Асанов формати


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.
Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar
Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


Бугун Qurultoy'да қаттиқ мавзу бўлади, каскаларни кийволинг.

@AsanovEldar


Ироқда вояга етмаган қизлар билан никоҳ қуришга рухсат берилиши борасидаги гаплар бир неча ойдан буён бор эди. Шу кунларда бундай рухсатни расмийлаштирадиган ҳужжат қабул қилинди.

"Шахсий мақом тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартиришга биноан, 18 ёш чегараси бекор қилинмаса-да, дин ходимларига мазҳабидан келиб чиқиб, 9 дан ошган қизларга ҳам никоҳ ўқишга рухсат берилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, бу ҳужжатдан аҳолининг ҳам, қонунчиларнинг ҳам каттагина қисми норози бўлган. Аммо ташаббускорлар бу ўзгартишни яна иккита ўзгартишга қўшиб овозга қўйган ва ғалабага эришган. Қолаверса, парламентда ўзгартишдан норози депутатлар овоз беришдан бош тортиб, чиқиб кетган, бу ҳужжат кўпчилик овоз тўплаган деган иллюзияни яратган.

Ироқ исломий давлат эмас, дунёвий давлат. Шунга қарамай, у ерда охирги пайтларда консерватив диний қатлам фаоллашган ва шу каби ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Бу ҳатто дунёвий давлатда ҳам жамиятни ва қонунчиликни динийлаштириш мумкинлигини кўрсатади.

Масаланинг диний томонини қўйиб туриб, 9 яшар қизларни турмушга бериш на ахлоққа, на илм-фанга, на инсон ҳуқуқларига тўғри келмаслигини айтиб ўтишим керак. Инсоният тўплаган билим ва тажриба, шаклланган умуминсоний ахлоқий қадриятлар турмуш қуриш учун инсон, жинсидан қатъи назар, ҳам жисмонан, ҳам ақлан вояга етиши, мустақил қарорлар қабул қила олиши ва ўз ҳаётини қуришга салоҳияти бўлиши кераклигини кўрсатади.

Янги Ўзбекистон дедик, дунёвий давлат дедик, энди шу дунёвийликнинг моҳияти ва манфаатларини кенг оммага тушунтириб, дунёвий тафаккурни шакллантириб, мустаҳкамлашимиз керак. Йўқса бизда ҳам бир кун Ироққа, Афғонистонга ҳавас қилувчилар шундай ташаббусларни илгари суриб қолиши хавфи бор.

@AsanovEldar


Nazorat UZ оммавий ахборот воситаси атрофидаги воқеаларни эшитиб, хафа бўлдим. Бутун воқеа тафсилотларини келтириб ўтирмайман, ҳаммаси линкда бор, қисқача: канал маъмурлари товламачилик қилиб, тадбиркордан пул ундиришга уринганликда айбланмоқда.

Тергов ва судга қадар айбдор-айбсиз дейиш тўғримас, лекин шундай гап чиққанининг ўзи мени хавотирга солди.

Икки йилмикин олдин шу масала кўтарилганди. Бир қанча блогерлар товламачиликда айбланиб ушланди, баъзилари қамалиб ҳам кетди. Уларнинг ичида мен таниган-билганлар ҳам бор эди.

Бундай воқеаларда кимларнингдир манфаатлари бузилиши, кимларнингдир келажаги барбод бўлишидан ташқари, соҳанинг имижига жиддий зарар етади. Сифатли контент яратиш, жамиятдаги муаммо ва жараёнларни ёритишга ҳаракат қилиб юрган қанча яхши блогер ва журналист бор. Аммо товламачиликка қўл урган ёки шунда гумонланган ҳамкасбларини деб уларга ҳам эгри кўз билан қарай бошлашади, асоссиз гумон ва гап-сўзларга қолиб кетишади.

Ҳар соҳада бўлганидек, журналистика ва блоггингда ҳам учраб туради, касбидан эгри йўлда фойдаланадиганлар. Уларга қараб бутун касб, ОАВ этикасига риоя этиб ишлаётган минглаб ҳалол меҳнаткашлар ҳақида нотўғри хулосалар қилманглар.

@AsanovEldar


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Япон маданияти турли қирралари билан дунёга машҳур. Шулардан бири гейшалардир. Бу феномен бузуқликни ифодалайдими ё маданиятни?

Бу ҳақда "Худди шундай" каналининг гейшалар ҳақидаги сонидан билиб олишингиз мумкин: https://youtu.be/RO82Jl4SBlI?si=XnG6werzCEKL6DEm


Академик шпионаж, академик урушлар фақат АҚШ—Хитой савдо урушида кузатилмайди. У кўп сиёсий ихтилофларнинг бир қисмидир. Исроилнинг Эрон қаршилик ўқи билан тўқнашувлари бунга мисол.

Эрон ядровий бомба ва бошқа ҳарбий технологиялар устида ишлаши Исроилни безовта қилади; у Эрон илм-фанини ўрганиб, тегишли йўналишларда давлат лойиҳаларида ишлаётган энг ёрқин олимларни йўқ қилиб боради.

Ўз навбатида, санкциялар остидаги Эрон АҚШ, Исроил ва Европа ҳарбий техникаси намуналарини қўлга киритиб, ўрганиб, ўзида унинг муқобилларини ясашга ҳаракат қилади.

Дарҳақиқат, уруш илмий тараққиётга олға силжитадиган кучдир.

@AsanovEldar


Нуқул ўзимни мақтайвермай, шагитларимни ҳам мақтаб қўяй (анчадан буён мақтанарли иш қилганим йўқ ўзи 😢).

Блогер Отабек Бакиров UzDiplomat'га берган интервьюсида 2024 йилнинг энг фаол медиа лидери деб Gazeta.uz журналисти Баҳодир Абдуллаевни айтибди.

Хуллас, менинг шогирдим, ўзим уриб-тепиб одам қилганман! Ўзимни мақтаб бўлдим, энди уни мақтай.

2021 йилда Bugun.uz қошида ёш журналистлар мактабини очганимда Баҳодир мен танлаб олган қатнашчилар қаторида бўлган. Турли соҳа вакилларини икки ой давомида журналистикадан ўқитганман, аксарияти кейинчалик журналистика ва ёндош соҳаларда ўз ўрнини топиб кетди. Баҳодир эса иқтисодчиликдан иқтисодий журналистикага ўтиб, Ўзбекистондаги энг нуфузли ва сифатли онлайн нашрнинг кўзга кўринган ходимига айланди.

Bugun.uz'даги ва бошқа муаллифлик курсларим — мен энг фахрланадиган ишларимдан бири. Ўзим ҳам маза қилиб ишлаганман, энг истеъдодли ёшларни ҳам топа олганман, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсата олганман ҳам деб ўйлайман. Бугун битирувчиларимнинг кўпи билан алоқадаман. Ва уларнинг ютуқларидан қувонаман.

Суратда Bugun.uz ёш журналистлар мактаби битирувчилари биланмиз.

@AsanovEldar


Шу китобнинг охирида шу йилларда илм-фан атрофида кечаётган сиёсий курашлар борасида сўз боради.

2020 йил бошида америкалик кимёгар Чарлз Либер ҳибсга олинди. У Хитойнинг "Минг истеъдод" дастурида қатнашиб, бу маълумотни яширганликда, Хитойдан 1,5 млн доллар олганликда айбланди.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушининг бир қисми академик шпионаждир. АҚШ ўзининг академик даргоҳларида ўқиб/ишлаб юрган Хитой фуқаролари ва этник хитойлар янги технологиялар ва тадқиқот натижаларини Хитойга олиб кетиб, у ерда ҳукумат дастурларига тақдим этаётганидан хавотирда. Хитой технолог олимларининг 92 фоизи АҚШдалигидан хавотирга тушиб, уларни ўзида тўплаш мақсадида "Минг истеъдод" дастурини бошлаганди. Ўз навбатида, АҚШ бунда шпионаж унсурларини кўриб, назоратни кучайтирди.

Илм-фаннинг чегаралари мавжуд бўлмагани боис технологиялар, илмий янгиликлар кўчиб юради. Лекин давлатлар илмий тадқиқотларда савдо, технология ва хусусан уруш технологиялари бўйича ривожланиш имкониятини кўради. Улар бундан ўзи фойдаланади, аммо бошқа давлатлар фойдаланишини истамайди. Шу боис фанни "миллийлаштириш", чегараларни ёпиш, илмий алоқаларни чеклаш, технологияларни ҳимоялаш каби чоралар кўрилади.

Ўзбекистонда хориж машиналарига "растаможка" борлигидан нолийдиган ўзбекистонликлар глобал кучларнинг савдо урушларини ўрганса, "растаможка" энг кичик бирламчи чора эканини кўради. Давлатлар шу даражага борадики, академик алоқаларни чеклаб қўяди, хорижга технология ва тадқиқотларни бермайди, халқига иқтисодий зарар етишига қарамай маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллайди, хуллас, ҳиссиётлар жўш урадиган жараёнлар бу. Бугун АҚШ университетларида этник хитойлар ва Хитой фуқаролари доимий шубҳа-гумон ва назорат остида ишлашга/ўқишга мажбур бўлаётгани савдо урушининг жуда кичик оқибати — бу урушлар кенг омманинг чўнтагига ва эркинлигига зарар келтириши мумкин.

@AsanovEldar


Бу йил ҳисобидан учинчи аудиокитоб.

Британиялик тарихчи Жеймс Поскеттнинг китоби. Русчада "Незападная история науки" деб таржима қилинибди, оригиналида Horizons: The Global Origins of Modern Science. Инглизча ўқийдиганлар/эшитадиганлар шу ном билан қидирсин.

Олдин айтганимдек, бефойда китоб кўп, Wikipedia'дан кўчириб қўйилганлари тиқилиб ётибди. Аммо буниси фойдали бўлди.

Китоб XV—XXI асрларда Япония, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси, ҳиндулар даври ва мусулмон Шарқида илм-фан ривожидан ҳикоя қилади. Биз билмаган кўплаб номлар, кашфиётлар, қизиқарли фактлар.

Китобдан, биринчидан, Европада илм-фан кўтарилиши чоғида европалик олимлар Америка, Осиё ва Африка халқларининг анъанавий билимларига кўп суянганини, иккинчидан, дунёнинг ҳамма бурчагида ўхшаш жараёнлар юз берганини, турли даврларда илм-фанни ривожлантиришга ҳаракат қилинганини билиб оламиз.

Қолаверса, кўпгина катта кашфиётлар ортида осиёлик, африкалик олимларнинг хизмати борлиги, аммо бу хизматлар унутилгани айтилади китобда.

@AsanovEldar


Бир ҳамкасбимиз Telegram-каналлар бўйича тадқиқот ўтказяпти. Тадқиқотга материал йиғиш учун каналлар аудиторияси орасида сўров ўтказяпти.

Тадқиқот объектлари ичида менинг каналим ҳам бор экан. Тадқиқотга ёрдам бўлиши учун каналга сўровнома жойлаб қўяман. Имкон топиб, албатта сўровдан ўтиб қўйинглар, тадқиқотга ёрдаминглар тегади.

Линк: https://docs.google.com/forms/d/1u2dEnmkV2KNOK_rqV8cCEkRKfzwlu0LPjUSiHxReFV8/viewform?edit_requested=true

@AsanovEldar


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Qurultoy'нинг янги сони чиқди. Мирсодиқ Исҳоқовнинг суҳбатини олмаганлар, кўрмаганлар бўлса, шу Qurultoy'даги гурунг орқали баҳо берворинг. Жуда қизиқарли ҳикоя қиладиган, жонли суҳбат олиб борадиган катта билимлар соҳиби.

Линк: https://www.youtube.com/watch?v=cEvPkgmMpFY&t=184s&ab_channel=QURULTOY

@AsanovEldar


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Радикал бўлиш бахтсизлик

Сигма подкастнинг бу сони яхши чиқибди. Айниқса Саъдулланинг радикал одамлар ҳақидаги саволи. Одам бирор нарсага қаттиқ ёпишиб олган вақти бутун борлиғини шунга тикиб юборади ва ўзини хавф остига қўяди.

Асаблардан муҳимроқ нарса йўқ ўзи: https://youtu.be/UBXsVmYbXgg?si=0sQO46cWvY4itBat


Qurultoy'да бу ҳафта муҳташам суҳбат бўлди. Меҳмонимиз — таниқли ўзбек олими Мирсодиқ Исҳоқов.

У сўғд тили бўйича оз сонли мутахассислардан биридир. Илмий ишини СССРнинг энг йирик сўғдшунос олими Владимир Лившиц раҳбарлигида ҳимоя қилган.

Марказий Осиёнинг исломгача бўлган тарихига қизиққан одам юқорида келтирилган номларни албатта билади.

Хуллас, кутинг.

@AsanovEldar


💥🍔 Тошкентликлар учун ажойиб янгилик: Evos ва кўплаб бошқа ресторанлардан етказиб бериш энди бепул!

Yandex Plus обунаси билан Yandex Go иловасида 60 000 сўмдан юқори овқат буюртмаларини етказиб бериш 0 сўм бўлади. Яъни мутлақо текин!

Сизда ҳали Yandex Plus бўлмаса, ҳеч қиси йўқ: бепул синов муддатини уланг ва имтиёзлардан фойдаланинг.

Реклама


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Радикал секталар инсоният тарихида жуда қайғули воқеаларга сабабчи бўлган. Улар ғояларни ўзига мослаштириб олиб одамларни билган кўйига солади.

"Худди шундай" каналида шундай секталарнинг баъзилари қандай ишлагани ва оқибатлари ҳақида видео.

Видеода айтилган баъзи воқеалар ҳақида эшитган бўлсангиз керак, йигитлар деталлар билан тушунтирибди.

Тўлиқ видео: https://www.youtube.com/watch?v=KoUu8vudS7s&t=144s


Китоб мавзуси хаёлимдан кетмаяпти. Яна баъзи мулоҳазалар.

Балки интернет бўлмагани учундир, балки табиатим шунақадир, болаликдан китобга жуда қизиққанман; болалигим китоб ичида ўтган десам ҳам бўлади.

Уйимизда қатор-қатор китоблар турарди — бобом, сўнг отам тўплаган коллекция. Асосан бадиий адабиёт (ўзбек, рус, қримтатар тилларида), шунингдек, энциклопедиялар, журналлар, тиббиёт бўйича китоблар, қурилиш ва техника бўйича адабиётлар (дадамнинг мутахассислиги), коммунистик адабиёт (Ленин асарлари, КПСС тарихи). Китобга қизиқишимни билиб, дадам ҳам кўп китоб сотиб олиб берарди.

Бадиий адабиётнинг деярли ҳаммасини ўқиб чиққанман; ўзбек адабиёти (Навоийдан бошлаб Ўлмас Умарбековгача) намуналари билан илк бор уйда танишганман (ўзбек тилида ҳам, русча таржималарда ҳам); ҳозир энди эслаб ҳайрон қоляпман — Борен Бошу, Ражендра Сингҳ Бедий деган, ҳатто ҳозир ҳам интернетдан маълумот қидириб топиш қийин бўлган аллақандай ҳинд ёзувчиларининг ҳам ўзбекчага ўгирилган нашрлари бор эди. Жаҳон адабиётининг машҳур намояндаларини айтмаса ҳам бўлади.

Ўртанча опамнинг уйида ҳам жуда ажойиб коллекция бор эди — ҳаммаси рус тилида ва, уйимиздагидан фарқли, илмий нашрлар ҳам бор эди (масалан, рус тили ва адабиётининг тарихи бўйича иккита зўр китоб бор эди). У тўплам орқали рус адабиёти билан яхши танишганман — Александр Блок, Юлиан Семенов, Михаил Булгаков ва ҳ.к.

У пайтлар ўзи китоб кўпроқ ўқилармиди, лицейда ўқиганим учунми, атрофимда китобхон жуда кўп эди, дўстлар билан китоб ўқиб, муҳокама қилардик. Лицейимизга китоб олиб келиб сотишарди; Ургутда букинистика дўкони бор эди; болалар адабиётини, детектив адабиёти намуналарини кўп сотволардим; лицей кутубхонасидан истеъмолдан чиқарилган эски дарсликларни тўплаб келардим. Туман кутубхонаси яхши ишларди — икки ҳафтада бир бориб, 4-8 та китоб олардим.

Тахминан 8-синфлардан бошлаб илмий адабиётга қизиқа бошлаганман. Самарқанд давлат университети Тарих факультети кутубхонасига аллақандай йўл билан ёзилиб, у ердан археология журналларини, тарихий манбалар нашрларини, илмий тадқиқотларни олардим; боя айтилган букинистикадан, Самарқанд шаҳридаги букинистлардан тарихга оид китоблар сотволадиган бўлгандим.

Хуллас, болалигимизда техник имкониятлар ҳам, муҳит ҳам китобхонликни рағбатлантирар эди.

@AsanovEldar


Ибн Сино лекин семириш бўйича ҳам тавсиялар беради. У пайти семизлик норма бўлганми ё у пайтдаям эт йиғолмай қийналиб юрган тирриқлар бўлганми, билмадим.

Хуллас, Ибн Синонинг ёзишича, вазн тўплаш учун овқатдан сўнг; вазн ташлаш учун оч қорин билан; саломатлик учун овқат ҳазм бўлганидан сўнг ҳаммога боришни тавсия қилган.

Умуман, бобомиз кўп нарсада меъёр энг яхшиси деб айтган. Хусусан, жисмоний тарбия билан шуғулланишда ҳам. У айтадики, очликдан кўра тўқликда шуғулланган маъқул, энг маъқули эса шу икки ҳолатнинг ўртасида бўлиш.

@AsanovEldar


Инсоният тарихидаги энг қадимги афсоналардан бири — вампирлар

Сиз вампирлар кечагина пайдо бўлган чўпчак деб ўйласангиз, адашасиз. Улар ҳақида тасаввурлар Месопотамиядаёқ бўлган ва асрлар давомида инсониятнинг турли қўрқувларини ўзида мужассам қилиб келган.

Даставвал улар шунчаки касалликлардан қўрқувни англатган бўлса, ҳозирга келиб ксенофобия, яъни ўзга миллатлардан нафратланиш мавзусини ёритмоқда. "Сусамбил"да бу ҳақда батафсил видео чиққан.

Томоша қилинг: https://youtu.be/wWUgKqWPbKU?si=iNvineSRdjkP9mrX


Уйимизда Ибн Сино "Тиб қонунлари"нинг беш жилдли нашри бор эди (ҳалиям бор). Мактаб ёшимда уни ҳар замонда титкилаб, у ер-бу еридан ўқиб кўрардим.

Бир сафар жисмоний тарбия ҳақидаги бобга кўзим тушиб қолганди. Унда тахминан мана бунақа жисмоний машқлар тавсия қилинган эди: тез юриш, орқага юриш, ўтириб-туриш ва ҳ.к.

Ўшанда бу машқлар менга жуда енгил туюлганди; "намунча содда машқлар, ўтмишда ҳозиргидай кучли-кучли турник, отжимание, пресс деган нарсалар бўлмаган экан-да" деб ўйлагандим.

Ҳозир энди бу машқлар осон туюлмаяпти; ҳатто ўшаларни бажаришгаям эринаман, бажаришга куч топганда ҳансираб қоламан, 15 дақиқада мазам қочиб, "бўлди, икки ҳафтага етади" деб қоламан.

Энди биляпманки, чаққон, тетик ўсмирдан эмас, ўрта ёшли қоринбой амакидан хавотир олган экан Ибн Сино бобо.

@AsanovEldar


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
"Канадада рус тилли диаспоралар билан умуман мулоқот қилмайман. Чунки жуда кўпчилиги токсик ва доимий нолийди. Ўз муҳитини соғинади".

Қўштирноқ подкастда Фарҳод Файзуллаев меҳмон бўлди. Унинг чет элдаги ҳаёт борасидаги фикрлари диққатга сазовор. Айниқса рус тилли диаспоралар ҳақида. Сизнинг фикриз қандай?

Тўлиқ видео: https://youtu.be/uKHSjpH9v0s


Paynet Humo’нинг 100 фоиз акциясини сотиб олди

Humo миллий тўлов тизими хусусийлаштирилди. Бу борадаги хабар ва муҳокамалар анча олдин пайдо бўлганди.

Кимошди савдосида олти талабгор иштирок этди. Энг юқори харид баҳосини таклиф қилган “Paynet” АЖ 65 млн доллар таклифи билан ғолиб бўлди.

Харидор жамиятга тегишли Humo тўлов тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг махфий (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олган.

Маълумот учун, "Paynet" АЖ Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида 18 йилдан буён фаолият юритаётган энг йирик тўлов операторларидан биридир.

@AsanovEldar

Показано 20 последних публикаций.