Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
АМАЛЛАРИНГГА СУЯНИБ ҚОЛМА... Ҳотам ал Асом шундай деган эканлар: «Шароитим яхши, ҳамма нарсам бор деб ғурурланма. Зеро, жаннатдан яхши жой йўқ эди, аммо Одам алайҳиссалом у ерда нималарга дучор бўлдилар?!
Кўп ибодат қиламан деб ҳам ғурурланма! Зеро, Иблис шунча ибодат қилиб ҳам нималарга дучор бўлди?!
Илмим кўп деб ҳам ғурурланма! Зеро, Балъам ибн Боъуро Бани Исроилнинг олимларидан эди, Аллоҳнинг исми аъзамини яхши билар эди. Бироқ оқибатда кофир кимсага айланиб, итдек ўлиб кетди.
Солиҳлар суҳбатида бўламан, улар билан салом-алигим бор деб ҳам ғурурланма! Набий алайҳиссаломдан қадри улуғ Зот йўқ эди, бироқ У зот билан ҳамсуҳбат бўлган, ҳатто қариндош бўлган баъзи кимсаларга бу нарса манфаат бермади.
Насл-насабим улуғ деб ҳам ғурурланма! Аллоҳ таоло: «Эй Нуҳ, у (ўғлинг) сенинг аҳлингдан эмас! Бу (яъни унинг куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир», деди (“Ҳуд” сураси, 46-оят).
Яна Аллоҳ таоло: «Сур чалинган (яъни Қиёмат қоим бўлган) Кунда ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас, бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар», деган (“Мўъминун” сураси, 101-оят).
Амалларга суяниб қолиш, ҳолатидан рози бўлиб қолиш энг хунук хислатлардандир. Зеро, бундай ҳолат Аллоҳ таолодан хавфсираб туришдек мақомга
қарама қарши нарсадир...