Канал гуруҳида бир кузатувчи Қодирий ва Чўлпонлар асарларини инглиз тилида ёзишса, ҳозир жаҳон классикасига айланарди, деди. Менинг ҳам мазам йўқроқ, шунга қўполроқ жавоб бердим. Шу ердан узр сўраб қўяй.
Бошқа кузатувчилал эса ўз ўрнида бир асарнинг буюклигини ким белгилайди, деган савол беришди.
Аввало, буюк асар ва классик асар орасида фарқ бор. Бир асар ўз ҳолича буюк бўлиши мумкин, аммо унинг классиклашиши ўта жиддий сиёсий жараёнлар ортидан содир бўлади.
Масалан, Ойбек мен учун ўзбек романчилигининг энг ёрқин услубчиларидандир. Унинг романларидаги характери ривожи ва бу ривож асносида воқеа оқиши анча пишиқ. Бу пишиқликни, масалан Қодирий ё Чўлпонда кўрмаймиз. Ҳатто Қодирийда нарратив услубнинг бор ё йўқлиги ҳам катта муаммо. Хўп, бу ҳолатда Ойбекнинг "Қутлуғ Қон" ё "Олтин Водийдан Шабадалар" и классик бўладими? Йўқ. Чунки, услуб қанчалар мукаммал бўлмасин, Ойбекнинг романлари мафкуравий тарадан эскирган ҳисобланади. Уларни бугунги ҳолатда дарсликка ё умумий ўзбек адабиёти қомусига олиб кириш мумкин эмас.
Модомики нўноқ экан, ҳатто роман стандартларига жавоб бериши ҳам шубҳа остида бўлган "Ўткан Кунлар" нима учун классик? Чунки, остидаги ғоя, бошқача айтганда биз Қодирийга тақдим қилган коллектив хотирадаги архиетипал рол бу асарни классиклаштиради.
Қачондир "Рауф Парфи Туркистон ҳақидаги ғояларини айнан Советлар чўкиши асносида бермасайди, бугун қомусга кирмасди", дегандим. Шавкат Раҳмон каби миллий руҳни уйғотмоқчи бўлган шоирлар ҳақида ҳам шу фикрдаман. Шубҳасиз, булар буюк шоир, аммо бир вақтнинг ўзида мос вақтни тополган шоирлар.
Бир асарнинг классиклашуви мафкурага боғлиқ. Бунда, филология ҳам худди тарихчилари сингари сиёсий менликнинг бунёдкорига айланади. Натижада, дарсликни шоирлар эмас, шу филологлар тузишади, шундай эмасми?
Қомус ўзи нима? Тарихий жиҳатдан, Иккинчи Француз Инқилобидан сўнг дунёда глобал империялар аста қулаб, миллатчи давлатлар қад ростлай бошлади. Бу жараён йигирманчи аср бошига келганда ўз поёнига етди. Усмонийлар Туркияга айланди, Европада ўнлаб мустақил давлатлар яралди, Туркистонда Ўзбекистон каби Россия қўлидан чиққан инкубатор давлатлар тузилди. Энди бу этник давлатлар учун мафкуравий коллектив хотира керак эди. Айнан ўзбек адабиёти, рус адабиёти, француз адабиёти каби атамалар ўша даврда бўй кўрсатди. Бир миллий адабиётни яратиш учун бизга қомус керак бўлади. Қомусдаги ёзувчилар буюклиги эмас, балки жорий мафкура ва ҳукумат томонидан халқнинг шахсиятини яратишда асарлари қанчалик қўл келиши орқали танланади.
Этник давлатлар ўз қомусларини ярата туриб, ўтмишдаги мантиққа кўпам эътибор бераверишмайди. Ўзбек адабиёти деган нарса Навоий даврида йўқ бўлганига қарамай, масалан фақат лисоний яқинлик сабаб Навоий қомусбоши сифатида олинди. Ваҳоланки, этник эгалик остида баҳоласак, Лутфий ё Бобур, ҳатто Атоий ё Яссавийни ҳам бу мартабага қўйишимиз мумкин эди. Бироқ, бу албатта Навоийнинг буюклигини инкор қилмайди.
Ўзбек адабий қомуси доимий равишда муаммоли бўлиб келган. Бунга сабаб, уни ўзимиз тузмаганлигимизда. Ҳам, Мустақилликдан сўнг муайян мафкуранинг яратилолмагани, ҳатто бутун бошли насл мафкуравий фалажлик давридан ўтгани ҳам қомусимизни пала партиш қилиб ташлади. Бундай пайтларда Қодирий ва Чўлпон каби маълум бир оқим ичида, ғояси халққа осонгина тушунтирилиши мумкин бўлган ёзувчилар идол сифатида олинди.
Булар асарларини инглизчада ёзишса буюк бўлишармиди? Йўқ. Чунки, инглиззабон адабиётларнинг ҳам ўз тарихий ва мафкуравий қомус шакллантириш даврлари бор. Америкадаги классиклашув жараёнида Қодирийни кўролмасдик, чунки унинг асарларидаги миллий руҳ Американ классиклари, хусусан Эмерсон ва Торо, Ҳоуторн ва Подаги миллий руҳга умуман қовушмасди.
Мирзоҳид
@bobil_kutubxonasi