Иброҳим ибн Уяйнадан: «Қайси инсоннинг пушаймонлиги кўп чўзилади? – дея сўралди. У айтди: – Яхшиликни билмайдиган кимсага яхшилик қилувчи кишининг пушаймонлиги бу дунёда энг узоқ чўзиладиган пушаймонликдир. Аммо Охиратда энг кўп пушаймон бўладиган инсон – сусткаш, илмига амал қилмайдиган олимдир».Изоҳ. Инсон барча махлуқот каби меҳрга муҳтож жонзот. У умри давомида бу эҳтиёжни қондиришга сабаблар излайди. Тўғрироғи, шундай сабабларни ўзи қийналиб, риёзат чекиб барпо қилади, токи меҳрга ташна қалби истагига етсин. Аммо умрлар сарфлаб чекилган меҳнат, риёзатлар натижаси гоҳида вафо, гоҳида жафо бўлиб эгасига қайтади. Бировга қилинган яхшиликнинг бу дунёда ҳар доим ҳам қайтмаслигига тайёр бўлиш ихлоси мукаммал инсонларга хос табиат. Бандаликни бўйнига олган ҳар қандай киши «менинг ихлосим мукаммал» деган даъводан қочади.
Тасаввур қилинг: куннинг тиғида йўл юриб, йўл юрсангиз ҳам мўл юриб, манзил томон шошяпсиз, чанқоқдан тилингиз қуриб, лабингиз ёрилиб кетган, атрофда на соя-салқин жой, на ичишга сув бор. Шунда шу ўртада бир пайтлар ўзингиз қазган қудуқ борлиги эсингизга тушди. Қудуқни излаб топдингиз, суви тўлиб-тошган ётган қудуқ сиз унга яқинлашиб, энди сувига лабингиз тегай деганида суви пастлаб кетса, қудуқнинг тубидан сувни чиқариб олишга сизда на бир арқон, на бир челак бўлмаса, қандай ҳолга тушасиз, жуда аянч ҳолат?! Аянчлиги шу даражадаки, яхшиликни билмайдиган кимсага яхшилик қилувчи кишининг пушаймонлиги қадар аччиқ, ични тирнайдиган, асорати узоқ чўзиладиган аянчлик!
Аслида бу аччиқ ва узун пушаймонга яхшилик кўрган кишидан кўра ҳам яхшилик қилувчи кўпроқ сабабчидир.
“Унвонул баён”дан.@mehrob_uz