SHODMONQUL SALOM


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган!
Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


ИҚРОРЛАРИ

Ит нафсим кўйида мағлубмен, хормен,
Вале шукронам мўл, ҳисобда бормен.

Шукронам мўл дерман, билмам – кўрликдир,
Кўрлик дегани ҳам жуда турликдир.

Билмасмен – қайси бир дафтаридамен,
Бебароридам-у, бароридамен?!

Билмасмен – қўрқувим, умидим – шундан,
Тонгнинг иқболини тилармен тундан.

Билганим – маъсият чоҳидадирмен,
Масжид, майхонада – гоҳидадирмен.

Мунофиқ ким дея, ўқирман ваъзлар,
Исрофил сурини мен сабаб созлар.

Водариғ! Суяклар кетар қарсиллаб,
Ўйимдан ўт қочар аршга чарсиллаб.

Бу сўз ҳам юракнинг тубидан эрмас,
Юрак тубидаги сўз тилга келмас.

Ўзи суйганини қувонтирармиш,
Йиғлаб толмаганни юпантирармиш.

Ўтди “миш-миш” билан қирқ йиллик шамол,
Қирчанғим жилови сенда – Зулжалол!

Билмам – пок булоқлар кўзидан эдим,
Кўйингда ёнганлар сўзидан эдим.

Таёққа бағрини бермиш оталар,
Чўбин отда қайтмас бўлмиш оналар.

Билмам икки куйган жоласи эдим,
Тилаб олганлари – ноласи эдим.

Эй, Ғаффор, номингга бўлай садоға,
Не жавоб айларсан, гумроҳ садоға?!

Эй, туғилмасимдан ҳисобим олғон,
Эй, тор манглайимга имлосин солғон.

Эй, томчи хорликдан мени бор этган,
Ўзин сезмаганни Ўзи хор этган.

Тишларим тишимга ботиб бородир,
Сўнгакларимдан ҳам ўтиб бородир.

Сира айбситмасман томирдан қонни,
Ва унда югуриб юрган шайтонни.

Ё, Қаҳҳор! Шайтондин бадлар ҳам бисёр,
Такаббур тилимни ўзинг тий, Саттор!

Хорлиқ бермай, азиз қилмас эмишсан,
Банданг ҳоли толғин, толмас эмишсан.

Ё, Ғаффор! Тилимни этдинг-ку бийрон,
Билганига амал қилмаган ҳайрон.

Ё, Ғаффор! Ҳолимга кулар коинот,
Ўшал кулгуларни қилғил каффорот.

Суяк суриб келдим Одам атодин,
Асраб келодирсан, минг бир балодин.

Билиб билмасликка олганларинг бор,
Билмаслик илмини олганларинг бор.

Ё, Ғаффор! Авф этгил, ҳисобда бормен,
Ҳисобинг қаттиқдир, бўзлаб турурмен.
Вале, билганим шул – мағлубмен, хормен.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


...Хорлиқ бермай, азиз қилмас эмишсан,
Банданг ҳоли толғин, толмас эмишсан.

Эй, томчи хорликдан мени бор этган,
Ўзин сезмаганни Ўзи хор этган.

Билмасмен – қўрқувим, умидим – шундан,
Тонгнинг иқболини тилармен тундан.

Билганим – маъсият чоҳидадирмен,
Масжид, майхонада – гоҳидадирмен.

Мунофиқ  ким дея, ўқирман ваъзлар,
Исрофил сурини мен сабаб созлар...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


...
Саволимга узоқ вақт жавоб изладим... Ниҳоят "Ҳужжатул Ислом" унвонли имомдан жавоб олгандай бўлдим:
"...на халқ назарида, на Аллоҳ наздида мўътабар кимса эмассан. Фойдаси йўқ, маъносиз, қуруқ даъво билан юрган бекорчи одамсан!"


Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙ "Қалблар кашфиёти" асаридан.

Ш. С.
@Shodmonqul_Salom


* * *
Жўралар, мен шундай кўйга тушганман,
Йўқолган тангадай сойга тушганман.
Бир жондошим ўтди, мотамга жўнаб,
Мезбону меҳмон маст тўйга тушганман.

Жисмим ерда, ўзим ойга тушганман,
Сакраб қирғоқ эмас, сойга тушганман.
Алёрлар айтилди, орзудан эриб,
Парвонага дўниб, майга тушганман.

Мен кўнгил ғорида кетаётгандим,
Дилнинг кўпригидан ўтаётгандим,
Қарсиллаб кетди-ку қирқ битта бандим,
Шундан бери йўқман, ўйга тушганман,
Сира топилмайман, қайга тушганман?

Мендан одам эмас, тандир ясасин,
Ҳайёмнинг тўнкариб қўйган косасин.
Қўшсин Мажнун оҳи, Лайли ғуссасин,
Лекин ундан аввал топсин, изласин,
Ахир олов излаб лойга тушганман,
Шу лой бино этган найга тушганман.

Йўқолдим, сеҳрли кўзмунчоқ эдим,
Кўнгилдан чиқмасдим, тортинчоқ эдим,
Одамга одамдай овунчоқ эдим,
Одамга ўхшаган ўйинчоқ эдим,
Сотилиб кетдимми, қайга тушганман,
Бир фақирга ёки бойга тушганман.
Жўралар, мен шундай кўйга тушганман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_Salom


...Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

4k 1 32 2 49

АЁЛ ШАЪНИ

Баъзи "инқилобчи"ларга!

1.
Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

“Ватанни севаман” деган изҳорни
Айтмасдан, жим юриш мумкиндир, илло.
Лек азиз аёлга бир даста гулдай,
“Севаман!” сўзини айтмаслик гуноҳ!

Ана шу аёлнинг кўксидаги нур,
Бу совуқ оламни сирга ўраган.
Ўзидан зериккан, кулгуси салқи,
Бемурод дунёнинг лабин бўяган.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ўзи-чун яшашни унутиб гоҳо,
Муҳаббат тонгида ойдай балққаним.
Ўзбек аёли ҳам бордир шу сафда
Ўлмасин болам, деб туғдай қалққаним.

Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Ўзи бир штат иш – ўзбек бўлмоқлик,
Ўзбек аёли бу – икки бор яшаш.
Бу номни кўтармоқ учун қанча куч,
Қанчалар улуғлик, матонат, кураш...

Ва буюк муҳаббат керак бўлади,
Бу улуғ шарафни пок тутмоқ учун.
Меҳр тиланмайди, қозонилади,
Куч керак! Сабрни жим ютмоқ учун!

Эй, сиз азиз аёл номидан сўзлаб,
Энг гўзал боғимга тегаётганлар.
Бир бор келинчакдай эгилмай туриб,
Менинг ҳам бошимни эгаётганлар.

Номус матосини кўчага ёйиб,
Қуёш юзига кул сочаётганлар.
Худо билан аёл ўртасидаги
Энг пинҳон дарчани очаётганлар.

Эй, аҳли гумонлар, билинг оламда
Ҳалиям ошиқлар ва ҳижрон бордир.
Ҳалиям кимгадир висол ҳурмати
Титраб турган гулнинг жамоли ёрдир.

Ҳа! Недир сир бўлиб қолиши керак!
Неларнингдир пинҳон тургани зебо.
Кимдир ҳаё тутган парда ортида
Нозик энтикканда портласин дунё.

2.
Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номига айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

4k 0 52 2 32

БОСГАН ИЗИ – ЮРТ ХАРИТАСИ...
Азиз онажонлар! Меҳрибон опа-сингилларим, кўзимизни қувнатган қизларимиз! Барчангизга 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муборак бўлсин! Дунёнинг шодлиги учун, ҳаётнинг муқаддас бўлиб қолиши учун бахтимизга доимо соғ бўлингизлар!

Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номига айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Ҳурмат ва меҳр билан, Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

4k 0 41 4 23





“МАЙДАКАШ” ШОИРНИНГ ШЕЪРИ

Тўлиб келдим уйга бу оқшом,
Туфлаб кўрдим – қип-қизарди қор.
Болам ҳайрон, аёлим вайрон:
“Айтинг, ахир не дардингиз бор?

Мана, сизда фаровон ҳаёт,
Обрўлисиз, уй-жойингиз бор.
Кимлардир зўр шоир, деб билар,
Нима сизни ўртади бекор?”

Сал паришон боқиб уларга,
Бир зум тургач тилим эшилди:
Мен ҳаёти чаманзор шоир,
Ўзи недан кўксим тешилди..?

Мен шоирмас, даласидаги
Ҳосили хор бўлган бир жонман.
Пайкалдаги тарвуз, пиёзин
Сотолмасдан куйган деҳқонман.

Мен шоирмас, Ўрисга кетиб,
Томдан қулаб қайтган майитман.
Уйидаги етимчаларнинг
Фарёдига жўр бўлган итман.

Мен шоирмас, илм йўлида
Тер тўккан-у иши унмаган.
Бўйинбоғли ўлаксахўрга
Йиғиб қўйган зари бўлмаган.

Мен шоирмас, ўз бойлигига
Қўли етмай, ҳавас этгувчи.
Газга навбат кутган шофёрдай
Тушунмасдан гангиб ўтгувчи.

Мен шоирмас, бир нотовонман,
Кўринмас бир занжирда қўлим.
Ичим тўла савол бўлса ҳам,
Хушомаддан бўшамас тилим.

...Рўпарамда пайдо бўласиз,
Сўзларингиз вазмин, сермаъно.
Бир лаҳзада кимлигим айтиб,
Беражаксиз танбеҳлар – сипо:

“Майда гаплар сизга ярашмас,
Келажакдан, ҳикматдан сўйланг!
Ахир, оддий, майда одамлар
Тушунмайди шеърингиз... ўйланг...”

Эй, тиллари бозингар элдош,
Аврамагин, бунда турмайман.
Сен алқаган шу қутлуғ юртни
Мен ҳам унча ёмон кўрмайман.

Майда гапли бўлсам ҳам, гарчи,
Дуо учун кимга қўл тутдим?
Масжиддаги пиримдан эмас,
Тезак терган бевадан кутдим.

Бир замонлар халқим пахтакор,
Ватан эса пахтазор эди.
Нени орзу қилдим – етишдим,
Чиндан иқбол кулсин-да, энди!

Адашмагин: бу азим юртнинг
Тоғ-у дашти, сойи бизники!
Бир-биридан айирмай севдим –
Камбағал-у бойи бизники!

Барчамизга тегишдир бу эл,
Ҳаммамизга тенгдир бу ҳаёт.
Суҳбатимиз англаб турибди
Ҳамма тилни тушунгувчи Зот.

Туҳмат қилмам – қўрққум Худодан!
Ҳар бандага бир хил шартлари.
Нима қилай – мени майдалар
Катта халқнинг майда дардлари.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ТАВБАСИ

Бисмиллоҳир Раҳмони Раҳийм!
Шавқидин титраётир сўнгак-этим.
Қирқ ёшдин ошғоннинг даъвоси бу,
Қирқ бирга етганнинг нидоси бу!
Илки бўш сайёднинг жазоси бу,
Майпараст дарвешнинг иддаоси бу!

1
Гуноҳ қилдим, ёронларга ибрат учун,
Куч топмадим Яратганга қурбат учун,
Ҳозирмасман, кўзёшлар сел фурсат учун,
Қирққа кирмай ерга кирсам - соз бўларди,
Қилмишларим, ёзмишларим оз бўларди.

Фарёдимдан зириллайди тунлар ҳилол,
Ўзим билан қирғинларим кўп ноҳалол,
Ғофил бўлдим овозингдан, ҳазрат Билол!
Қирққа кирмай ерга кирсам ҳам бўларди,
Оғриқларим неча пайса кам бўларди?!

Бешикдаги гўдак каби исёним мўл,
Тобутдаги муслим каби ёноғим ҳўл,
Бадмаст каби учта бўлиб кўринар йўл,
Қирққа кирмай ерга кирсам не бўларди,
Умидимки, бад бўлмасди, беҳ бўларди.

Бари қилган ибодатим таҳоратсиз,
Масжидларда мунофиқман, саодатсиз,
Шул ёшимда ҳасадгўйдек ҳаловатсиз,
Қирққа кирмай ерга кирсам чин бўларди,
Чап елкамда малоик ҳам жим бўларди.

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,
У жойларда Шодмонқулни кўрмадик, денг,
Унинг билан ёмон гиёҳ термадик, денг,
Қирққа кирмай ерга кирсам бўлмасмиди,
Майхоналар! Майинг сабил қолмасмиди?!

Қадаҳ тўлди қирқ бир йиллик армон билан,
Бир-бирига рост келмаган фармон билан.
Ёнаяпман қиёматсиз ҳижрон билан,
Қирққа кирмай ерга кирсам соз эмасми,
Қилмишим мўл, қилмаганим оз эмасми?!

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,
Рамазонда ифторлигин емадик, денг,
Садақасин, садоқатин кўрмадик, денг,
Қирққа кирмай ерга кирсам яхши эди,
Нидолари кўкни қучган бахши эдим.

Тур тоғида Мусо кўрган сирдай эдим,
Масиҳони чулғаб олган нурдай эдим,
Муҳаммадни мафтун қилган шеърдай эдим,
Қирққа кирмай ерга кирсам соз эди-я,
Гуноҳим ҳам, савобим ҳам оз эди-я?!

Гоҳ-гоҳида мен ҳам ҳаё қиладирман,
Тирикликни гоҳи рўё биладирман,
Куймайдиган сўнгагим бор, биладирман,
Қирққа кирмай ерни қучсам бўлар эди,
Умр жоми маъно билан тўлар эди.

Эй, ёронлар, сўрасалар, яхши, денглар,
Дарвеш эди, мулло эди, бахши денглар.
Юрагимни калхат еди, едик, денглар,
Қирққа кирмай ерни макон этмадим-а,
Савобингиз кўпайтириб кетмадим-а?!

Савдо қурдим майхонада жонон билан,
Тужжор бўлдим бир қайиқда нодон билан,
Арзонгина сотилганман жаҳон билан,
Қирққа кирмай ерга кирсам, қандай соз-а,
Уёғини сўрамайди мендан боз-а?!

Қандоқ тутай қаламимни қабр аро,
Мункир-Накир келганида айлаб сўроқ,
Шом ва аср орасинда кўкда ўроқ,
Қирққа кирмай ерга кирсам осон эди,
Менинг кўнглим бир замонлар пасон эди.

Пиёламни тўлдиргандир менинг алам,
Кўзёш билан ёзаётир қўлда қалам,
Ғарибингни дуо қилгил, мулло болам,
Қирққа кирмай ердан рутба изламадим,
Эси борлар бўзлаганда бўзламадим.

Тавба, дейман, ёноғим ҳўл, тавба дейман,
Фарзанд ҳаққи, эл-юрт ҳаққи тавба дейман,
"Айнал яқийн, Айнал яқийн!" Тавба дейман,
Қирққа кирмай ерга бормай турибман мен,
Билиб-билмай ерга бошим урибман мен.

Тавба дейман, тавба дейман, тавба дейман..!

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM


КЕЧИККАН ХАТ

Ўткир, Московда ҳам эридими қор,
Кўзёшдек жимирлаб, кетдими музлар?
Ўткир, Московга ҳам бордими баҳор,
Московда ҳам гўзал бўлдими қизлар?

Ўткир, биз томонда майсалар кулди,
Изларинг кўзёшдир – халқобли йўллар.
Сендан вафо истаб, сенинг йўғингда, 
Ўзгадан гул олиб титради қўллар.

Ҳув, ўша сен кезган рус ўрмонидай,
Бир қизнинг сочлари шовуллаяпти.
Унинг юрагида, юрак тубида,
Бир асир туйғулар увуллаяпти.

Тингла, сезяпсанми, эшитяпсанми,
Тақдир яшин каби ташлади фармон.
Яшил майсаларнинг бошини эгди,
Есенин қабридай гўзал бир армон.

Бу «оҳ»ни томоша қилмоққа ҳад йўқ,
Изоҳ сўрамагин таржимонлардан.
У кўнгил дардларин айтолмаётир,
Антеннаси чиқмас телефонлардан.

Мана, борлиқ аро яшнади баҳор,
Бугун тўй бўляпти, келиндир бир қиз.
Унинг юрагида изғирин ва қор,
Сенинг юрагингда эримайди муз.

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM

1.8k 0 23 10 35

Репост из: SHODMONQUL SALOM
БАҲОРНИНГ КЕЛИШИ

Тушнинг давомидай бир кеча эди,
Туннинг саволидай ҳур эди кўнглим.
Дераза, нима у шитирлаётган?
Баҳорми, ёмғирми, вой, жоним синглим.

Кўнглим эриб кетди эскирган қордай,
Юзимга урилди соғинчнинг ели.
Кўнгли кўкламларга кетган бемордай,
Чопгиларим келди, ҳайқиргим келди.

Соғинч – отам қишда кураган қорлар,
Бойчечак лабига кулгулар тошди.
Қўзи боқиб юрган болалагим ҳам,
Баҳор, ташрифингдан энтикди, шошди.

Баҳор, сен бордингми Сурхондарёга,
Кўрдингми турнадай сингилларимни?
Боқдингми, онамнинг достон кўзига,
Ўрикка илдингми кўнгилларимни?

Бойсунга узатган қизи келгандай,
Бодомгул рўмоли ҳилпираб, шошиб,
Ялангоёқ чопган қизалоқлардай,
Қирларга қўзигул кетгандир тошиб.

Жўралар, мен бугун ишга чиқмайман,
Бўзсувга қаранглар, у – менинг кўнглим.
Тошкентда туриб ҳам бормайми, ахир,
Бойсундан келибди баҳорим, синглим.

Тушнинг давомидай бир кеча бўлди...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Баҳор келди!
Барчамизга муборак бўлсин!
@Shodmonqul_SALOM


#Рамазон_илҳоми
***
Дедики, "Рамазон ойлар султони,
Бу ойда занжирбанд этилган шайтон!"
Бешак қабул этгум ушбу нидони,
Аммо не сабабдан қон ютар жаҳон?

Қилмишин бир умр бировга тўнкаб,
Таскин тополмаган қуруқ исёнмиз.
Асли кимлигимиз билурсан, Эгам,
Қачондир покдомон бўлган инсонмиз.

Ва билдим, қўлидан бир иш келмаган,
Бизлар – бировларга мудом ташвишмиз.
Ўзгаларни айблаб турибмиз, гарчи,
Шайтон кишанланган, биз эса бўшмиз.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Репост из: SHODMONQUL SALOM
СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?..

Султонбой ДЕҲҚОНОВ фотоси




***
Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Осмон гувоҳ эди – бир жаҳон эдим.
Устимдан телбалар тепиб ўтдилар,
Мен ҳам ўзни телба – беморга солдим.

Кўнгли ўксимасин ҳасадда куйган,
Бир кун шу хор кўнгил обод бўлар-да...
Умидим – умиди узилмасин, деб,
Ўзимни ноилож, ночорга солдим.

Мендан нима кетди, қўлларим сахо,
Камайиб қолмайман – берган-ку Худо.
Ё, Раббим! Шу банданг кир кўнгли учун
Ўзимни шу бугун беорга солдим.

Юрак топганини тутади менга,
Бир ғамгин шод бўлса – етади менга.
Онажон! Қайғурма, қисмат бичилган,
Шу боис бу дилни бозорга солдим.

Барқарор не бордир, таслим бўлгали,
Сафарим тупроқдан сопол қилгали,
Собит бир имон бор – силжитолмаслар,
Бу дилни шу сабаб бедорга солдим.

Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Ўзимни тугунлаб бир ғорга солдим.
Билмасликка олди – шуниси хушдир,
Ўзимни бемор-у ночорга солдим.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Қачон бошлангансан, эй оғир қўшиқ,
Руҳимда овозсиз, тинмай оқасан.
Соғинчинг емирди соҳилларимни,
Лаби шаккар илон, қачон чақасан?

Аврайсан, тушингга олиб кирасан,
Исмсиз одамдай қолар ҳаётим.
Бир жойларда мени яхши кўрасан,
Бир жойлардан ёмон келади додим.

Сенинг тушларингда қанчалар яхши,
Кўнглимнинг ярасин боғлаб қўясан.
Менинг тушларимда оқ кўйлагимни
Дазмолда... куйдириб қўясан.

Чоҳдаман, бошимда ойдай турасан,
Узалсанг – етасан, узалолмайсан.
Қўлларингни чўзгинг келади, аммо,
Кўзёш ҳам келади, тўхтатолмайсан.

Айт, қачон руҳимга тушдинг, эй яшин?
Куйган томонимга тўғри келгансан.
Балки, гул тергали кетган чоғимда
Нуҳнинг кемасида кетиб қолгансан.

Билмайман... тақдирни англашга ўхшар,
Охириси борга ўхшаб кетади.
Сенинг соғинчинга менинг додимни
Уласак – Тангримга етарди.

Ё, Тангрим! Бу қандай азобнинг тури,
Кул бўлдим, совутмай яна қийнайсан.
Кулимдан гар ошиқ яратсанг такрор,
Йиғлатма, йиғласа, юпатолмайсан.

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM


БОЛАЛИК

Болаликнинг осмонларида
Булутларнинг ниятлари пок.
Бу йилларнинг зиндонларида
Не туйғулар бўлмади ҳалок.

Болаликда баҳор бўларди
Ёмғирлари, қўзичоқлари.
Ойсанамга хўп ярашарди
Ўт-ўланли тақинчоқлари.

Қўйдай ўтлаб юрар туманлар,
Шитирлайди яшил-оқ ҳаво.
Чақмоқ эмас кўкни ёритган
Гулхан ёқиб исинар Худо.

Гумбурлайди самонинг сатҳи,
Қарсиллайди юрак — чилторим.
Зўр қурилиш бўляпти кўкда,
Уй бошлабди Парвардигорим.

Болаликда тутганим олтин,
Зумрад эди, жавоҳир эди.
Эй жўралар, ҳеч кимман ҳозир,
Болалигим зўр шоир эди.

Дунё чети — қирда, отам тик,
Хирмон ташлар донни саралаб.
Тақдир сопи зувиллатганча,
Чиллак кетди йиллар оралаб.

Мен абадий ўн ёшдадирман,
Қирга чиқиб тушолмай қолдим.
Болаликдан сўрамай кетиб,
Ана шундай таасурот олдим.
Болаликда осмон бор эди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Показано 20 последних публикаций.