SHODMONQUL SALOM she'ri


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган!
Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


ДИЛ КЕЧАСИ

Ойдан келди юрагимга товушлар,
Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.
Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,
Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.
Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.

Мағрур тоғлар бу дам недан хомушлар,
Зериккандай, ториққандай туришлар.
Болаликни қай газага кўмгандик,
Эсласангиз, бир кўрсатинг танишлар.
Бир гардини суртай кўзу қошлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.

Шом қавариб, тонг оқарган паллалар,
Кўкибийда чайқаларди далалар.
Тўғдонанинг шохида бир беланчак,
Соғинч мени уйқу бермай аллалар.
Қайтмайдими шохдан учган қушлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.

Дараларда озод қулун кунларим,
Ойни отга тақа қилган тунларим.
Қани? Айтинг, тушунтиринг, юпатинг,
Оғаларим, жўраю иниларим.
Тақаланган отман — хомуш бошлар-эй,
Кўкрагимда гурсиллайди тошлар-эй.

Алпнинг ҳидин олиб бўзлар Бойчибор,
Бир отчалик кўнглинг йўқми эй, шунқор?
Дунёсини бир киссамга жойлайман,
Юрагимда менинг шундай шавқим бор.
Дилни қумсаб туринг дунёдошлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Репост из: ТЕЗКОР ЎЗБЕКИСТОН 🇺🇿
🥁🥁🥁🥁🥁🥁🥁🥁🥁
Yandex Music

🌷Бойсун адирларининг баҳорий манзаралари

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани тоғ этакларидаги адирлар баҳорнинг фусункор манзараси билан ўзгача жозиба касб этмоқда.🌷

Бизнинг расмий сахифаларимизга аъзо бўлинг🔽

⚡️ Telegram ⚡️ Instagram ⚡️ TikTok

498 0 11 1 22

Репост из: O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi
#Sohibqiron_Amir_Temur_689

ТЕМУРХОН

Шафақ бўлолмаган булут армонидай,
Кўкрагимда тушовланган бир от елар.
Мангуликнинг тождан баланд фармонидан
Шамшир ютиб юборади саркардалар.

Мен туркийга бир ўғиллик даъво этсам,
Кечмишларим кўрингайдир камолимдан.
Музофотлар уйғонмоқда Темурхоннинг
Байроғининг ҳилпираган шамолидан.

Ким мозийнинг саҳифасин сайқал этар,
Ким боқийлик санъатидан юзин бурган.
Лек Темурхон чинор эрур, илдизлари
Ер шарининг нарёғидан чиқиб турган.

Навоийдан, шоҳ Бобурдан сабоқ олиб,
Бош кўтарса қалбингизнинг нолалари.
Таъзим айланг, ул азизлар Темур тоғин
Ён бағридан униб чиққан лолалари.

Оврўпони тасбеҳдайин қўлда тизиб,
Шарқ қуёшин тиғларида туғ қадаган.
Йилдиримдай ўтаётаган ҳар наслга
Бобо Кулол кафтларидан дуо олган.

Шул бобога бир ўғиллик даъво этсам,
На сафларга, на сарҳадга арзир тилак.
Саркардалар ўлмайдилар, номус мангу,
Унга фақат яхши навкар бўлиш керак.

Шодмонқул САЛОМ


Етиб кел, югургил, балки учиб кел,
Ният тезлигида, ўй тезлигида.
Димиққан умримга шамол бўлиб ел,
Бўшалиб кетдим мен ўз тизгинимдан.

Етиб кел, тезроқ кел, аҳволим ёмон,
Қадаҳдай тўкилмай, қалқиб турибман.
Ҳозирми? Кетяпман йўлсиз ва вайрон,
Оёқмас, кўзларим билан юрибман.

Етиб кел, тутиб қол — қўлим ҳавода,
Замин қийшаймоқда, йўлга бўйладим.
Юрагимда борсан, йўқсан дунёда,
Мен бундай дунёдан парҳез айладим.

Чор тарафим ҳасрат, чор тарафим куз,
Тўртта томонимда ловуллар олов.
Эй киши бандаси, эй кафтлари муз,
Куйиб кетмасимдан кўтаргин ялов.

Билмайман. Кўнмайман оёғим тираб,
Атрофимда кузак — беқайғу лўли.
Қайдан кўчиб келиб, қайга кетади,
Карвонида кетиб қолмасам бўлди.

Ёлғизман, бир ўзим каби ёлғизман!
Юрагимда кузак, кўзларимда сел.
Ўзингдайин орзу, орзу каби тез,
Етиб кел, билмайман фақат етиб кел.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


САЙИС

Бу тулпорга тегманглар,
Тик туриб ухлаяпти.
Унинг улкан бу боши
Тўрвага сиғмаяпти.

Кўп йўл юрган, ҳориган,
Тошда синган туёғи.
Орасидан ой ўтиб,
Тунга ботган қулоғи.

Бу тулпорга тегманглар,
Чавандози ярадор.
Соврин олиб, кўнглини
Бериб келган — азадор.

Шамолнинг тўрт бутини
Тўрт томонга тортганди.
Кўпкаридан шон эмас,
Соврин билан қайтганди.

Бу тулпорга тегманглар,
Ухласин, кўп ҳорибди.
Туёғи ерга ботиб,
Ерни суяб турибди.

Итлар, ҳурманг илтимос,
Уйқуси бузилмасин.
Нима бўлса тушига
Қулунлиги кирмасин.

Ҳали чавандоз билан
Юрарлар кериб кўкрак.
Не бўлса, туш кўрмасин,
Ахир, уйғониш керак

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Репост из: Мирзо Кенжабек ижодхонаси
****

ҲАЁТДА ҲАМ, АДАБИЁТДА ҲАМ ХИЛМА-ХИЛЛИК ЯХШИ

Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам хилма-хиллик, ранг-баранглик яхши. “Икки куни бир-бирига ўхшаган кишининг ҳолига вой бўлсин” деган ҳадиси шариф бор.

Ҳаётда ҳамма нарса янгилик бўлгани каби, ҳеч нарса янгилик ҳам эмас. Аслида биз учун янгилик бўлган баъзи шеърий оқимлар бошқа ўлкаларда аллақачон ўз умрини тугатиб бўлган.

Ижодкор ўз қалб хазиналарини турли шаклларда ошкор этаверади. Ҳақиқий ижод намунасига бир номни андаза қилиш шарт эмас. Янгилик, замонавийлик мазмун ва моҳиятдадир: ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам шундай.

Узоқдан келган бир нарсага эргашганда биров эплаб эргашади, биров эпсиз эргашади. Истеъдод аҳли ўз сўзини айтишга имконият қидиради ва топади: ҳаётдаги ҳамма нарса унга имконият омили бўлаверади.

Бу кунги замонавий адабиётнинг энг юксак намуналари қадимий турк битиктошларида мавжуд эди. “Олтин ёруқ”, “Хўби битик” тошларидаги ёзувлар бу кунги замонавий шеъриятнинг олий намуналаридир.

Дунёдаги ҳамма “модернчи”лар бирлашса, ҳазрат Навоийнинг “Муножот” асарига етадиган бир асар ёза олмайди.

Чунки у фақат сарбаст эмас, у фақат фикр маҳсули эмас, пок қалб, комил иймон, илоҳий ишқ маҳсулдир. Демак, гап маънавий аҳволдадир.


РУҲИЯТИ СОҒЛОМ АВЛОДЛАРНИ ЕТИШТИРИШ ЗАРУР

Бугунги ўзбек адабиётини ривожлантириш учун фикри ва руҳияти соғлом авлодларни етиштириш, шоир ва ёзувчиларни аввалгилар мубтало бўлган балолардан: босқинчи золимлар орқали ҳаётимиза кириб келган ичкилик балосидан, ёлғон, сохтакорлик каби офатлардан, сохта мафкурадан асраш ва қутқариш керак.

Илму маърифати заиф ижодкор, ҳар қанча истеъдодли бўлса-да, маҳдуд бўлиб қолаверади.

Ўрни келганда бир ҳасратимни айтиб ўтай. Бир қанча қаламкашларни ичкилик барбод қилди. Улар, шубҳасиз, соғлом ва онгли фаолиятдан маҳрум бўлдилар. Чунки шоирнинг юмуши фақат шеърдан, ёзувчининг машғулоти фақат насрдан иборат эмас.

Халқ учун, Ватан учун қилинадиган ақлий меҳнат турлари беҳисобдир.
Шуур, идрок, виждон ва иймон билан қилинадиган ишлар беҳисобдир. Қалам аҳлининг имдодига муҳтож бўлган маърифий ишлар беҳисобдир.


Жаҳон адабиётининг энг улуғ вакиллари ҳаётига назар ташласак, улар маънавиятга тегишли кўплаб ишларни жамлаган ҳолда бошқарганларини кўрамиз.
Қуръони каримда “лаҳвал-ҳадис” деган ифода бор. Бу “беҳуда сўз” дегани. Беҳуда сўзни сотиб олувчилар ҳақидаги бу оятнинг замонавий таъвили шуки, «беҳуда сўзлар» одоб ва ахлоққа зид, шаҳватга ундайдиган тарзда ёзилган романлар, қиссалар, ҳикоя, қўшиқ, шеър каби нарсалардир. Ана шу ҳукмга тушиб қолишдан Аллоҳ ҳаммамизни асрасин.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


***
Бутунини, синиғини, ёриғини,
Ярқироғи, ялтироғи, чориғини.
Осмонини, замонини, чистонини,
Соғинчини, қувончини, армонини,
Ўзи айтиб бекор қилган фармонини,
Тилим билан териб ўтдим, кўнглим ака,
Нима олиб, нима бердик Салим* ака.

Кечаларнинг ҳисобидан кундузларни,
Тенгсизларнинг суҳбатига тенгсизларни,
Юраклари улуғ шоир, тилсизларни,
Қароғларда музлаб турган денгизларни,
Шу денгиздан зумрадларни, ферузларни,
Сенга атаб юрган эдим, синглим, ака,
Ҳафсаламиз пир бўлдими Салим ака.

Қадаҳ янглиғ тўлиши бор юраклар ҳам,
Бир кун дод деб юборади, кўкраклар ҳам,
Толар экан, пар тутса-да билаклар ҳам,
Керак бўлмай қолар экан «кераклар» ҳам,
Биздан бўйи баланд экан тераклар ҳам,
Шу теракдан учган баргдир кўнглим, ака,
Кузга қараб кетяпмизми Салим ака.

Ҳув, қирларда бир қамиш, бир юлғун эди,
Илон билан чумчуқ ини яқин эди,
Бу қирлар ҳам отам каби ҳорғин энди,
Соғинч кетди, лошим бунда толғин энди,
Кўргим келар, чопгим келар тағин энди.
Қават-қават уйдай баланд ғамим ака,
Шу уйларда бир ўзимман, Салим ака.


2010 йил
Шодмонқул САЛОМ

...___...
*Шоир Салим Ашур

@Shodmonqul_SALOM


Нега бундай бўлди, кўп қувондимми,
Бу белгидан қандай ғофил ўтдим мен?
Қаттиқ ишондимми ёки тондимми,
Муҳтожлик, барисин ўйлаб топган сен!

Онам нигоҳидай қабарган йўллар,
Отам истагидай тилсиз ва мискин.
Сўнгги япроқ каби силкинган қўллар,
Нималар тилаган эдинг мен учун?

Нега бундай бўлди, ҳисоби недан,
Нега бундай хабар айтар бу тилмоч?
Нечун маст одамдай урилди менга
Шомда бойўғлилар қўнган симёғоч?

Ғусса маст қилганлар абадий мастдир!
Кўзларим — ичилмай турган жуфт қадаҳ.
Сеҳргар кечадан кесакдай кундуз,
Бир қулфга бир калит бергинда, Оллоҳ.

Кўнглим дор остида амрни кутиб,
Умиддан, қўрқувдан мангу карахтдир.
Кўнглим — қуригунча ғарибга соя,
Сўнг дор учун устун бўлган дарахтдир.

Хазоннинг ўрнини барг мисол ёриб,
Тиззамни қонатиб тақдирдан сўрдим.
Тонгдан шомга қадар пиёда бориб,
Сўнг ҳолим қолмади... йиғлаб юбордим.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


КАТТА ҲОДИСА

Шоир Шодмонқул Саломга

Дил боғин гоҳ тикан, гоҳи гул кўрдим,
Гоҳ булбул, гоҳида қирғовул кўрдим.
Барча шоҳу вазир шеър аҳли аро,
Ёронлар, мен букун шодмон қул кўрдим.

Сирожиддин САЙЙИД

2012 й.

@Shodmonqul_SALOM


БИЗНИНГ БОЙСУН!


Репост из: Kun.uz | Расмий канал
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Осиёдаги энг чуқур ғор жойлашган қишлоқ – Деҳиболо | Манзил

Осиёдаги энг чуқур ғор Ўзбекистонда эканини билармидингиз? Кўпчилик юртдошларимиз ер ости дунёсининг бу ажиб мўжизаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманида эканини билмаслиги аниқ. “Манзил” лойиҳаси навбатдаги кўрсатувида Бойбулоқ ғори жойлашган қишлоқ ва унинг атрофидаги табиат гўзалликларини намойиш этади.

👉 ТЎЛИҚ ВИДEОНИ КЎРИШ

Кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди


Репост из: Мирзо Кенжабек ижодхонаси
ТАРОЗИНИНГ ЯХШИЛИК ПАЛЛАСИ

****
Шукур Холмирзаев ва Рауф Парфидан ватансеварлик сабоқларини ўргандик. “Илҳом” клуби, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон суҳбатлари ва хонадонлари бизнинг ҳаракатдаги очиқ адабий муҳитимиз эди.

Йўлдош Эшбек “Гулистон” журналида чоп этилган бир туркум шеъри билан машҳур шоирга айланган.

Миръазиз Аъзам: “Кўп улуғ шоирлар фақат қатъий интизом билангина улуғлик даражасига етган”, деб таъкидлар эди. Шу сабаб, ҳали қилган ҳамма ишларимни халқимизга етказмаган бўлсам-да, ёшлигимдан ҳаётимда мустаҳкам иш-ижод интизомини ўрнатиб олган эдим.

Адабиёт газетасида хизмат қилганимда обуна ишлари билан Нукусга сафар қилгандим. Тўлепберган Қаипбергеновнинг уйида унинг иш интизомидан ҳайратда қолганман: эртадан кечгача, ўтириб ҳам, ётиб ҳам ёзаверар эди. Тафаккур қилар эди.

Шукур Холмирзаевни ёзишдан холи топиш қийин эди. У киши ўзини адабиёт учун қурбон қилган шахс эди. Маълум бўладики, сўз санъатининг талаби тинимсиз меҳнатдир.

Абдуқаҳҳор Иброҳим: “Ҳаётда тарозининг икки палласидан бирига тош қўйиш зарур бўлган ҳоллар дуч келади. Ҳамиша тарозининг яхшилик палласига тош қўйинг, агар яхшилик палласига тош қўйиш қўлингиздан келмаса, бир илож топиб, ёмонлик палласига тош қўйишдан сақланинг”, дер эди. Бу сўзни яшаш шиори қилиб олишга уриндим.

Эркин Воҳид: “Шоир сўзда ҳам, шеърда ҳам иссиқ нафас қилиши керак. Фаришта омин дейди, деган гап бор. Ўлимдан ёзган шоирларнинг кўпи ёш ўлган. Асқад Мухтор: “Кўнглим сезиб турар, узоқ бўлар умрим”, деб ёзган, мана узоқ умр кўрмоқда”, дея яхши ният тақдиротнинг яхшилигидан хабар беришини айтар эдилар.

Абдулла Орипов бир болалар шоири ҳақида: “Фалончининг оғзини саккиз йил пойладим, оғзидан бир ҳикматли гап чиқмади”, дердилар. Демак, билдимки, сўзда ҳам, шеърда ҳам ҳикматли сўз айтишга уриниш керак ва ҳаётдан ҳикмат излаб яшаш керак Албатта, булар ҳаёт сабоқларидир.


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


СЎЗБОШИ

Давраларда, суҳбатларда, тил эшилганда,
Фурсат ўтиб кетганида, фурсат келганда,
Айтилганда, айтилмасдан ичда қолганда,
Айтарингни айтмаса, деб жим термулганда,
Қадаҳ бўшаб, юракларинг лим-лим тўлганда,
Хонқизини сарсон қилиб овуч олганда,
Ёши улуғ туйғуларинг рихлат қилганда,

Юрагингни бир тоза сўз қамаштирганда,
Ё қалбингни ўзинг билан яраштирганда,
Севги янглиғ бир оромли адаштирганда,
Кечаларга ханжар бериб саваштирганда,
Ё сўрмасдан қўл бердириб сўраштирганда,
Ачингандай узоқ тинглаб, суриштирганда,
Ёлғонингни ростинг билан бериштирганда,
Ўзинг билан суратингни солиштирганда,

Ё висолда бўса олиб, бўса берганда,
Тириклигинг тирикликдан баланд турганда,
Ер муз бўлса, чор тарафдан итлар ҳурганда,
Кунларингдан бир кундошинг қаср қурганда,
Ана шунда қўлтиғингдан кимдир кирганда,
Қирғоққача сувлар ютиб бирга борганда,
Қирғоқларда болакайлар шўх югурганда,
Ўғлингними, қизингними кўзин кўрганда,

Ёлғизликда, туманларда эгасиз, ғамгин,
Ё ҳожадек қўл орқада – турганда эмин,
Қояларга бағринг бериб бўлолмай эркин,
Бекатдаги бир нигоҳдан топганда таскин,

Мулозимдай югургилаб ўтса шамоллар,
Кунгай ёқда исмалоқлар эзса аёллар,Кўкламларга кўнглинг кетган бемор чоғингда,
Бир ўспирин анор гуллаб қолса боғингда,

Яшамоқчи бўлганингда яшаганда ё
Яшалмаган ҳаёт каби маҳтал ва расво,
Турганингда айролиқда ёки дийдорда,
Ё кўзларинг кўр бўлганда бир хушхабардан,

...Ана шундай фурсатларнинг ёлғони учун,
Шу ёлғоннинг Худодай ҳақ исёни учун,
Бесар кетган кўз ёшларнинг фиғони учун,
Ҳайф ўтаётган умрларнинг армони учун,
Ва РОСТликнинг кенгликлардай осмони учун,
Шу осмоннинг мен деб келган найсони учун,
Юрагимнинг Ватан деган султони учун,

Ботинимда бор бўғиним бир зириллайди,
Юрагимда арслондайин ШЕЪР ириллайди,

Суяк синиб, тилим қонаб СЎЗ ёзилади,
Ёлғонларнинг чин олови чин босилади.

Бу лаҳзада яқинлашманг, куясиз – чўғман,
Қолган пайтда тирикларнинг сафида йўқман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


КИРИШ

Бир тирсак келарди камоннинг ўқи,
Бир бўғин келади ҳозирги ажал.
Узун шеърларимда узун дардлар бор,
Қисқа сатрларим кўзёшдай тугал.


Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Ассалому алайкум
Азиз шеър аҳли, кўнгил аҳли!
Барчангизни @Shodmonqul_SALOM ижодий каналида кўриб, қимматли фикрларингизни, самимий изҳорларингизни ўқиб турганимдан хурсандман! Барчангизга самимий тилакларимни, ташаккуримни билдираман!
Кўнгилнинг ҳаловатга, осудаликка етиб келиши осон эмас. Бу чин саодат. Бу даражага етиб келмаган одам шеър ўқий олмайди, сўзнинг тотини туймайди. Шу иқбол СИЗЛАРНИ тарк этмасин!
Оллоҳ фаришталари заминга тушиб-чиқиб турган паллаларда тилайман: БАРЧАНГИЗ сира камлик кўрманг! Неки эзгу ниятингиз бўлса етингизлар!
Айём муборак бўлсин!

Меҳр билан, Шодмонқул САЛОМ


Шундай қарзлар борки, узиб бўлмайди!

Ш. С.
@Shodmonqul_SALOM


***
Раббим қирқ тўрт ёзу қирқ тўрт қиш берди,
Сўзнинг оташида зўр куйиш берди.
Бандаларга яшаш завқин берди-ю,
Менга бандасини жим севиш берди.

Қирт тўрт баҳор билан қирқ тўрт куз берди,
Бир яхши аёл ҳам ўғил-қиз берди.
Дарёдан ўтишим керак оралаб,
Елкамга қутлуғ юк – бир қоп туз берди.

Бир азим юрт берди – тоғлар, дарёлар,
Меҳрибон она эл – сўзи даволар.
Бегона ўтни ҳам аяб юлади,
Ноқобил бўлсам ҳам қилди дуолар.

Нималар сўрмадим, берди барини,
Муҳаббат ва аччиқ ҳижронларини.
Кўзёшларим билан қўшилиб кетди –
Сира аямади ёмғир-қорини...

...Юз йил етмагайдир барин санасам,
Мен нима сўрасам, сийлади бекам.
Ҳамма тилагимни берди-ю, фақат.
Тоат ва сабрни аяди Эгам!

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

1.9k 0 10 14 44

Кетмончи даштлари ва Бойсунтоғ суҳбати

Қишлоқдошларимга бағишладим.

Кетмончи даштлари боқар умидвор:
Бойсунтоғ, бизлардан кетдинг олислаб.
Сенгача аслида ўн кунлик йўл бор,
Аммо минг йил бўлди, етмадим излаб.

Ҳар баҳор селларнинг шовқини аро,
Сенинг соғинчингни тинглаб йиғлайман.
Сўнг ҳар тонг бадқовоқ булутлар — ҳамроҳ,
Бойсунтоғ, мен сени излаб жўнайман.

Ҳар наҳор жўнайман шу дам кўксимдан,
Босиб ўтар минг-минг қўнғирот моли.
Кун бўйи “Бойсунтоғ” — дея ўксийман,
Кечгача юрмоққа қолмайди ҳолим.

Қўр тўкиб ўтирар кекса Бойсунтоғ,
Сочлари оқарган, кўзлари намли:
Кетмончи, оғажон, кел ҳолимга боқ,
Тоғ бўлмоқ азоби тоғлардан камми.

Узун қиш бошимдан ғурбат томизиб,
Қайгадир кетади тентак булутлар.
Соғинчимни селлар кетар оқизиб,
Хабарини кейин айтар бургутлар.

Ҳар баҳор устимдан ўтар чулдираб,
Собитликни билмас дарвеш турналар.
Аламимдан само кетар гулдираб,
Сўнг унсиз йиғласам — кулар жилғалар.

...Бу мунгли суҳбатни тингладим узоқ,
Соғинчга беланди юракнинг шашти.
Ҳайқирдим: сен мангу бор бўл, Бойсунтоғ
Мангу ястаниб тур, Кетмончи дашти.

2003 йил

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Бизнинг даштларда баҳор!

@Shodmonqul_SALOM


Аввалида шундоқ бўлур – йўлни йўлсиздан сўргайсен,
Одам босмас, қуёш кесмас аллақайларда юргайсен.

Адашгайсен, адашмоқдин шод бўлурсен аввалида,
Боқсанг кун қиём келибдур, энди қаён югургайсен.

Муддао эди парвозлар, юрмоқ маҳолдир – йўл керак,
Йўл – муроднинг аъмолидир, билмайсен – карахт тургайсен.

Бир ёриқ қайиқдадирсен, бул қайиқ даштда муқим,
Қайтмас уммонни изларсен, бекор чиғаноқ тергайсен.

Манзил-у йўлсиз қўймагай, кўзи ёшлини ул Ҳабиб,
Кўринган касни тергайсен, кўринмаганни қарғайсен.

Фурсатни кутмас мард киши, фурсат сари боргай шитоб,
Ўзинг билмас мазгилингни соқов чўпондин сўргайсен.

Тош олиб ёрмоқ бўлурсан ул дашт мардининг бошини,
Билмагайсен, шул туришинг – чўпон қўлида ирғайсен.

Аввали мундоқ эдиким, ундоқ эмишдир охири,
Бисёр сўзларни тингларсен, бошни беҳуда ирғайсен.

Эй, ўғил, ҳаддингни бил, бул жаҳон тошлоқ азал,
Кераксиз тошни тергайсен, тошни кераксиз тергайсен.

Қачонким қисмат сангига бошни урурсан дард ила,
Қўрқмағил, ур вақтида, кейин шарт ила ургайсен.

Қачонким қисмат сангига бошни урурсан ишқ ила,
Ёрмай марҳамат кўрмайсен, ёргач рўшнолик кўргайсен.

Юзни Ҳақ сори бургайсен, ул томон – ўзингдадир,
Сабр тошин келтурурсен, ундан ўзингни қургайсен.

Илоҳо! Етгил муродга – назари тушсин Анинг,
Бўлмаса, шомга қолгайсен, тағин қайларда юргайсен.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Показано 20 последних публикаций.