади; қандайдир фестиваль ёки бошқа лойиҳалар молияланса, ундан кўра таълимни, китобни молияла дейишади; кимдир китобга пул ажратса, нега китобга ажратасан дейишади.

Танқидчилар ноҳақ демоқчимасман. Шунчаки бизнинг балансини йўқотган иқтисодий тизим ва аниқ идеаллари йўқ жамиятда ўзи давлат пулини қандай сарфлаш керак, қайси иш тўғри, қайси нотўғри, одамлар нимадан рози бўлади, нимадан норози, тушуниш жуда қийин. Шунга жамият муаммоларини елкамга олмай, фақат ўзимнинг қизиқиш ва приоритетларимдан келиб чиқиб баҳо беришга ўрганволдим.

Айтайлик, китоб соҳасини жуда муҳим ҳисоблайман. Шундай экан, Халқ банкими, бошқасими, шу соҳага пул ажратишини олқишлайман. Ташкилотнинг қарзи бор дейсизми? Қарзи менинг ишим эмас, китоб соҳаси учун хурсандман.

Газ-свет масаласи шахсан менга ҳозирча зарар бергани йўқ: интернетда кўп танқид видеолар кўрдим, лекин ўзим ҳаётда тўқнаш келмадим. Заправкаларда ҳамиша бензин бор, навбат йўқ. Машинада кам юрганим ва қиммат бензин қуйганим учундир, менга шу пайтгача бу муаммо теккани йўқ.

Аксинча, йилдан йилга вазият яхшиланаётганини кўряпман: олдинги икки йил қишда Тошкент марказидаги маҳаллалар музлаб қолган эди (ўшанда ҳам биз тарафлар тинч эди), бу йил унақа гап-сўз эшитмадим. Ўн йилгина олдин қишин-ёзин бензинни заправкадан эмас, "через-через", ўнта одамдан сўраб, маҳалла ичидаги кимдандир баклажкада сотволиб юрганимизни эслаганим учун ҳозирги додвойлар менга кулгили ва арзимас туюлади. Умуман, келажакни жамоат транспортида, пиёда шаҳарда ва ҳар бир инсон ўзидан билиб энергия тежашида кўрмоқдаман, шунга чегарасиз энергия истеъмолини таъминлаб беришни талаб қилаётганларни (ҳатто уларда жиддий сабаб бўлса ҳам) қўллаб-қувватламайман.

Айни пайтда, Республика олий таълим кенгаши хусусий олийгоҳлар контрактдан тушадиган пулнинг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб беришини хоҳлаб қолганини қаттиқ қоралайман. Чунки олий таълимни стратегик аҳамиятга эга соҳа ҳисоблайман. Савияли авлод етиштирмасак, ҳозирги аҳволдан юқорига кўтарила олмаймиз, савияли авлодни эса сифатли таълим етиштиради; сифатли таълим эса кучли хусусий олий таълимсиз бўлмайди. Бизда энди-энди бош кўтараётган хусусий таълимни ўлдиришга қаратилган бу юлғучлик ҳаракатининг балки бирор мантиқий тушунтирилиши бордир, лекин мен бунда хусусий олий таълим ўлдиришини кўриб турибман ва бу менинг приоритетларимга, келажакдан бўлган умидларимга рахна солмоқда.

Кўриб турганингиздек, бутун аҳолини тушуниш, ҳамманинг муаммосини ҳисобга олиш ва шунга қараб у ёки бу ижтимоий муаммоларга баҳо беришдай оғир ишдан ўзимни қутқарганман. Ҳаётим марказида ўзим, оилам, яқинларим, шу қуршовнинг қизиқишлари, манфаатларидан келиб чиқиб баҳо бераман. Бошқа соҳаларда мураккабликка бош уриб юборганимга яраша, бу масалада оддийроқ яшашга ҳаракат қиляпман.

@AsanovEldar


Ўта қайғули хабар. Nuz.uz нашрининг бош муҳаррири, "Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази" ННТ директори Виктор Михайлов оламдан ўтибди.

Виктор ака турли соҳаларда ишлаганига қарамай, биз уни аввало диний радикализм ва терроризм бўйича тан олинган эксперт сифатида билардик ва ҳурмат қилардик. Ака соҳани сув қилиб ичиб юборган, кўплаб лойиҳа ва дастурларда қатнашган нуфузли мутахассис эди. Биз озгина қилган ишимизни ваҳима қилиб кўрсатиб, "ундай тренинг ўтдим, бундай иш қилдим" деб юрсак, Виктор ака кўринмас фронт жангчиси эди — панада туриб, соҳага катта ҳисса қўшиб келаётган эди.

2024 йилда айниқса Виктор ака билан кўп суҳбатдош бўлдим. Турли лойиҳаларда бирга тренинглар ўтдик, тадбирларда қатнашдик ва шунчаки суҳбатлар қурдик. Ака зўр эксперт бўлиши қаторида, инсон сифатида ҳам жуда хушмуомала ва яхши эди.

Ҳали Виктор ака билан кўп бирга ишлаймиз, у кишидан кўп нарса ўрганаман деган ниятда эдим. Ҳали кучга тўла эди, каттакон режалар қилиб юрувди. Аттанг, насиб қилмади. Руҳи ором топсин.

@AsanovEldar


Forward from: Allaev Uz
Bir qator telegram kanallarda biz va Xalq banki o‘rtasida qilingan shartnoma yuzasidan post chiqibdi. Postda shartnoma biroz xato talqin qilingan.

"Asaxiy Books" loyihasini 2018-yilda O‘zbekistonda kitob sohasini rivojlantirish uchun shakllantirganmiz. Afsuski, O‘zbekistonda kitob borasida biznes rentabil emas. Shu vaqtgacha loyihaga 35.8 milliard so‘mdan ortiq investitsiya kiritdik. Hozir postni o‘qiyotganlar orasida ham bu summaga ulushi qo‘shilganlar bor chunki ular qilgan har bir xarid loyihani rivojlantirishga ketgan.

Lekin, xususiy tadbirkorni ijtimoiy bir sohaga doim pul investitsiya qilish charchatadi. O‘tgan yili mana shunaqa og‘ir bir davrda Xalq banki bilan hamkorlik shartnomasi imzoladik va uni rasman e’lon qildik. Bu yil ham bank bilan hamkorligimiz davom etmoqda va bankning ko‘magi loyiga yashab qolib, rivojlanishiga katta hissa qo‘shmoqda. Bank ko‘magi mualliflik huquqlari to‘loviga, shuningdek kitoblar narxi keskin oshib ketmasligiga, undan tashqari nashriyotda bolalar va o‘zbek adabiyoti uchun yangi redaksiyalar ochilishiga sabab bo‘ldi. Hozirda bir kitobni nashrga tayyorlash ishlari bir necha yuz milliondan iborat bo‘lib, bank uning bir qismini bizga to‘lab beradi. Natijada 2023-24-yillarda kitoblar narxi keskin oshib ketishi oldi olindi, undan tashqari yangi kitoblar dastlabki ikki oy chegirmada sotilmoqda. Bankning ko‘magi bilvosita barcha aksiya va rivojlanishlarga ham sababdir.

Ijtimoiy muhim sohani qo‘llab-quvvatlaganligi, uning rivojiga hissa qo‘shayotganligi uchun Xalq bankiga minnatdorlik bildiramiz. Bugun qo‘rqmasdan bankni O‘zbekistonda ijtimoiy o‘ta muhim kitob sohasining asosiy hamkori deb o‘ylayman.

Hurmat bilan,
Firuz Allayev
Asaxiy kompaniyasi asoschisi.


@allaevuzb


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Arthur Morgan, Red Dead Redemption 2 ўйинининг асосий қаҳрамони.

Devitt'нинг содиқ ва тажрибали аъзоси бўлиб, кўп йиллар давомида жинояткор ҳаёт кечирган.

У кучли, жасур ва маҳоратли жангчи бўлса-да, ички дунёсида ахлоқий қарорлар ва ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида шубҳалар мавжуд. Артурнинг характери ўйин давомида унинг руҳий ўзгаришлари ва яхшиланиши орқали янада чуқурлашади. Унинг ҳикояси содиқлик, азоб ва, охир-оқибат, қизғин тўқнашувлар билан бойитилган.

Тўлиқ видеога ҳавола:
https://youtu.be/NvUDO4QHhAE?si=anM4qxar5Elgfyn7


Охиргиси.

Раддиядан иқтибос:

Абу Али ибн Сино буюк даҳолардан бири эди. Даҳолар оддий инсонлар каби бўлмайди. Ҳозирги тил билан айтганда, ундайларда “илоҳий талант” бўлади! Оддий инсонларнинг уларни ўзларига ўхшатишлари тўғри қараш эмас. Абу Жаҳлнинг абадулабад жаҳолатда ва лаънатда қолиб кетганига сабаб Муҳаммад алайҳиссаломни Абдуллоҳнинг оддий бир етими деб кўрганида эди!

Бу — мен илгариги постларда кўп таъкидлаган тарихни идеаллаштиришга бир мисол. Нима эмиш, "илоҳий талант" эмиш. Бу — илмий категория эмас, илмий йўл билан аниқлаб бўлмайдиган бир баҳодир. Буюк мутафаккирлар аввало меҳнати ва маълум йўналишга қизиқиши туфайли ўз даражасига эришган, лекин ҳаммаси оддий одам бўлган, камчиликлари ҳам бўлган. Бунга илоҳийликни қўшиш ўша мен айтган буюк боболарни илоҳийлаштиришнинг ўзидир (сўнг бунга ўзлари ишонволиб, энг кичик, арзимас танқидданам жазавага тушиб юришади). Илмий баҳсда бу каби аргументлар келтириш кулгили (ғайриилмийлигини айтмаганда).

Абу Жаҳлдан мисол келтириш эса янада ўринсиз, шунчаки агрессив динчи оломоннинг ҳисларига тегинишга бир уриниш деб тушундим.

Илмий масаладаги раддия бундай ёзилмайди, дўстим. Ишхоналаримиз ёнма-ён жойлашган экан, бир кун вақт топиб ёнимга келсангиз, илмий методологиядан қисқача дарс ўтиб бераман ва адабиётлар билан бўлишаман.

Саломат бўлинг, айтар гапим шу.

@AsanovEldar


Тепадаги узундан-узоқ матнни ўқиб бўлдингларми? Давом этамиз.

Раддиядан иқтибос:

“Ўтмиш даврлар ҳам ҳозиргидек бўлган. Ҳамма ҳам бошқа тилларни мукаммал билавермаган. Масалан, мадрасани ўқиб туриб ҳам, араб ёки форс тилини мукаммал билавермаган”, деган гап ўрта асрларга, айниқса, Мусулмон ренессанси даврларига тўғри келмайди. Бу гап Абдурауф Фитрат “Мунозара”да ва Садриддин Айний “Эсдалик”ларида кўтарганидек XVII-XIX асрларга тўғри келиши мумкин, эҳтимол. Зотан, Ибн Сино яшаган даврда ҳатто ҳали давлат тили араб тилида эди, давлат ҳужжатлари араб тилида юритилар эди, энди-энди форс тилига ўтиш юз бераётган эди...

Раддиядаги ягона жиддий аргумент. Рост. Бу ҳақда ўша постларда ҳам ёзгандим — у пайти минтақада араб тилининг нуфузи баланд бўлган, мўғул истилосидан сўнг нуфузи пасая бошлаган, XVI асрдан сўнг таълим ёмонлашиб борган, пировардида арабчани яхши биладиган одамлар жуда оз қолган. Мусулмон ренессанси даврида, албатта, арабчани яхши билувчилар анча кўп бўлган.

Лекин "араб тили мадрасаларда мукаммал ўргатилган" дегани ҳамма уни мукаммал ўрганган дегани эмас. Буюк шахсларни қўйиб турайлик. Унчалик "буюк" бўлмаган, ўртача натижаларга эришган, бугун кўп эсланмайдиган юзлаб, балки минглаб олим, арбоб маълум бизга. Уларнинг кўплари асарлар ёзиб қолдирган. Улар орасида тилни мукаммал билмай, шунга қарамай, нимадир ёзиб қолдирганлариям кўп. Мен арабча манбалар билан ишламаганман, аммо туркча ва форсча манбаларда ҳам шу ҳолат учрайди: кимнингдир луғат бойлиги кам, кимдир грамматик хатолар билан ёзган, кимдадир ғализ жумлалар бор. Бундай ҳолатлар тиқилиб ётибди, қўлёзма билан ишлаган ҳар бир олим буни билади.

Аслида менинг постим нимага қарши қаратилган эди? "Ҳамма уч тилни мукаммал билган" деган миф ёлғонлиги айтилган эди унда. Бу мифни инкор этиш бунинг том тескарисини айтиш дегани эмас. Яъни мен "умуман билишмаган, тили расво бўлган" деган жойим йўқ (нега ўзи ё у қутб, ё бу қутб бўлиш керак, ўртада туриш мумкин эмасми?). Шунчаки "мукаммал" деб идеаллаштириш керак эмаслигини, жуда кўп арбоблар ўртача/ўзига керакли даражада тил ўрганганини, бундан ортиғига доим ҳам вақт ва имкон бўлмаганини ёзган эдим.

Айтайлик, мен филология бўйича инглизча ёза оламан, аммо математика бўйича мутлақо ёзолмайман. Эҳтиёжим йўқлиги боис. Ўтмишда ҳам худди шунақа бўлган. Буни аниқлаштириш учун қанчадан-қанча эътиборли устоз ва ҳамкасблар билан гаплашдим, бари тасдиқлади. Чамамда, менга раддия ёзган ҳамкасблар ҳам гапларим осмондан олинмаганини, энг камида шунақа фикр борлигини билади, лекин "ҳа, шундай фикр бор, лекин асоссиз, мен қўшилмайман" дейиш ўрнига "умуман бўлмаган гап, тўқиб чиқарилган" қабилида билмаганга олишяпти. Бунинг сабаби нима? Агрессив динчи оммага ёқишга ҳаракатми? Ëки идеаллаштирилган тарихни ҳар қандай баҳо ила ҳимоя қилишга уринишми? Билмадим.

Юқорида айтганимдек, бу нарса кўпроқ "унча буюк бўлмаган", бугун кўп эсга олинмайдиган, "ўртамиёна" десак бўладиган арбобларнинг меросида учрайди. Аммо баъзи таниқли олимлар таржимаи ҳолида ҳам бу борада баҳсли фикрлар айтиб ўтилган (Ибн Сино каби). Айнан ўша таниқлиларни тилга олиб ўтишимнинг сабаби — оммага танишроқ шахслардан мисоллар бериш эди.

Аслида мисоллар кўпроқ, кимга қизиқ бўлса, келсин, муҳокама қиламиз. Арабча манбалар қизиқ бўлса, унда менга консультация берган арабистлар билан юзлаштириб қўйишим мумкин (агар бу қадар бефойда баҳсга вақт ажратишни жоиз билишса). Улар масон эмас, иллюминат эмас, маҳаллий мутахассислардир. Ҳеч қандай фитна йўқ биродарлар, тинчланинглар.

@AsanovEldar


Бундан қиладиган хулосам: Ибн Сино араб тилини яхши даражада билган, аммо мукаммалликка етмаган. Саройдаги мажлисда танқид эшитгач, бу унга оғир ботиб, уч йил давомида тил устида ишлаган ва мукаммалликка эришган. Яна қандай хулоса қилиш мумкин бу матндан? Аминов айтганидек, "мот қилиш учун айтилган асоссиз айблов, аслида унақа эмас" деб ҳисоблашга сабаб бўлажак бирор гап борми бу ерда? Менимча, йўқ. "Рисолаи саргузашт" тўлиғича ишончли манба, унда ортиқча муболаға йўқ, деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, Аминов келтирган, Ибн Синонинг шогирди қоғозга туширган шу манбанинг ўзиёқ менинг гапларимни тасдиқлаб турибди. Яъни танқидларга сабаб бўлган постимда Ибн Синонинг расмий таржимаи ҳолида келтирилган фикрни такрорлаганман холос, ўзимдан бирор нарса қўшмаганман.

Яна бир масала. Буни учинчи қарши аргумент сифатида келтирмадим, аммо айтиб ўтишни жоиз билдим. Абу Мансур ибн Али Умар ал-Жаббоий, Аминов айтганидек, "номаълум бир одам" эмас, ўз замонасининг таниқли тилшунос олими эди. У ҳам саройда ишлар эди, ҳукмдор эътиборини қозонган олимлардан эди. Тилшуноснинг Ибн Синонинг тил билими ҳақидаги фикрини ҳам асоссиз деб оламизми? Менимча, Аминов бу ўринда Ибн Синони оқлайман деб (аслида оқлаш керак бўлмаган бир масалада) илмий холислик принципларидан тамомила чиқиб кетган.

@AsanovEldar


Ооо! Мотуридий масаласини ҳал қилдик деганимда, Ибн Сино масаласида ҳам раддия учиб келибди. ЎзР ФА ШИ катта илмий ходими, доцент, докторант Ҳамидуллоҳ Аминовнинг раддиясида айтилишича, Ибн Сино араб тилини мукаммал билган, менинг бу борадаги фикрим эса асоссиз.

Ихтиёр Марғилонийнинг раддиясига берган муносабатимда айтганимдек, олим-тадқиқотчиларнинг фикри мен учун қадрли, уларни игнор қилмайман: асосли бўлса, қабул қиламан, қўшилмасам, қарши аргументларимни айтаман. Ва, албатта, вақт ажратиб раддия ёзганларга миннатдорлигимни билдираман — илмий баҳслар керак.

Афсуски, Аминовнинг раддияси илмий этикага риоя этмай ёзилган. Ихтиёр Марғилонийнинг раддияси менга ёққан эди — буни эътироф этган эдим; гарчи у ҳам бир қанча ўринда илмий этикадан чиқиб кетган бўлса-да ("аввал оригиналини ўқи, кейин гапир" ёки гап Мотуридий тириклигида китоб ҳолига келтирилган "Китоб ат-тавҳид"нинг тили ҳақида кетаётганини била туриб, гапни Мотуридийнинг шогирдлари кейинчалик тартиб берган "Таъвилот"га буриб кетгани каби), умуман олганда, чиройли, асосли аргументлар келтирган эди. Аминов эса жиддийроқ камчиликларга йўл қўйган. Бир бошидан бошлай.

Раддиядан иқтибос:

Абу Али ибн Синонинг “Саргузашт”идан, яъни автобиографиясидан маълумки, саройдаги илмий мажлислардан бирида, Жаббон деган лақабли олим Ибн Синога: “Сиз файласуфсиз, араб тилини яхши билмайсиз, бу масалада сизнинг гапингизнинг эътибори йўқ”, деб юборади. Саройда, ҳукмдор ҳузурида, илмий мажлисда у бу гапини Ибн Синони гўё мот қилиш ва уни мулзам қилиш мақсадида ва ўзидаги ҳасадидан келиб чиқиб айтгани ўз-ўзидан маълум бўлиб турибди. Бугунги кун тадқиқотчиси мана шу номаълум бир одамнинг мулзам қилиш мақсадида айтган таънасини далил қилиб, Ибн Синони араб тилини яхши билмаган дейиши ва шундай хулосага келиши тўғрими? Асло тўғри эмас!

Бунга қарши иккита аргументим бор:

- биз "номаълум бир одам"нинг фикрига таянмаслигимиз керак экан, хўп. Лекин унинг рақиби бўлмиш шахснинг ўзи ҳақида ёзган таржимаи ҳолига қай даражада таянишимиз мумкин? Бошдан-оёқ ўзини мақташ, қобилиятларини таърифлашдан иборат автобиография қай даражада холис манба? Балки унинг ўзи (аниқроғи, матнни қоғозга туширган шогирди Абу Убайд Жузжоний) ҳам муболағага йўл қўйгандир? Олимларга хос танқидий фикрлаш қани? Масалан, анча холис ёндашган Юль Янсен Ибн Синонинг гапларидаги зиддиятларни топган. Бу матнни ҳам танқидий текширмай туриб хулоса қилиш тўғрими? Асло тўғри эмас!

- лекин муаммо ҳатто "Рисолаи саргузашт"нинг холислигида эмас, балки Аминовнинг холислигида. Гап шундаки, Ибн Синонинг автобиографиясида келтирилган маълумотни у ўз раддиясида мутлақо бошқача талқин қиляпти.

Тушунарли бўлиши учун матннинг ўша парчасини тўлиқ келтираман:

Бир куни аш-Шайх (яъни Ибн Сино) амир ҳузурида эди. Абу Мансур ал-Жаббоий ҳам шу ерда эди. Гап қандайдир лисоний масала ҳақида кетди, ва аш-Шайх бу борада ўз фикрини айтди. Шунда Абу Мансур, аш-Шайхга мурожаат қилиб, деди: "Дарҳақиқат, сен файласуф ва доно табибсан, аммо тил масаласида сенинг мулоҳазаларинг ишонарли бўлишига етадиган даражада ўқимишли эмассан". Аш-Шайхга бу сўзлар оғир ботди ва у уч йил давомида зўр бериб тил бўйича китобларни ўрганди. У ҳатто Хуросондан Абу Мансур ал-Азҳарий ёзган "Таҳзиб ул-луғат"ни олиб келтирди. Ва аш-Шайх тилда кам учрайдиган мукаммаллик даражасига етди.

Қани бу ерда изза қилиш учун айтилган асоссиз гап? Мабодо шунақа бўлса эди, Ибн Сино "мен тилни мукаммал биламан, айбловинг асоссиз" деб жавоб берган бўлмасмиди? У ростдан тилни мукаммал билганида, яна уч йилини тил ўрганишга сарфлаган бўлармиди? Тилида бирор муаммо бўлганки, уни бартараф этишга уч йилини сарфлагандир балки?

Абу Убайд Жузжоний Ибн Синонинг замонавий ҳимоячиларидан инсофлироқ экан, бор гапни ёзиб қолдирибди. Хусусан, Аминов аргумент сифатида келтирган "Таҳзиб ул-луғат"ни ҳам Ибн Сино айнан ўша танқиддан сўнг ўқигани ва тилини мукаммаллаштиргани таржимаи ҳолида ёзиб қўйилибди.


Китобнинг бу саволга жавоб берилган қисмига келдим.

Худди ҳозирги каби, ўшандаям эркакларнинг асосий қисми консерватор бўлган: улар аёлларни измида ушлаб туришга интилган, уйдан чиқармаган, паранжисини ечтирмаган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан эркакларнинг жуда катта қисми фронтга кетган. Кўп жойларда эркакларнинг сони ва нуфузи тушиб кетган. Фронтга кетганларнинг ярми қайтиб келмаган, келганлари бироз дунё кўриб ёки совет мафкурасини ўзига сингдириб келган.

Қолаверса, фронтни таъминлаш ва оддийгина тирикчилик учун ҳамма ишлашга мажбур бўлган. Шу боис ўзбек аёллари ниҳоят тўлиқ паранжидан қутулиб, уйда ўтириш мажбуриятидан халос бўлиб, ишлай бошлаган.

@AsanovEldar


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
“Инсоният доимо ‘борига шукур’ деб яшаганида, прогресс бўлмасди. Баъзида пессимизм керак”, — иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов

Ўзбекистон иқтисодининг ўзига хосликлари нимада? Нима учун сўмга юқори депозитлар берилади? Нега ижара нархлари долларда ёзилади?

Барчаси ҳақида батафсил Сигма подкастда тинглашингиз мумкин:

https://youtu.be/QWZm2qyNV-o?si=gQXgww1JXz5QA25K


Ихтиёр Марғилонийнинг раддиясида яна битта ноўрин гап бор: "фикр билдиришдан олдин аввал арабчани ўрган, қўлёзма ўқи, кейин гапир" қабилидаги эътироз. Бу гапни одатда илм-фан қандай тузилганидан бехабар одамлар айтади. Ҳар қандай тадқиқотчи олим биладики, илм-фан жуда катта, ихтисосликлар жуда кўп, бир олим ҳаммасини қамраб ололмайди. Ҳамма маълум замонни, маконни ўзига мутахассислик, тадқиқот объекти қилиб олади ва шуни ўрганади. Ҳатто шарқшуносларнинг ҳам ҳаммаси арабча, туркча ва форсчани билмайди — одатда шу тиллардан биттасини мукаммал ўрганиб, ўша тилдаги қўлёзмаларни ўқийди. Бошқа тиллардаги манбалар, ихтисослиги бўлмаган даврлар ҳақида гап кетганида эса тегишли мутахассисларнинг тадқиқотларига асосланиб гапиради ва ёзади. Илмий нашрлар ўзи шу учун — бир киши қамраб ололмайдиган билимларни академик давраларга осонроқ шаклда етказиш учун керак.

Менинг ихтисослигим — исломгача бўлган давр. Лекин мен "аввал кўктурк, сўғд, уйғур хатларини ва тилларини ўрган, манбаларини ўқи, кейин гапир" демайман; шу тилларни биладиган, манбаларини ўгирган ва нашр қилган тадқиқотчиларга таянишни талаб қиламан. Ислом даври ҳақида гапирсам, ўзим ҳам шу давр мутахассисларига таянаман.

Энди савол туғилади: ҳатто бугунги ривожланган замонда бутун ҳаётини илмга бағишлаган одамларнинг кўпчилиги бир нечта тилни мукаммал эгаллай олмайди экан, ўтмишдан бундай мукаммаллик талаб қилиш тўғримикан?

Ўтмишдаги тил билими ҳақидаги постларим аслида яхши масалани кўтарди ва жамиятдаги муаммоларни очиб берди деб ўйлайман. Бизда тарихни муқаддас сигир қилиб олишган — унинг идеал картинасини чизиб, бундан бироз оғишганларни салкам қатл қилишга тайёр агрессия шакллантирилган. Бу миллий ва диний тарих мифига кўра, ўтмишдаги ҳамма буюк боболар мукаммал, кам-кўстсиз инсонлар, бирор камчилиги борлигини қабул қилиб бўлмайди; душманлар, аксинча, қоп-қора, бирор ютуғи ва ижобий томони йўқ яратиқлардир.

Аслида эса манбаларни ўқисангиз, сифатли тадқиқотларни ўқисангиз, реал картина мураккаброқ бўлганини кўрасиз. Тил масаласида ҳам шундай — "ҳамма уч тилни мукаммал билган" деган миф номи билан бир мифдир. Мен ҳали Ибн Сино ва Мотуридий ҳақидаги фикрларни келтирдим, яна бошқаларам борки, уларни эшитиб, кимлардир инфаркт бўлиб қолмасин деб, индамайман.

"Тилни мукаммал/яхши билмаган" деган нарсани ҳам тўғри тушуниш керак. Бу "твоя-моя" даражасида билган дегани эмас. Албатта, аксарият зиёли тилларни ёзадиган даражада ўрганган. Ҳозир ҳам инглиз тилида ёзиш учун уни мукаммал билиш шартмас — intermediate бўлибам ўқиб, ёзиб юрганлар кўп; керагида луғатдан ёки муҳаррир хизматидан фойдаланади. Лекин уларнинг инглизчаси мукаммал эмаслиги, луғат бойлиги катта эмаслиги (ўз соҳаси терминологияси билан чеклангани), инглиззабон одамга баъзи гаплари ғализ туюлиши ҳам табиий.

Ўтмишда ҳам шунақа бўлган: арабча маълум бир даражада ўрганилган ва сўнг ҳамма ўз ихтисослиги бўйича ёзиб, ўқиб юрган. Тилни мукаммал билиш баъзи соҳалардагина талаб қилинган (луғатшунослик, муфассирлик каби).

Бу нарсаларни тўғри тушуниш керак. Бу буюк боболарнинг хизматини, меросини йўққа чиқариб қўймайди, уларни ёмон одамга, ёмон мутахассисга айлантириб қўймайди, шунчаки афсонавий, ярим илоҳий, кам-кўстсиз фаришталардан реал шахсларга айлантиради, аксинча, уларнинг меҳнати қай даражада оғир бўлганини кўрсатиб, меросининг қадрини оширади.

Зиёлилар, сиёсий элита миллатнинг тарихини ёзаман деб уни ортиқча идеаллаштириб, шу ҳолида кенг оммага тақдим этгани бир куни ўзининг бошида калтак бўлиб синади: реал картинадан бехабар оломон улардан ҳам мукаммалликни талаб қилади, ярим афсонавий тарихни ғурур масаласига айлантиради, қолаверса, академик давралар учун табиий ва одатий бўлган баҳсларга ҳам аралашиб, идеал картинага зид келган ҳар қандай фикрни чеклаб, ўз цензурасини ўрнатади. Шунга бундай кайфиятларни оловлантиришдан, илмий дискурсда оломон кайфиятига мослашишдан эҳтиёт бўлиш керак. Илм-фанни олимларга қўйиб бериш керак.

@AsanovEldar


Ўрта аср олимларининг тил билими борасидаги постим, хусусан, у ерда Мотуридийнинг араб тилидаги муаммолари тилга олингани туфайли баъзи бировлар, аниқроғи, радикал оломон шайтонлаб, мазаси қочиб, иштонини бошига кийиб додвой қилаётгани қулоғимга чалиниб қолди. Бир-икки эътирозли постларга кўз ташладим — доимгидай, бирор жиддий қарши аргумент, босиқлик билан айтилган эътироз йўқ, ҳаммаси қуруқ ҳақорат, ортиқча пафосга берилиб йиғи-сиғи қилиш, "мен ҳеч бало билмайман, лекин сен адашяпсан" қабилидаги "протест", кулгили даражада содда "прикол" қилишга уриниш ва ҳоказолар; баъзилари личкамга ёзиб, таҳдид қилиш даражасига ҳам борди (табиийки, жавоб ёзишим ёки қўнғироқ қилишим биланоқ блоклаб, қочиб қолишди), аммо, умуман олганда, бу ғавғога эътибор бермадим — ҳашаротларга сарфлайдиган вақтим йўқ.

Аммо Ихтиёр Марғилоний исмли бир киши, юқоридагилардан фарқли равишда, жуда чиройли, асосли раддия ёзибди (боши бу ерда). Унинг бу раддияси учун миннатдорлик билдираман — эътибор қилиб, вақт сарфлаганига ва чиройли жавоб берганига. Профилида ёзилишича, ўзи ҳам тадқиқотчи экан; тадқиқотчиларнинг фикрини албатта инобатга оламан, айниқса ортиқча ҳис-туйғу, ҳақоратларсиз, асослари билан бўлса.

Ўзим мотуридийшунос бўлмаганим боис бу масалада баҳсга киришиб ўтирмайман. Биринчидан, тадқиқот меники эмас — мен бировнинг тадқиқотини ўқиб, ундаги бир хулосани келтирганман холос, шу боис раддия аслида Ульрих Рудольфга бериляпти деб ҳисоблаймиз (аслида буни бир пост ҳолида эмас, илмий мақола қилиб чиқарилса, илм-фандаги қараш ҳам ўзгариши мумкин); иккинчидан, Мотуридийнинг арабчани қай даражада билиб-билмагани шахсан мен учун аҳамиятли бир масала эмас — Рудольф адашган бўлса, унинг арабчаси ростдан зўр бўлса, бу хулосани ҳам бажонудил қабул қиламан. Менга ҳақорат ёмғирини ёғдириб ётган радикал оломондан фарқли равишда, бу мен учун ҳис-туйғу, ғурур билан боғлиқ масала эмас, шунчаки ўтмиш картинасини яхшироқ тушунишга ёрдам берадиган бир деталь холос.

Сўзим якунида яна иккита мулоҳаза:

- Ихтиёр Марғилоний барибир андак иккиюзламачилик қилганини айтишим керак: у "Мотуридийнинг тили ёмон эмас, аслида жуда мукаммал ва мураккаблиги учун тушуниш қийин бўлган" деяпти; унинг мутахассислиги нима, билмадим, аммо арабчани билса ва Мотуридийни оригиналда ўқиса, гап унинг тили мукаммалигида эмаслигини тан олган бўларди;

- пост эътирозларга сабаб бўлгач, Ульрихдан ўқиганларимни аниқлаштириш учун ўзбекистонлик ва тожикистонлик арабшунос ва исломшуносларга мурожаат қилдим; улар "Китоб ат-тавҳид"нинг тили ростдан яхши эмаслигини, бу академик соҳада яхши маълумлигини, аммо кўплар очиқ айтишга қўрқишини айтди — радикал оломондан чўчиб қолишган шекилли, ҳатто Рудольфнинг китобини ўзбекча нашр қилишда бу билан боғлиқ парчани (ва яна бошқа баъзи "ноқулай" қисмларни) олиб ташлашган экан. Олимлар "Китоб ат-тавҳид"нинг тили билан боғлиқ ҳолатни икки хил талқин қилади: баъзилар, Рудольф каби, Мотуридий арабчани яхши билмаган деса, баъзилар китоб даставвал форсча ёзилиб, кейин арабчага сифатсиз таржима қилинганини айтади (Паздавий бу китобни ёзишда Мотуридий форсча ўйлаб, арабча ёзган деган, масалан). Мана шундай иккита қараш бор экан дўстлар, ўрганганим шу бўлди.

@AsanovEldar


Амирлик даврида жадидларнинг модернизация йўлидаги саъй-ҳаракатларига биринчи галда амир ёки амалдорлар эмас, муллалар, диний арбоблар қаршилик кўрсатган эди. Улар кўчага агрессив диндор оломонни олиб чиқиб, жадидларнинг намойишларига тўсқинлик қилган, уларни калтаклатган, мактабларини ёптирган ва ёқтирган эди.

Бухоро жумҳурияти тузилгач, жадидлар биринчи галда шу диний элитадан қасос олди — уларнинг фаолиятини чеклади, жамиятга таъсирини кучсизлантиришга ҳаракат қилди. Модерн йўлига кирган барча давлатлар каби, уларам ислоҳотни таълимдан бошлади — дунёвий таълимни жорий этиб, ёш авлодни антиклерикал руҳда тарбиялай бошлади.

Умуман, бошқа соҳаларда ҳам ислоҳотлар, жиддий ўзгаришлар бошланди. Холиднинг айтишича, Бухоро худди ўша йилларда модерн йўлига кирган бошқа давлатлардай ҳаракат қилган. Ҳатто Отатуркдан олдин унинг сиёсатига яқин ишларни амалга оширган.

Баъзи динга берилган блогер ва фаоллар бугунги тушунчалардан келиб чиқиб, "Отатурк/Эрон шоҳи/Омонуллахон/СССР диндорларни қийнади, қамади, чеклади" деб ваҳима кўтаради. Гўёки улар ҳеч кимга зарари тегмайдиган, беозор тақводор одамларга тегинган каби таассурот шакллантиришга уринади. Аслида улар бутун жамиятни измида тутиб турган, агрессив оломон ва давлат ҳокимиятига таъсири ёрдамида ўзгача фикрловчиларни қўрқувда ушлаган ва кераклигида ўлдиришдан тоймайдиган ("Ҳужум"га қарши ҳаракат мисолида), улкан қудратга эга кучга қарши кураш олиб борган. Унинг қудрати шунчалик катта бўлганки, баъзи давлатларда ҳатто давлат тепасида туриб ҳам уни енгишнинг имкони бўлмаган — Омонуллахон ва Муҳаммад Ризо Паҳлавий мисолида буни кўришимиз мумкин.

@AsanovEldar


Asaxiy Йил бестселлерлари 2024 рейтингини эълон қилди.

Ундан йил давомида Asaxiy орқали Ўзбекистон бўйлаб энг кўп сотилган китоблар ўрин олган.


Китоблар орасида бадиийлари, илмий-оммабоплари, иқтисодиёт, шахсий ривожланиш, психология ва бизнесга оидлари бор. Жами 20 та китоб.

Йил бестселлерлари 2024 рўйхати билан қуйидаги линк орқали танишишингиз мумкин: asaxiy.uz/u/bestseller-2024

Ушбу бестселлерларни фақат Asaxiy орқали ягона тўпламда 1 099 000 сўм ўрнига чегирма нархда 899 000 cўмдан харид қилишингиз мумкин. Бу Янги йилга энг зўр совға бўлади!

Asaxiy буюртмани бутун Ўзбекистон бўйлаб бепул етказади.

Харид қилиш учун: asaxiy.uz/u/bestseller-2024


"Ҳужум" кампанияси доирасида паранжисини ташлаган минглаб аёл ўлдирилган. Консерватор оломон мисли кўрилмаган ваҳшийликлар уюштирган — аёлларни зўрлаган, қийнаб ўлдирган, парчалаб, бўлаклаб ташлаган. Совет ҳокимияти бир қанча қотилни тутиб, оммавий суд уюштириб, жазолаганига қарамай, зўравонликни тўхтата олмаган.

Фақат кампания амалда тўхтаганидан сўнг қотилликлар ҳам тўхтаган. Адиб Холиднинг фикрича, "Ҳужум" кутилган натижани бермаган. Лекин кейинчалик барибир ўзбек аёллари паранжидан тўлиқ воз кечган. Бунга нима сабаб бўлган? Китобнинг бу жойига ҳали етиб келмадим шекилли.

@AsanovEldar


Бухоро Халқ Шўро Жумҳурияти де юре мустақил давлат бўлган. Большевиклар секинлик билан уни назорат остига олиб борган, ташқи алоқаларини чеклаган, маҳаллий компартияни ўз филиалига айлантиришга уринган.

БХШЖ (БХСР) раҳбарияти бунга қаршилик кўрсатган. Бошқа давлатлар, хусусан, Европа билан алоқалар ўрнатишга уринган. Лекин жумҳуриятнинг Афғонистонга, Туркияга юборган элчиликларини большевиклар йўлда тўхтатиб қолган.

Бухоро раҳбари Усмон Хўжаев бунга қарши исён кўтарган. У Шарқий Бухорода босмачилар билан бирлашиб, большевикларга ҳужум қилган, аммо мағлуб бўлиб, Бухорони тарк этган.

Биз Туркистон мухториятини мустақил дунёвий давлат яратишга уриниш сифатида кўп эслаймиз, лекин БХШЖ ҳам эслашга арзийди. У ҳам модерн давлат қуришга бир уриниш бўлган эди.

@AsanovEldar


Китобдан баъзи қизиқ фактлар.

Бухоро жадидлари 1918—1919 йилларданоқ советлар ва хусусан Ленин ҳақида кўп ижобий нарсалар ёзишни бошлаган экан. Масалан, Фитрат. Яъни уларни мажбурлаб коммунистга айлантирмаган большевиклар, балки уларнинг ўзи инқилобда ва большевикларнинг прогрессив қарашларида катта имконият кўрган, бундан илҳомланган.

@AsanovEldar


Qurultoy'нинг янги сонида тарих ҳақида эмас, тарихчи ҳақида гаплашдик. Аниқроғи, бир тарихчининг тарихини ёритдик.

Яҳё Ғуломов — илк ўзбек археологи, энг йирик ўзбек тарихчиси. Унинг китобларини ўқиб катта бўлганмиз. Эндиликда унинг ўзи ҳақида илмий тадқиқот қилинмоқда.

Меҳмонимиз Олимжон Канимкулов бизга Яҳё Ғуломов ҳақида гапириб берди.

Линк: https://www.youtube.com/watch?v=wK8w98ej6Ts&ab_channel=QURULTOY

@AsanovEldar


Миршакар билан танишганимда ёш, танилиб бораётган стендапчи ва шоумен эди. Кичикроқ залларда концертлар қиларди. Мана энди кучайиб, Humo Arena’да концерт беряпти. Мана энди менинг даражамга етибди. Мен Humo Arena’да учрашув қилсам, келасизлар-ку? Келмайсизларми? 😡

Ҳай майли. Биламан, менга келмайсизлар. Лекин Миршакарнинг концертига боринглар. Асановдан кучлироқ эканман деб хурсанд бўп қолади.

Концерт 15 февраль куни. Унгача чипта сотволишга улгуринг: https://iticket.uz/ru/events/concerts/mirshakar-fayzulloyev-chempion/32687

@AsanovEldar


"Дорул-кутуб"дан қизиқ китоб топиб олдим — "Мукаммал тарихи ислом атласи". 1912 йилда Қозонда, туркий тилда нашр қилинган. Ислом дунёси тарихини туркий тилда атласлаштиришга илк ҳаракатлардан бўлса керак.

@AsanovEldar

20 last posts shown.