Бугун, 20 январь куни Дональд Трампнинг АҚШнинг 47-президенти лавозимига киришиш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда билиш муҳим бўлган
нарсалар:Анъаналар. Инаугурация доимо 20 январда ўтказилади, бу АҚШ Конституциясига киритилган тузатишлардан бирининг талаби. Бугунги тадбирнинг ғайриоддий томони, у одатдагидек Капитолий олдидаги майдонда эмас, балки ичкарида, АҚШ Капитолийси ротондасида бўлиб ўтади. Трамп ва маросим ташкилотчилари бундай қарорга келишининг сабаби - Вашингтонгдаги қаттиқ совуқ (-11 даражагача). Инаугурация пайтида одамлар одатда ташқарида узоқ вақт кутишади, полициячилар итлар ва отлар билан тартибни сақлашади; Трамп бундай совуқда ҳамманинг хавф остида қолишини тушунтирди. У инаугурация парадини ҳам бекор қилди. Бунинг ўрнига Capital One Arenaда 20 мингга яқин одам сиғадиган катта намойиш бўлиб ўтади.
Инаугурация меҳмонлари. АҚШда хорижий давлатлар вакилларини инаугурация маросимига таклиф қилиш анъанаси йўқ. Аммо Трамп бир нечтасини, жумладан, Аргентина раҳбари Хавер Милейни таклиф этди. Хитойдан Вашингтонга ХХР вице-президенти Хан Чжен ташриф буюрди - бу камдан-кам учрайдиган ҳодиса деб баҳоланмоқда.
Меҳмонлар орасида америкалик миллиардерлар кўп бўлади: Трампнинг яқин гумаштасига айланган Илон Маскдан ташқари Марк Сукерберг (Мета), Жеф Безос (Амазон), Сем Алтман (Open AI), ҳамда ТикТок раҳбари Шоу Тси Чу ташриф буюриши кутилмоқда.
Кимнинг ҳисобига зиёфат? Инаугурация билан боғлиқ расмий тадбирлар АҚШ бюджети томонидан молиялаштирилади, норасмий зиёфат ва қабуллар учун эса ҳомийлар (юқоридаги миллиардерлар) маблағ ажратган. Трамп бу тадбирлар учун тахминан 200 миллион доллар йиғди, бу тўрт йил аввал Байденга қараганда уч баравар кўп. Инаугурация тадбирларига IТ-компаниялар ҳамда Форд, GМ, Goldman Sachs, Johnson & Johnson, Делта, McDonald's каби йирик бизнес бажонидил ҳисса қўшишди. Баъзи тадбиркорлар учун бу Трамп ва унинг жамоаси аъзолари билан муносабатларни йўлга қўйиш ва инаугурация зиёфатларида улар билан мулоқот қилиш имконияти сифатида кўрилмоқда. Трамп вакиллари ОАВ билан суҳбатда бу ихтиёрий-мажбурий хайрияларни Трампдан кечирим сўраш усули деб аташган.
Биринчи куннинг 100 та фармони. Трамп ва унинг жамоаси аъзолари президент инаугурациядан сўнг унинг сайловолди ваъдаларини амалга оширадиган 100 га яқин фармонни имзолаши ҳақида эълон қилишди. Фармонларнинг аниқ мазмуни ҳозирча номаълум, аммо бошқа нарсалар қаторида Трампдан қуйидагилар кутилмоқда:
- АҚШда, шу жумладан, Аляскада нефт қазиб олишни осонлаштириш;
- Ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш ва туғилганлик бўйича фуқаролик ҳуқуқини бекор қилиш (лекин бу ҳуқуқ Конституцияда белгиланган, шунинг учун бу борада ҳали жанглар бўлади);
- Мексика билан чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилиш;
- АҚШ Демократик партияси ва Байден маъмурияти тарғиб қилган DEI (тенглик, инклюзивлик ва турфалик сиёсатидан қисман воз кечиш, ҳусусан Қуролли Кучлар сафида;
- Электромобилларга дотацияларни бекор қилиш;
- Тўрт йил олдин Капитолийга уюштирилган ҳужумдан кейин ҳукм қилинган кўплаб Трамп тарафдорларини афв этиш (Трамп уларни "гаровга олинганлар" деб атайди; эҳтимол, полицияга ҳужум қилганлар афв этилмайди).
- Трамп, шунингдек, Жон Кеннеди, Роберт Кеннеди ва Мартин Льютер Кингнинг ўлдирилиши ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилишга ваъда берган.
Эълон қилинган кўплаб фармонлар Трамп ижро ҳокимияти ваколатларидан максимал даражада фойдаланиб, ҳокимиятнинг бошқа тармоқларини - қонун чиқарувчи ва суд органларини четга суриб қўйишга ҳаракати деб ҳисобланмоқда.
Инаугурацияни қаерда кўриш мумкин? Маросимнинг расмий саҳифаси бу
ерда.
@platformauzb