Дискурс 101


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


У ва бу ҳақда

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


Ха яна, яқинда урф одатларни келиб чиқиши бўйича бахс бўлганди танишлар билан. Айнан нимага овқатни оилада катта киши бошлаши кераклиги ҳақида гаплашгандик. Интервьюда шу саволга ҳам жавоб берилибди.


Яхши интервью бўлибди. Лекин охирги 15 минути шунчаки дахшат. Бирон мемуар ёки хужжатли фильмга сценарий ёзсалар бўларкан ўша 90-йиллар ҳақида.
Олдин ҳам ёзгандим шекилли, пул массасининг ЯИМга нисбати бўйича Ўзбекистон ҳали ҳам қарзга ботган, иқтисодий тизими буткул издан чиққан, қолоқ Африка давлатлари билан бир қаторда юради. Бу давлатлар чуқур монетар кризисдан сўнг пул массасини мисли кўрилмаган даражада қисқартиришган. Айтмоқчи бўлганим, гап фақат бу индикаторни ўзида эмас, шунча вақт ўтса ҳам ўша шокни чуқурлигини шу кўрсаткич орқали ҳали ҳам кўриш мумкин. Орадан 30 йил ўтиб ҳам, битта ўша қарор бадалини янги-янги авлодлар тўлаяпти. Монетар тизимга ишончсизлик ва юқори инфляция авлодлароша ўтиб келмоқда.


Ўтган йил шу каналда ҳар ойда камида битта тақриз улашиб бораман деб режа қилган эдим. Ҳозир твиттерда тақризлар улашишаётганини кўриб олдин ёзган ўша тақризларим эсимга тушиб қолди. Улардан бирини топиб реплайда қолдирмоқчи эдим твиттердаги реплайларда телеграфга берилган линклар кўринмас экан. Хуллас, ўша режани бир оймас, бир йил ўтиб амалга оширишни бошладим:)

https://telegra.ph/Think-like-a-freak-06-01


Эрталаб ишхонага келсам, ҳамма каттаконлар кириш эшигида тизилиб туришибти. Келган аёллар жонли коридордан ўтиб шахсан раҳбарлардан совға ва табрикларни қабул қилишяпти. Ичкарироқда фаррош опалар йиғилиб туришибти. Бошлиғи уларни орқасидан "раҳбарларни олдига чиқларинг, табриклашмоқчи" деб олдинга суряпти. Эрта тонгдан келишгани учун уларни биров кутиб олмаган. Ийманиб-ийманиб ким биринчи бўлиб чиқишини бир-бирига солишяпти. Шундай бўлсада, юзларида жуда бир беғубор хурсандчиликни сезиш қийин эмас. Орқа фонда "муқаддас аёл" янграяпти.

Умуман олганда юқоридаги ҳодиса жуда бир одатийдек. Шу даражада одатийки, бошқа бир-иккита параллель ҳодисаларни санамасам, бу ерда нима ғайритабиийликни сезишни имкони бўлмайди.

Масалан, классик мисол тўй-маракалар. Кимнингдир тўйига бориб келсангиз, тўйга бормаган одамнинг энг кўп берадиган саволлари қайси артистлар келгани, нима овқатлар ейилгани, қанақа кийим кийилгани ҳақида бўлади. Бу ғайритабиий саволлар одатий қабул қилинади. Мингинчи даражали масала эса табиийки тўйнинг асл-моҳияти – бахт. Келин-куёв ўз тўйида оч ўтириши ғайритабиий даражада одатий ҳол. Яна ҳам одатий ғайритабийликни сезиш учун бошқа мисоллар келтирсам. Ҳурмат белгиси ким биринчи овқатга қўл узатиши билан ўлчанади, ўқув масканларида билим кийиниш ва соч-соқол билан, яхши ишлаш ярим тунгача қолиш билан, сайловларни юқори даражада ўтказиш сайлов участкаларида болалар хонаси борлиги билан ўлчанади.

Жамият сурункали даражада асл моҳиятни игнор қилиб, юзаки шаклни приоритет деб ҳисоблайди. Буни юқорида санаганимдек энг кичик маиший масалалардан энг муҳим масалаларгача кўриш мумкин. Билмадим бу социологияда нима дейилади. Аёллар масаласига келсак, мен ишлайдиган жойда аёллар жами ходимларни ўн фоизини ҳам ташкил қилмайди, раҳбар аёллар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўша "муқаддас аёл" фонида совға тарқатаётганлар аёл кадрларни ишга олмаслик бўйича оғзаки топшириқ беради. Фаррошлар эса уларни хоналарини тозалаш учун қўрққанларидан оёқ кийимларини ечиб кирадилар.

Мен шундай жамиятга айланишимизни хоҳлардимки, шаклга эмас моҳиятга эътибор қаратсак, сайлов участкаларида болалар хонасини ташкил қилишни эмас, сайлов ташкил қилишни мақсад қилсак, 8-мартда тадбир уюштиришгамас, аёлларни эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлашга ҳаракат қилсак.


Ўзбекистонда иккита нарса муқаррар: ўлим ва (солиқлар) медиани тўлиқ ёпилиши. Иккаласи ҳам вақт масаласи.


"A prophet is not honoured in his own country"


Яхши тақриз ёзилибди. Акбарали ва ошпаз Зуннун образи ҳақида икки оғиз қўшимча қилмоқчиман. Иккала образни ҳам жахолат, лаёқатсизлик ва нодонлик бирлаштириб туради. Саводсиз Акбарали мингбошининг даври тугаб кейинчалик унинг ўрнига тайинланган ошпаз Зуннуннинг даври бошланиши менга "ўзбек давлатчилиги"даги селекция тимсолидек кўринади, "эски" ва "янги" даврга бўлиниш анъанасини эслатади. Исталган эпохани олсангиз, эски ва янги даврга ажратилганини кўриш мумкин, Оқпошшо даври ва ундан кейин, Сталин даври ва ундан кейин, 91 йилгача ва ундан кейинги давр, масалан. Бироқ, биз даврларни эски ва янги деб атаб, юзаки косметик ўзгаришлар билан пардозлаганимиз билан мохиятан давр ўзгармайди, шунчаки жохил ва нодон Акбаралининг даври эскириб, бошқа бир жохил ва нодон Зуннуннинг янги даври бошланади.


Жуда яхши подкаст бўлибди, 40-минутдан кейин.
Айрим нуқталари ҳақида қисқача ёзмоқчиман:

- Британияда аёллар сайлаш ҳуқуқини олиш учун юз йил курашганлар, бизда советлар даврининг илк йилларидаёқ аёлларга сайлаш ҳуқуқи берилган лекин сайловга бирорта ҳам аёл бормаган экан. Ҳозир бизда аёллардан сайлаш хуқуқи олиб қўйилса, улар бу ҳуқуқ учун курашадиларми йўқми, дейилган суҳбатда. Менимча, ҳатто эркакларданам сайлаш ҳуқуқи олиб қўйилса, улар ҳам бу ҳуқуқ учун курашмас эдилар. Сабаби, сайлаш ҳуқуқи учун курашиш учун аввало сайланиш ҳуқуқи мавжуд бўлиши ва умуман олганда ҳақиқий сайлов жараёни юзага келиши керак.

- Урушлар ва аҳолининг ўртача бўйи орасида боғлиқлик борлиги айтилибди. Бу ростан ҳам жуда қизиқ кузатув. Тарихан урушларга одатда энг салобатли эркаклар олиб кетилган ва натижада энг кўп энг бўйи узунлар ўлиб кетишган. Урушдан бўйи пастроқ эркаклар кўпроқ қолишган ва бўйи пастроқ авлодлар қолдиришган. Шу маънода, осиёликлар сон жиҳатдан нимага кўплиги ва ўртача олганда бўйи пастроқлигининг сабабларидан бири тарихан ички ва ташқи урушлар тинимсиз давом этганлиги бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда, табиийки, бўйи узунлар урушга кўпроқ борадилар ва кўпроқ ўлсалар, бошқа тарафдан, ота-оналар қариганда қайсидир фарзанди тирик қолиши эҳтимолини ошириш учун кўпроқ бола кўришга ҳаракат қилганлар.

- Тошкент 150 йил олдин қул савдоси бўйича хаб бўлган экан ва ҳар бир оилага камида битта қул тўғри келган экан. Бухорода қулчилик бор йўғи 100 йил олдин тугатилган экан.

- Ўтган аср бошларида ўртача оила қуриш ёши аеллар учун 15-19, эркаклар учун 30-40 ёш орасида бўлган экан. Буни эшитиб Чўлпоннинг ёзганлари кўз олдимга келди. Романда 19 ёшдан ошган қиз эридан ажрашмоқчи бўлганда, унинг эри "у қари кампирни ким ҳам оларди", дейди. Бошқа бир жойида эса бир эркак "Қирққа яқинлашиб қолдим, уйланишим керак", дейди. Хуллас қизиқ, хулосалар чиқариш мумкин.


Уфф. Ўзини асосий вазифаси - таълим беришни уддалай олмаётган халқ таълими тизимига энди ўқувчиларни овқатлантириш топширилмоқда. Халқ таълими тизимининг сифатига қараб овқатлантириш сифати қандай бўлиши ҳақида тасаввур қилиш қийинмас.


Энергетика вазирлиги ташкил этилганлигига деярли тўрт йил бўлди. Аҳвол олдингидан ёмонлашган бўлса бордирку, лекин асло яхшиланмади. Ҳозир масалан Украинада ҳам бизникига ўхшаш вазият юз бермоқда. Фарқи улардаги энергоинқироз уруш туфайли юзага келди, биз эса энергоинқирозни ўз қўлларимиз билан яратяпмиз, бизга душман ҳам шарт эмас. Бу қандайдир давлат органини ташкил қилиш муаммони ечиш уёқда турсин, уни баттар мураккаблаштириши мумкинлигини навбатдаги марта кўрсатмоқда. Ҳудди шундай бошқа кўплаб вазирликларни ҳам ривожланишга таъсири энг яхши ҳолатда нолга тенг. Масалан, иқтисодиёт вазирлиги ёки иқтисодиётни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари бор бўлса ҳам, йўқ бўлса ҳам иқтисодиёт ўз маромида ривожланишда давом этаверади. Ёки айтайлик, инвестиция ва экспорт вазирлигининг устига нимадир тушиб йўқ бўлиб қолса ҳам экспорт ва инвестициялар тўхтаб қолмайди, балки катта эҳтимол билан олдингига нисбатан тезроқ ўсади. Бунинг устига давлат ҳажминмнг йириклашиб бориши, бошқарувнинг жуда ҳам вертикаллашиб кетганлиги ва микроменеджмент мавжуд муаммоларни ниҳоятда чигаллаштириб юбормоқда. Бу бир тарафдан тушунарли. Одамлар ҳам, бошқарувчилар ҳам давлатнинг тўғридан-тўғри иштирокисиз муаммони ҳал қилиб бўлмайди деб ўйлашади, давлатга халқнинг отасидек қарашади, афсуски.


"Тадбиркорни айблаш хато, бу қонунлар ишлмаслиги ва кучли сиёсий институтлар мавжуд эмаслигининг оқибати. Биз оқибат билан курашишни ўрнига сабаб ҳақида фикр юритишимиз керак", деган абсурд гапларга негадир кўзим тушмади бу сафар.

Ҳа, қонун устувор жамиятларда бундай муаммоларнинг юзага келиш эҳтимоли кам, юзага келганда ҳам масала жамият фойдасига ижобий ҳал қилинади, қанақадир ҳокимнинг оғзаки ёки ёзма буйруғи шартмас. Бизникига ўхшаш қонун ишламайдиган жамиятларда "келинглар қонунни устувор қилиш ҳақида мулохаза юритайлик", деб ижтимоий тармоқларда тарғибот қилишдан кўра, борини қабул қилиб, бундай инсофсиз тадбиркорларга қарши курашиш чексиз марта фойдалироқ. #Сиёсийинститутларкерак деган хештег уйингизни олдидаги болалар майдончасини ва дарахтларни бульдозер ва бетон бинодан сақлаб қололмайди. Шундай экан, бундай инсофсиз одамларга қарши курашишнинг ягона йўли кескин оммавий танқид қилиш, токи бошқа шундай инсофсизлар бундай ҳаракатларга жамият тоқат қилмаслигини тушуниб етсин. Қонунсиз жамиятларда ягона нажот – инсоф.

Ҳокимга келсак, сувдан қуруқ чиқиш маҳоратига яна бир бор қойил қолмасдан илож йўқ.


Тесей афсонаси ҳақида ўқиётиб, Тесейнинг елканини алиштириш ёдидан кўтарилган кемаси ҳақидаги Плутарх томонидан ўйлаб топилган парадоксга кўзим тушиб қолди. Парадокс қуйидагича:

Тесей Крит оролига қурбонликка юборилган афиналик ўсмирларини қутқариб олиб келган кемани асрлар давомида маҳаллий аҳоли сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Бунда, улар кемани чириган ёғочларини янги ва мустаҳкам ёғочга доимий алмаштириб туришади. Асрлар ўтгандан сўнг кеманинг барча эскирган қисмлари ўрнида Тесей даврига тегишли бўлмаган қисмлар хосил бўлади. Хўш, бу кема энди Тесейнинг кемасими ёки бошқа кемами?

Парадокс кейинчалик бир мунча мураккаблаштирилган ҳам. Ўша Тесейнинг кемасидан олиб ташланган чириган ёғоч қисмларни кимдир йиғиб, ҳудди Тесейнинг кемаси кўринишидаги кемани ясаса, қайси кема Тесейнинг кемаси, Тесей сузган кемадаги эски ёғочлардан ясалган кемами ёки янги ёғочлар билан алмаштирилган кемами?

Табиийки, бу парадокснинг оригинал вариантига ҳам, мураккаблаштирилган вариантига ҳам тўғри жавоб йўқ. Жавоб ҳар бир инсоннинг ўз фалсафий қарашига боғлиқ. Тесей кемасини бу ерда этика ва шахсият каби масалалардан тортиб маданият ва сиёсат масалаларигача қўллаш мумкин. Масалан, бир инсоннинг дунё қараши йиллар давомида диаметрал равишда ўзгарса бу инсон ҳалиям ўша аввалги инсонми, ёки бошқа инсонми?


Халқаро аренадаги қандайдир ютуқ учун спортчиларга давлат ҳисобидан пул бериш менимча нотўғри, хоҳ у боксчи, футболчи ёки шахматчи бўлсин. Бу спортчиларнинг мен учун ягона фарқи мувоффақиятга эришиш учун бошқа-бошқа тана органларидан фойдаланишларида.

Кимдир айтиши мумкин, шахмат каби фақат ақл ишлатиладиган спортда муваффақият қозонганларга давлат пул бериши керак, бокс каби жисмоний компентенция талаб қиладиган спорт учун пул бермаган маъқул деб. Бу энг кўп тарқалган аргументлардан бири. Улардан нимага давлат шахматчиларга мукофот бериши керак деб сўралса, шахматчилар Ўзбекистонни бутун дунёга танитди, ёки ақл талаб қиладиган спорт билан шуғулланишга оммада мотивация уйғотиш учун давлат пул бериши керак дейишлари мумкин. Лекин, боксда ҳам шундай, улар ҳам Ўзбекистонни дунёга танитди, ёшларга мотивация берди дейиш мумкин. Ундан ташқари, одамлар кўпроқ шахмат билан шуғулланишлари жисмоний спорт билан шуғулланишдан кўра яхшироқлиги жуда субъектив фикр. Чунки бу фикр — ақлий спорт билан кўпроқ шуғулланадиган жамиятлар жисмоний спорт билан кўпроқ шуғулланадиган жамиятлардан яхшироқ деган аргументга тенг. Бу эса тасдиқланмаган, ва тасдиқлаш жуда қийин бўлган аргумент. Агар бир гуруҳ инсонлар чин дилдан шахматчиларга пул беришни хоҳласалар ва одамларни шахматга қизиқтиришни ният қилган бўлсалар, биргаликда йиғилиб шахмат фондлари ёки ассоциацияларини ташкил қилиб, ўз маблағлари ҳисобидан ҳомийлик қилишлари энг мақбул ечим бўларди. Мен ўйлайманки, ҳозир шахматчиларга пул беришни йўқлаб чиқаётганларга ўзлари тўлаган солиқлари қайтариб берилса ва бу маблағларни ихтиёрий равишда шаҳматда ютган спортчиларга "EQUINOX" ва 600 млн. сўм совға қилишга йўналтиришлари сўралса, бу одамларнинг ўндан бири ҳам ўз маблағлари ҳисобидан ҳомийлик қилишларига шубҳам бор.

Энди асосий аргументларга ўтаман. Биринчиси, шахмат ёки бошқа ҳар қандай спорт турида ғалаба қозонганлик учун бюждет ҳисобидан пул ажратилишининг фалсафаси бу инсонларни мувоффақият учун рағбатлантириш ва бошқаларни ҳам шундай мувоффақиятга эришиш учун мотивация бериш. Қисқа қилиб айтганда, шахсий мувоффақиятларни субсидиялаш. Агар мувоффақиятларни субсидиялаш биз учун муҳим бўлса, нима учун айтайлик бир беморнинг ҳаётини сақлаб қолинишига сабаб бўлган жаррохга ҳам шахматчилар каби субсидия бермаймиз. Ахир бундай мувоффақиятли жаррохлик амалиёти нафақат докторнинг шахсий мувоффақияти, балки айни вақтда ижтимоий фаровонликни оширишга ҳисса қўшадиган воқеа ҳамдир. Хўш нега жаррохга "EQUINOX" ва 600 млн. сўм берилмайди десангиз, сабаби у доктор ва беморларни ҳаётини сақлаб қолиш бу унинг касбий вазифаси, ҳудди шахматчининг касбий вазифаси шахмат ўйнаш ва ютиш каби.
Иккинчидан, ҳар бир нарсанинг муқобил нархи бор. Масалан, шу шахматчиларга ажратилган маблағлар эвазига бир неча минг ўқувчи учун мактаблар қуриш, чекка қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш ёки қайсидир шифохонага замонавий диагноз ускуналарини ўрнатиш мумкин эди.


Репост из: ECON101
Россиядан пул ўтказмалари мавзусига нуқта.

Юқоридаги постда Ўзбекистонга келган россияликлар сонининг ўсгани, рубль долларга нисбатан мустаҳкамлангани ва юқори инфляция натижасида мигрантларнинг номинал иш ҳақилари кўпайгани Россиядан пул ўтказмаларининг кескин ортишида асосий омиллар деб қайд этгандим. Бунга марказий банкирлар эътирозлар билдиришмоқда. Уларга кўра, юқорида саналганлар фундаментал макроиқтисодий омиллар бўлиб, улардан ташқари, иқтисодий рағбатлар билан боғлиқ омиллар ҳам пул ўтказмаларининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.

Бундай омиллардан биринчиси, Россияда нақд ва нақдсиз доллар ўртасида 10 фоиз атрофида фарқ шаклланганлиги билан боғлиқ. Бундай фарқнинг мавжудлиги, гарчи Ўзбекистонда спекуляцияни юзага келтирадиган даражадаги омил бўлмасада, мигрантлар томонидан нақдсиз доллар юборишга асосий стимул бўляпти экан. Санкциялардан олдин бундай фарқ бўлмаган. Ўша даврда, мигрантлар Ўзбекистонга қайтаётган танишлари орқали нақд доллар бериб юборишни афзал кўришган чунки банклар орқали юборилган ўтказмалардан нақд ёки нақдсиз бўлишидан қатъи назар транзакция учун комиссия ундирилган. Натижада пул жўнатмалари банк орқали амалга оширилимаган ва расмий статистикага киритилмаган. Бугунги кунда эса нақд юборишдан кўра нақдсиз доллар юбориш арзонроқ тушмоқда. Шу сабабли, мигрантлар энди бу пулларни банклар орқали юборишмоқда ва бу ўз навбатида статистикада намоён бўлмоқда.
Иккинчидан, санкциялардан олдинги даврда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан жўнатилган яширин экспорт товарлари учун ҳам ҳисоб-китоблар нақд долларда амалга оширилган ва бу ҳеч қайси статистикада кўринмаган. Бугунги кунда, Россиядан нақдсиз доллар юбориш арзонлиги сабабли, хуфиёна сектордаги россиялик импортёрлар ҳам тўловларни жисмоний шахслар номига банклар орқали юборишмоқда, дейишяпти.

Ўтган ой давомида долларга талабнинг кўпайгани асосан йирик корхоналар ярим йиллик якуни бўйича ташқи қарзларини сўндириш учун валюта сотиб олганлари ва ҳаж мавсуми бошлангани сабабли нақд валютага талаб ортгани билан боғлиқ бўлган.
Шунингдек, нақд долларга бўлган талабни қондириш мақсадида, юқоридаги постда қайд этганимдек, ҳеч қандай муаммоларсиз, хорижий банклардан нақд валюта келтириш бўйича авиарейслар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда нақд валюта етарли даражада таъминланган ва валюта бозори барқарор сақланмоқда экан.


The Wall Street Journal яримта ошни пулига бир ойлик обуна таклиф қиляпти экан.

P.S: VPNсиз кириш керак.


Дунёдаги энг қудратли мамлакатларни қудратли қиладиган жиҳат – уларда дунёдаги энг аҳмоқона ғояларга нисбатан иммунитет мавжудлиги. Энг аҳмоқона ғоялар оддий одамдан чиқадими, ёки мамлакатнинг биринчи рақамли кишисиданми, бунинг аҳамияти йўқ: иммунитет бирдек ишлашда давом этади.


Китоб ўқиш ҳақида

Китоб ўқиш (яъни - тўғри китобларни тўғри ўқиш) умуман олганда фикрлашни ўрганиш учун энг кўп тарқалган ва энг осон йўллардан бири. Фикрлашни ўрганишнинг бошқа йўли бу фикрлашнинг ўзи. Бироқ, бу йўл биринчисига қараганда анча мушкул. Масалан, Лондон иқтисодиёт мактабининг асосчиларидан бири "одамларнинг 2 фоизи фикрлайдилар, 3 фоизи фикрлайман деб ўйлайдилар ва қолган 95 фоизи фикрлашдан кўра ўлимни афзал кўрадилар" деганди. Шу сабабли, шунчаки ўқишга эмас, балки фикрлашга ундайдиган китобларни яхши китоблар деса бўлади. Балки шунинг учундир, шахсий ривожланиш, лидерлик, мувоффақиятга эришиш ва умуман олганда қандай яшаса ҳаммаси зўр бўлиб кетиши ҳақидаги китобларни ҳеч қачон ўқий олмасам керак.

Карго-культ ҳақида

Карго-культ ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Шундай бўлсада, бу ҳақида биринчи марта ўқиётганлар учун қисқача маълумот бериб ўтмоқчиман. Иккинчи жаҳон урушида цивилизациядан узилиб қолган оролга аскарлар вақтинчалик ўрнашишади. Оролнинг маҳаллий аҳолиси умриларида илк марта ташқи дунёдан келган одамларни кўришади. Бу даврда аскарларга самолётларда катта ҳажмда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маиший анжомлар етказиб бериб (карго қилиб) турилади. Аскарлар каргода келган маҳсулотларни маҳаллий аҳоли билан баҳам кўришади. Урушдан сўнг аскарлар қайтиб кетадилар. Орол аҳолиси эса ўша аскарлардек ўзларини тутишга ҳаракат қила бошлайдилар. Улар ҳам аскарларга ўхшаб қадам ташлаб, марш қилишади ва ёғоч милтиқларни кўтариб юришади. Бундан ташқари, бамбук ва сомондан самолётни, аэропортни ва радиосигнал воситаларини эслатадиган қурилмалар ясашади. Улар агар ўзларини аскарлардек тутсалар ва ҳарбийларга ҳос анжомларга эга бўлсалар озиқ-овқат ва кийим-кечакка тўла карголар яна қайтади деб ўйлашади ва шу сабабли аскарларга имитация қилишади.

Китоб ўқиш ва карго-культ ҳақида

Юқорида тасвирланган карго-культ ҳодисаси инсонларнинг табиатини ёрқин очиб берган. Орол аҳолиси аскарлардек ўзларини тутишлари карго келишининг сабаби деб ўйлаганлар. Аксарият инсонларнинг фикрлашларида ҳам хоҳ у цивилизациядан узилиб қолган оролда бўлсин, хоҳ фан доктори бўлсин мана шундай карго-культ ҳодисасини кузатишимиз мумкин. Содда қилиб айтганда, агар бироз ўткирроқ нигоҳ билан атрофингизга назар ташласангиз сабаблар ва оқибатларни нотўғри талқин қилиш қанчалик кенг тарқалганини кўрасиз. Масалан, тадбиркорларнинг аксарияти кредит эвазига бизнес бошлайдилар. Шу сабабли, одамларга кўпроқ кредит берилса, улар тадбиркор бўлиб қоладилар деган мантиқ асосида имтиёзли кредитлар ажратиш ҳам қандайдир маънода карго-культ. Ёки конституцияда бир-бирини тийиб турувчи демократик институтларни қоғоз билан белгилаб қўйиш ва ривожланган давлатга айланиб қолишни кутиш ҳам карго-культ.

Китоб ўқиш ҳам афсуски бундан мустасно эмас. Кўпчиликнинг тасаввурида зиёли одам бу кўп китоб ўқиган ва теран фикрлайдиган одам. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам зиёли одам одатда кўп китоб ўқийди. Лекин китоб ўқиш ўз-ўзидан инсонни зиёли қилиб қўймайди. Яъни, зиёли одамнинг кўп китоб ўқиши, кўп китоб ўқиган одамнинг зиёли бўлишини англатмайди. Масалан, мен Хайек ўқиган барча китобларни ўқиб чиқсам ҳам Хайек бўла олмайман. Хайек ўқиган китобларни шунчаки ўқиб чиқиб, Хайек бўлишни кутиш бу сомондан аэропорт ясаб карго келишини кутишдек гап. Шу сабабли, бу ерда китоб ўқишдан мақсад бу китоб ўқиш эмас, балки фикрлашни ўрганиш бўлиши керак. Хуллас, ўқиган китобларингизни рўйхатини қилиб, сонини санаб юрсангизу, лекин фирклашни билмасангиз сиз учун ёмон янгилик бор: карго келмайди.


Тўғриси, шунақа нарсаларни ўқисам жуда бир ёмон ҳис қиламан ўзимни. Қандайдир ғазаб аралаш ёқимсиз ҳис. Давлатдан ваколатли орган ташкил қилишни сўраш билан муаммо ёмонлашса ёмонлашадики, ҳал бўлмайди ахир. Масалан, оила, маҳалла, хотин-қизлар, таълим, тиббиёт, коммунал хизматлар бўйича ўнлаб ваколатли органлар бор. Шунга қарамасдан, бизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳақиқатда бепул ва сифатли тиббиётни ёки таълим бўйича учта вазирлик илмли авлодни тақдим қила оляптими ўзи? Хотин-қизлар эркаклар билан амалда тенг ҳуқуққа эриша олдими ваколатли орган ёрдамида? Ёки маҳалла ва оилаларга масъул вазирлик очилгандан сўнг маҳаллада ва оилаларда ҳамма фаравон ва бахтли ҳаёт кечиряптими? Ёки коммунал хизматлар вазирлиги ушбу хизматларни аҳолига узлуксиз етказиб бера оляптими? Йўқ. Ва бундай бўлмайди ҳам. Наҳотки давлат томонидан таъсис этиладиган ваколатли орган муаммоларни ҳеч қачон ечмаслигини тушиниш "инновацион" ғоялар амбассадорлари учун шу даражада қийин бўлса?


Кўп соҳаларда соҳанинг қадриятларини ифодаловчи ўз рамзий ғоялари бўлади ва соҳа вакиллари орасида бундай ғояларга қандайдир маънода культ даражасида қаралади. Баъзи одамлар эса кенг оммага интеллектуал жозибадор кўринишга жўшқин иштиёқлари туфайли шундай рамзий ғояларни рад этишга ҳаракат қиладилар. Бундай популситик юришларни олқишлайдиган омма учун эса маълум соҳадаги рамзларга қилинган авангард хужумлар довюрак ва ноанъанавий кўринади.

Бу фикрларни Пол Кругман эркин савдони қоралайдиганларга жавоб тариқасида ёзган эди. Иқтисодчилар учун эркин савдо ғоясидан ташқари субсидиялашнинг самарасизлиги ҳам қандайдир маънода мана шундай рамзий аҳамиятга эга. Мана бу мақолани ҳам Кругман тасвирлаган ҳолатга ўхшатдим.

Бошқа тарафдан эса балки бу ўхшатиш ноўриндир. Абдулла ака анча йиллар олдин чиновникликдан кетганига қарамасдан, типик чиновникча фикрлаш балки улардан шунчаки кетмагандир.


Болалигимда футбол кўришни жуда яхши кўрардим. Терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатлари ўйинларидаги энг қизғин лаҳзаларни ва статистикаларни қайд этиб борадиган алоҳида дафтарчаларим ҳам бўларди. Ўйинлардаги энг драматик лаҳза эса мен учун пенальтилар серияси эди. Ҳозир ҳам шундай, пенальтилар сериясини томоша қилиш ёқади.

Масалан, кеча Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалри ўртасида ўйинни тўлиқ кўрмаган бўлсамда, пенальтиларни томоша қилдим. Пенальтилар ҳатто футбол мухлиси бўлмаган одамларга ҳам ёқади. Бунинг сабабларидан бири балки пенальтилар азарт ҳисини берадиган лотерея каби таваккалчиликка асосланган ўйинларга ўхшашлиги учун ҳам бўлиши мумкин. Мен эса пенальтиларни ёқтиришимнинг асосий сабаби фақатгина азарт ёки аввалгидек жўшқин футбол муҳлиси бўлганим учун эмас, балки пенальтиларни ўйинлар назарияси призмасидан томоша қилиш кўпроқ қизиқлиги учун бўлса керак. Ўйинлар назариясидаги машҳур классик намуна “маҳбуслар дилеммаси(prisoner’s dilemma) ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Пенальтиларнинг қизиқ тарафи эса улар айнан ўйинлар назариясидаги икки маҳбус (дарвозабон ва зарба берувчи) ўйинига жуда ҳам мос келиши. Пенальтилар ҳам шу сабабли ноль йиғиндили ўйин: кимдир ютса, кимдир албатта ютқазади.

Статистикага кўра гранд жамоалар ўйинларида 70 фоиздан кўпроқ пенальтилар гол билан якунланади. Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги ўйинда эса 64 фоиз пенальтилар гол билан якунланди. Ўнг оёқлилар учун чап бурчакка зарба бериш осонроқлиги сабабли, чап бурчакка берилган зарбаларнинг гол бўлиш эҳтимоли ўнг бурчакка берилган зарбаларга нисбатан юқорироқ. Бу ўйинда ҳам голларнинг 57 фоизи чап бурчакка йўналтирилган. 98 фоиз ҳолатда эса дарвозабонлар ўнг ёки чапга ташланадилар, фақатгина 2 фоиз ҳолатда марказда қоладилар. Бу ўйинда ҳам 100 фоиз ҳолатда дарвозабонлар ўнга ёки чапга ташландилар, марказда ҳеч қачон қолмадилар. Натижда бир марта марказга йўлланган зарба голга айланди. Умуман олганда эса марказга тўғри зарба берилганда гол бўлиш эҳтимоли 98 фоиз бўлишига қарамай барча пенальтиларнинг 17 фоизидагина марказга зарба йўлланаркан. Агар фақатгина ўнг ва чапга берилган зарбалар статистикасини кўрсак уларнинг 50 фоизида дарвозабонлар тўп йўналишини тўғри топгар эканлар. Бироқ, ўнг ва чапга берилган зарбаларга марказга берилган зарбалар статистикаси ҳам қўшилса дарвозабонлар фақатгина 42 фоиз ҳолатда тўп йўналишини тўғри топар эканлар. Ўйинлар назарияси бўйича энг оптимал стратегия бу ҳолатда тепувчи учун марказга зарба бериш бўлади. Шунга қарамасдан нега футбочилар 17 фоиз ҳолатдагина марказга зарба берадилар?

Зарба берувчи учун бир сабаби, дарвозабон марказда турганда унга қаратиб тепиш ноинтуитив ва соғлом ақлга зид кўринади, гарчи марказга зарба йўлланганда гол бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлсада. Лекин асосий сабаб инсонларнинг чуқурроқ психолигияси билан боғлиқ. Айтайлик, агар зарба бераётган футболчининг зарбаси қайтарилса, у учун шунчаки марказга тепиб қўйилган ва қайтарилган зарба, бурчакка йўлланган ва қайтарилган зарбадан шармандалироқ кўринади. Натижада муҳлислар ва жамоадошлар олдида бу футболчига нисбатан босим баландроқ бўлади. Дарвозабон учун ҳам шундай мантиқ ишлайди. Тўп бурчакка йўналтирилганда дарвозабон учун марказда қолиб голни томоша қилиш шармандалироқ. Ундан кўра, дарвозабон ўнг ёки чап бурчакка ташланади.

Ундан ташқари, пенальтиларнинг аксарияти гол билан якунланишида техника, тажриба ва шунчаки дарвозанинг катталигидан ташқари оммавий босимнинг дарвозабондан кўра зарба берувчига нисбатан анча юқорилиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли, дарвозабон бешта имкониятда бирорта зарбани қайтара олмаса ҳам ўнга ёки чапга ташланиб туриши нормал ҳолат. Зарба берувчида эса аксинча, берилган битта имкониятдан фойдалана олмасликнинг “нархи” анча баланд. Хуллас, пенальтилар сериясида зарба берувчида гол уриш учун рағбатлар дарвозабондаги тўпни қайтариш учун рағбатларга нисбатан анча юқорироқлиги сабабли ҳам кўпинча пенальтилар голга айланади.

Показано 20 последних публикаций.

28

подписчиков
Статистика канала