***
1
Жонсарак қуш эдим
Қадим куйларнинг
Оҳангин тинглаган кунлардан буён.
Бир ялдо кечасин кечиб ўтгач, сўнг
Умримда тонг бўлиб отдинг болажон.
Бир озод қул эдим -
Бешикни қучиб
Айтган аллаларим эрк ҳақда эди.
Улғайган тупроғим қумсаганимда
Юрагинг кенг бўлсин, даштимдек дедим.
2
Йўлларнинг кўзини боғлаб чопди вақт,
Ҳануз дийдорига муштоқман, зорман.
Отамни қошига чорлаганда Ҳақ
Нигоҳинг юпатди, - "она, мен борман".
Бир армон юксалди,
Бир қабр ўсди,
Ажина шамоллар кўтарди уввос.
Унда баҳор эди -
Майнинг илк куни.
Қирда қизғалдоқлар очилган қийғос...
3
Сўнг қўшбешик бўлди,
Икковлон бўлдинг.
Сабр либосини янгилаб кийдим.
Бўғзимда шеърпараст қушларим ўлди,
Кулгингда рост сўзлар ифорин туйдим.
Қолгани шу ватан
Онадек мискин
Товонига тошлар турибди ботиб.
Айт, қачон сўзлайсан
У сўзни, болам?!
Қачон юборасан руҳни уйғотиб?!
@Madina_Norchayeva