Аёлларимиз билан боғлиқ муаммоли вазиятларда мен кўрган сабаблар...• Кўп хотин-қизлар оила ва жамиятда кучли босим остида яшайдилар;
• Аёллар турмушда руҳий, жисмоний, маънавий, молиявий зўравонлик ва тазйиқларга дуч келадилар;
• Хотин-қизлар руҳий зўриқишларда кимга мурожаат қилишни билмайди; (1146 ишонч телефони мавжуд)
• Маҳаллий ННТ тузилмалар вазиятларда асосан аёлнинг ўзини айбдор санайди;
• Хотин-қизлар хато қилса, жамиятдаги муросасизлик туфайли унинг ошкор бўлишидан қўрқади; (ўз жонига қасд қилиш, фарзандини нобуд қилиш)
• Оилада қизлар таълимига жиддий эътибор берилмайди;
• Аксарият хотин-қизлар мактаб ва коллежда яхши таҳсил олмайди;
• Қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари кўп кузатилади;
• Эрта туғруқ аксарият аёллар руҳияти ва саломатлигида салбий ўзгаришларга сабаб бўлади;
• Хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлаш, турмушга чиқишда эркин қарор қабул қилиш имкони чекланган;
• Хотин-қизлар ишга қабул қилинишда кўп дискриминацияга учрайдилар;
• Ўз эътиқодига қатъий амал қиладиган аёллар учун таълим ва иш жойи бўйича танлов имконияти кам;
• Социумга кўра, хотин-қизлар ўзини намоён этиши мумкин бўлган соҳалар бармоқ билан санарли; ( аксарияти таълим ва тиббиёт, саноат ва қишлоқ хўжалигида банд)
• Хотин-қизлар ҳуқуқни ўрганмайдилар ва қўллай билмайдилар;
• Қишлоқ жойларда инфратузилма етарли бўлмагани учун хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш амалиёти деярли йўқ;
• Аксарият хотин-қизларнинг бўш вақти сериал томошасида ва интернетда ўтади;
• Қизлар билан жинсий тарбия ҳақида очиқ суҳбатлашилмайди;
• Хотин-қизлар иш ва ҳунарли бўлмагани ёки бунга рухсат ололмагани учун молиявий мустақиллиги чекланган;
• Хотин-қизлар никоҳни расмийлаштириш жараёнига бефарқ қарайдилар;
• Социумга кўра, никоҳ шартномаси ҳақида гапиришга ҳали эрта;
• Ажрим туфайли аёл ҳаётнинг бирламчи эҳтиёжларига қадар муҳтож бўлиб қолади;
• Ишсизлик ва унинг ортидан келган меҳнат миграцияси оилаларни тарқоқ яшашга мажбур этади;
• Меҳнат миграцияси туфайли айрим аёллар руҳий, жинсий, молиявий зўравонликка учрайди; (240 минг аёл чиқиб кетган)
• Аёллар ўз саломатлигини тиклаш ва назорат қилишда эркин эмаслар;
• Аёллар ажрим, алимент олиш жараёнида суд томонидан ҳаракатсизлик, ижронинг ўз вақтида бўлмаслигига дуч келади;
• 3 ёшгача фарзанди бўлган аёллар жамиятда фаол қатлам таркибига киролмайдилар(давлат боғчаси 3 ёшдан олади);
• Жамиятда гендер тенглиги бўйича саводхонлик етарли эмас;
• Хотин-қизлар билан боғлиқ ҳолатлар ОАВда ёритилаётганда, холисликка амал қилмаслик кўп кузатилади;
• Аёллар масалалари билан шуғулланувчи ННТлар ночор аёлларга хайрия уюштириш учун fundraising, crowdfunding платформасига эгамаслар, тажриба йўқ;
• Эркак ва аёл ҳуқуқлари давлат қонунлари бўйича тенг, амалда эса жамият кўпроқ эркакларга ён босади (уларнинг хатоларини кечириш ва шанс бериш маъносида) ва ҳоказо ва ҳоказо...
Аслида рўйхат янада узун. Аслида яшаш эркакка ҳам, аёлга ҳам осонмас. Шу шафқатсиз ҳаётда ҳеч йўқ аёллар бир-бирларини қўлласалар, аёл сифатида ўзларининг адашган ёки хато қилган ҳамжинсларини тушунишга уринсалар, камроқ муҳокама қилиб, кўпроқ ёрдам қўлини чўзсалар... боласини туалетга ташлайдиган, ўзини сувга отадиган, шифтга осадиган аёллар сони камаяди... Аёлни хатолар кетидан хатолар қилишга жамият сўроқ-саволи, игноридан қўрқув олиб боради.