Фитна шундай қўзғалади
Ҳа, чиндан ҳам фитна шундай қўзғалади. Сиз нима демоқчи бўлганимизни тушундингиз, албатта. "Фалон аллома фақат бизга тегишли, пистон давлатчилик марказида бизнинг этнос туради, минтақамизнинг тарихий меросига кўпроқ биз муносиброқмиз..." ва шунга ўхшаш этноайирмачиликка қурилган миллий мафкуралар минтақамиз – Туркистон халқларини бир-бирига ёвлаштиришга қаратилган яхшигина маданий-сиёсий фитнадан бошқа нарса эмас.
Бизнинг қўлимизга тутқазилган тарих шу концепция устига қурилган эди: бу халқлар бирлашмасин, бирикиб бир мушт бўлмасин. Яъни закий домла Макиавеллининг "бўлиб ташла ва бошқар" қоидасига асосланганди.
Хуллас, ота-бобоси минг йиллардан буён аралашиб яшаб келган, ҳеч қачон бир-бирига сен тожик, сен қозоқ, сен эса ўзбексан, дея айирмачилик қилмаган халқлар юз йилликдан бу ёғига шаклланган модерн давлатчилик – янги миллий республикалар пайдо бўлгач, бирдан ҳар бири алоҳида-алоҳида сиёсий миллатга айланди ва уларга чегаралар ҳамда шу билан бирга ўтмиш хотиралари, аждодлар мероси ва шахси "бўлиб" берилди.
Қизиқ, бугун қозоқлар Фаробийни, Яссавийни, тожиклар деярли барча классикларни, биз ўзбеклар Берунийдан тортиб, Шайбонийхонгача бўлган тарихий аждодларни бизга тегишли, деймиз. Бу, бориб турган айирмачилик.
Негаки, бу тарихий шахслар яшаган даврда биз бугун мансуб бўлган сиёсий миллатлар ҳам, ётиб олиб ҳимоя қилаётган неомиллатчиликка қурилган мафкуралар ҳам бўлмаган. Бу тушунмовчилик ва кўнгилхираликларга сабаб бўлувчи тортишувларнинг биргина сабаби бундан юз йиллар олдин бизнинг устимиздан қабул қилинган қарорларда.
Шунинг учун давлатларимиз минтақанинг умуммафкуравий концепцияси устида ишлашлари керак бўлади. Зотан, айни масала моҳият эътиборига кўра, минтақамиздаги энг тектоник кўриладиган чегара, сув муаммоларидан ўткирлиги жиҳатидан асло кам эмас.
Биламизки, барча беш республикада Фанлар Академиялари бор ва у ерларда тарих институтлари ишлаб турибди. Энди шу тарихчиларимиз, зиёлиларимиз каллани бир жойга қўйиб, минтақа халқларининг умумтарихи бўйича иш олиб боришлари керак бўлади. Қолаверса, бизда Марказий Осиё институти фаолият юритаётир. Бу даргоҳ ҳам ишлаши керак. У бизники, бу бизники, деб тортишиб юраверсак, бирлашиш ҳам, интеграция деган орзулар ҳам хавоий гап бўлиб қолади.
Истак шундайки, давлатларимиз минтақанинг умуммафкурасини ишлаб чиқишга киришиши бугун айни муддао. Миллий жамиятлар тафаккурида бугунги ўзлари мансуб ватандошлик туйғулари билан биргаликда ва унга параллел равишда "биз туркистонликлармиз, бизнинг ўтмишимиз ҳам келажагимиз ҳам бир" деган чуқур ғояни шакллантириш керак бўлади.
Агар шу ғоя қисман бўлса-да шаклланса, сув, чегара каби муаммолар ечимини топиш хийла осон ҳам бўлади. Хуллас, жуда кўп такрорлаганимиздек, биз бирлашишимиз, бир мушт бўлишимиз керак!
P/S: Билишимизча, сентябрь ойи ўрталарида Тожикистонда минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви бўлади. Эҳтимол шу йиғинда раҳбарларимиз айни масалани кун тартибидан ташқари маслаҳат сифатида кўриб чиқишар... Негаки, ушбу йиғилишдан олдин тожик биродарларимизнинг мафкуравий "юриши" очиғи, жуда ғалати бўлди. Нима бўлганда ҳам "гилам таги"даги масалага эндиликда ечим топиш керак бўлади. Бу ишлар давлатларимиз даражасида бўлса, яхши бўлади, деган умиддамиз.
Манба@MubashshirAhmad