Тошкент автобусларида тўловларни нақд пул кўринишида қабул қилиш тўхтатилганидан кейинги 10 кун ичида (1–10 январь кунлари оралиғида) автобуслардаги кунлик йўловчи оқими 871 минг кишидан 1,19 млн кишига (43,5 фоизга), шу 10 кунликдаги даромад эса 8,5 млрд сўмдан 11,5 млрд сўмга (36 фоизга)
ошибди.
Бу атиги бир қаторгина ахборот – бунда нима тушириб қолдирилган, нима қўшиб юборилган, қайси объектив ва субъектив омиллар ҳисобга олинган ва олинмаган, бир нима дейиш қийин. Лекин шу ҳолида ҳам рақамлар даҳшат: тасаввур қилинг, ҳар 10 кунда оз эмас, кўп эмас, ўртача 3 млрд сўм (тахминан 230 минг доллар) нақд пул қайсидир чўнтакларга кириб кетаётган бўлган.
Кунлик йўловчи оқими 43,5 фоизга кўпайгани ҳақидаги фактдан ўзимга келолмаяпман, очиғи. 43,5 фоиз – 50 фоиз деганингдан атиги 6,5 фоизга камроқ-да, тўғрими – бу амалда ташилаётган йўловчиларнинг қарийб ярми-ку, эй! Ë тавба! Яна қанчадан-қанча соҳада мана шунақа йўқ жойдан пайдо бўладиган 43,5 фоизлар бўлса?
Тошкент
жамоат транспортида тўловларни нақд пулсиз, автобусларни кондукторсиз, ҳайдовчиларни “план”сиз қилиш ҳақида неча замондан бери гапириларди, эҳ, Ислом Каримов тирик эди ҳали – шунча пул шаршара мисоли оқиб тургани учун ҳам тизимни шу вақтгача ҳеч одам қилиб бўлмаган экан-да.
PS. Бир киши Твиттерда
ёзибди:
“Бугун автобусда бўлган ҳолат: чамаси 70 ёшли онахон ҳаммадан илтимос қилиб юрибди, “нақд пул бераман, картангиздан тўлаворинг”, деб. Кўпчилик рад жавобини берди. Бунақа тизимни шундай инсонларни ҳам ўйлаб, шароит яратиб, кейин жорий қилиш керак эмасмиди?”. Албатта, бундай ҳолатларга имкон қолмаса яхши эди, тез орада қолмаса ҳам керак. Нафақат ўз ватандошларимиз, балки
чет эллик меҳмонлар ҳам қийналмайдиган қилиб қўйилса керак. Ҳар нима бўлганда ҳам, ҳозирги янги тизим қолиши ва янада ривожлантирилиши керак.