Болалигимда футбол кўришни жуда яхши кўрардим. Терма жамоалар ўртасидаги Жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатлари ўйинларидаги энг қизғин лаҳзаларни ва статистикаларни қайд этиб борадиган алоҳида дафтарчаларим ҳам бўларди. Ўйинлардаги энг драматик лаҳза эса мен учун пенальтилар серияси эди. Ҳозир ҳам шундай, пенальтилар сериясини томоша қилиш ёқади.
Масалан, кеча Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалри ўртасида ўйинни тўлиқ кўрмаган бўлсамда,
пенальтиларни томоша қилдим. Пенальтилар ҳатто футбол мухлиси бўлмаган одамларга ҳам ёқади. Бунинг сабабларидан бири балки пенальтилар азарт ҳисини берадиган лотерея каби таваккалчиликка асосланган ўйинларга ўхшашлиги учун ҳам бўлиши мумкин. Мен эса пенальтиларни ёқтиришимнинг асосий сабаби фақатгина азарт ёки аввалгидек жўшқин футбол муҳлиси бўлганим учун эмас, балки пенальтиларни ўйинлар назарияси призмасидан томоша қилиш кўпроқ қизиқлиги учун бўлса керак. Ўйинлар назариясидаги машҳур классик намуна “
маҳбуслар дилеммаси”
(prisoner’s dilemma) ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Пенальтиларнинг қизиқ тарафи эса улар айнан ўйинлар назариясидаги икки маҳбус (дарвозабон ва зарба берувчи) ўйинига жуда ҳам мос келиши. Пенальтилар ҳам шу сабабли ноль йиғиндили ўйин: кимдир ютса, кимдир албатта ютқазади.
Статистикага кўра гранд жамоалар ўйинларида 70 фоиздан кўпроқ пенальтилар гол билан якунланади. Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги ўйинда эса 64 фоиз пенальтилар гол билан якунланди. Ўнг оёқлилар учун чап бурчакка зарба бериш осонроқлиги сабабли, чап бурчакка берилган зарбаларнинг гол бўлиш эҳтимоли ўнг бурчакка берилган зарбаларга нисбатан юқорироқ. Бу ўйинда ҳам голларнинг 57 фоизи чап бурчакка йўналтирилган. 98 фоиз ҳолатда эса дарвозабонлар ўнг ёки чапга ташланадилар, фақатгина 2 фоиз ҳолатда марказда қоладилар. Бу ўйинда ҳам 100 фоиз ҳолатда дарвозабонлар ўнга ёки чапга ташландилар, марказда ҳеч қачон қолмадилар. Натижда бир марта марказга йўлланган зарба голга айланди. Умуман олганда эса марказга тўғри зарба берилганда гол бўлиш эҳтимоли 98 фоиз бўлишига қарамай барча пенальтиларнинг 17 фоизидагина марказга зарба йўлланаркан. Агар фақатгина ўнг ва чапга берилган зарбалар статистикасини кўрсак уларнинг 50 фоизида дарвозабонлар тўп йўналишини тўғри топгар эканлар. Бироқ, ўнг ва чапга берилган зарбаларга марказга берилган зарбалар статистикаси ҳам қўшилса дарвозабонлар фақатгина 42 фоиз ҳолатда тўп йўналишини тўғри топар эканлар. Ўйинлар назарияси бўйича энг оптимал стратегия бу ҳолатда тепувчи учун марказга зарба бериш бўлади. Шунга қарамасдан нега футбочилар 17 фоиз ҳолатдагина марказга зарба берадилар?
Зарба берувчи учун бир сабаби, дарвозабон марказда турганда унга қаратиб тепиш ноинтуитив ва соғлом ақлга зид кўринади, гарчи марказга зарба йўлланганда гол бўлиш эҳтимоли жуда юқори бўлсада. Лекин асосий сабаб инсонларнинг чуқурроқ психолигияси билан боғлиқ. Айтайлик, агар зарба бераётган футболчининг зарбаси қайтарилса, у учун шунчаки марказга тепиб қўйилган ва қайтарилган зарба, бурчакка йўлланган ва қайтарилган зарбадан шармандалироқ кўринади. Натижада муҳлислар ва жамоадошлар олдида бу футболчига нисбатан босим баландроқ бўлади. Дарвозабон учун ҳам шундай мантиқ ишлайди. Тўп бурчакка йўналтирилганда дарвозабон учун марказда қолиб голни томоша қилиш шармандалироқ. Ундан кўра, дарвозабон ўнг ёки чап бурчакка ташланади.
Ундан ташқари, пенальтиларнинг аксарияти гол билан якунланишида техника, тажриба ва шунчаки дарвозанинг катталигидан ташқари оммавий босимнинг дарвозабондан кўра зарба берувчига нисбатан анча юқорилиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли, дарвозабон бешта имкониятда бирорта зарбани қайтара олмаса ҳам ўнга ёки чапга ташланиб туриши нормал ҳолат. Зарба берувчида эса аксинча, берилган битта имкониятдан фойдалана олмасликнинг “нархи” анча баланд. Хуллас, пенальтилар сериясида зарба берувчида гол уриш учун рағбатлар дарвозабондаги тўпни қайтариш учун рағбатларга нисбатан анча юқорироқлиги сабабли ҳам кўпинча пенальтилар голга айланади.