Энергетика вазирлиги ташкил этилганлигига деярли тўрт йил бўлди. Аҳвол олдингидан ёмонлашган бўлса бордирку, лекин асло яхшиланмади. Ҳозир масалан Украинада ҳам бизникига ўхшаш вазият юз бермоқда. Фарқи улардаги энергоинқироз уруш туфайли юзага келди, биз эса энергоинқирозни ўз қўлларимиз билан яратяпмиз, бизга душман ҳам шарт эмас. Бу қандайдир давлат органини ташкил қилиш муаммони ечиш уёқда турсин, уни баттар мураккаблаштириши мумкинлигини навбатдаги марта кўрсатмоқда. Ҳудди шундай бошқа кўплаб вазирликларни ҳам ривожланишга таъсири энг яхши ҳолатда нолга тенг. Масалан, иқтисодиёт вазирлиги ёки иқтисодиётни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари бор бўлса ҳам, йўқ бўлса ҳам иқтисодиёт ўз маромида ривожланишда давом этаверади. Ёки айтайлик, инвестиция ва экспорт вазирлигининг устига нимадир тушиб йўқ бўлиб қолса ҳам экспорт ва инвестициялар тўхтаб қолмайди, балки катта эҳтимол билан олдингига нисбатан тезроқ ўсади. Бунинг устига давлат ҳажминмнг йириклашиб бориши, бошқарувнинг жуда ҳам вертикаллашиб кетганлиги ва микроменеджмент мавжуд муаммоларни ниҳоятда чигаллаштириб юбормоқда. Бу бир тарафдан тушунарли. Одамлар ҳам, бошқарувчилар ҳам давлатнинг тўғридан-тўғри иштирокисиз муаммони ҳал қилиб бўлмайди деб ўйлашади, давлатга халқнинг отасидек қарашади, афсуски.