Баъзан банан шунчаки банан бўлиши мумкин деган қўпол ҳазил бор.
Афсуски, жуда кўп яхши нарсалар ўз ўрнида эмас, бошқа мақсадда ишлатилганда муаммолар келиб чиқади. Бу айниқса яхши нарсаларнинг сиёсий инструментга айланганда янада оғриқли бўлади.
Шундай нарсалар бор – уларнинг асл моҳияти фахрланишга арзийди. Рус тили, масалан. Жуда бой, қадимий, ифодали тил. Толстой, Достоевский, Тургенев ёзган тил. Ёки 9 май – Ғалаба куни. Ҳар қандай инсон фашизм устидан қозонилган ғалабани қадрлаши керак.
Аммо бу каби аслида фахрли бўлган тушунчалар сиёсий инструментга айланган пайтда, уларни энди одамлар табиий қадрият сифатида эмас, балки сиёсий позиция сифатида кўра бошлайди.
Рус тили бунга яққол мисол. Бугун у оддий алоқа воситаси ёки адабиёт тили эмас, балки Москва томонидан сиёсий таъсир ўтказиш воситасига айлантирилган. Натижада, уни ўрганиш ёки гапиришга бўлган муносабат энди одамнинг сиёсий ёндашуви, позицияси сифатида талқин қилинади. Гўёки тил эмас, байроқ.
Ёки 9 май – аслида бу урушда ўз жонини берган миллионлаб инсонлар хотираси. Бу кун дард, фожеа, сабоқ, жасорат ҳақида бўлиши керак эди. Аммо Москва бу санани ҳарбий куч кўрсатиш, геосиёсий амбициялар ва мафкуравий босим воситасига айлантирганидан кейин, унга нисбатан муносабат ҳам сиёсий бўлиб қолди. Энди ким бу санани нишонласа, бу унинг “ким томонда” экани сифатида қабул қилинади.
Бу фақат рус тилига ёки Ғалаба кунига хос эмас. Дунёда кўплаб шундай мисоллар бор. Динга, байроққа, маданиятга тегишли бўлган кўплаб қадриятлар сиёсий кучлар қўлига тушганда ўзининг соф, умумий қийматини йўқотади. Сиёсат уни эгаллаб олади, йўналиш беради, куч тили билан бошқаради. Натижада одамлар ҳам унга оддий қадрият сифатида эмас, балки сиёсий сигнал сифатида қарай бошлайди.
Аслида бу хавфли жараён. Чунки яхши нарса сиёсий инструментга айланганида, унга қарши бўлган одам ҳам, балки уни аслида қадрлаётган эди — лекин сиёсий контекст уни ундан йироқлаштиради.
Ҳар ким ўз маданиятини, тилини, тарихини севиши мумкин — лекин уни сиёсий восита қилиш, уни қуролга айлантириш уни ёмонлаштиради.
#siyosat
@allaevuzb