Ўзбекистонда бензин қиммат бўлади, товони жуда қиммат бўлади (охиригача ўқиманг)Россиянинг Украинадаги босқинини фаол молиялаштираётган компания ўлароқ
Европа Иттифоқи,
Буюк Британия ва
АҚШ санкцияларига киритилган Газпром нефть Ўзбекистондан АЁҚШлар тармоғини
қурмоқчи.
Бу албатта, жуда ёмон хабар. Гап фақат санкциялар ва иккиламчи санкциялар рискида эмас, гап фақат буларнинг бензинини сотиб олиш орқали истеъмолчилар қонхўрлик ва зўравонликка шерик бўлишида ҳам эмас. Гарчи буларнинг барчаси миллий ва шахсий гигиенада жуда катта аҳамиятга эга. Бир кун келиб уруш барибир тугайди, босқинчилар мағлуб бўлади ва жазосини олади, босқинчилар қўлтиғига сув пуркаган елпатаклар шарманда бўлади.
Лекин бозоримизни потенциал агрессорга қўш-қўллаб топшириб қўйганимиз ва рақобат муҳитини ўз қўлимиз билан ўлдирганимиз қолади.
Қаранг, Ўзбекнефтегаз қўлидаги АЁҚШлар тармоғини кимга топширдик? Ўзбекнефтегаз пудрати, конлари ва активларини эгаллаб олиб, заправкалар тармоғини қураётган ким? Газпром нефть устида ким турипти?
Шахсан Энергетика вазири заправкаларини очиб бераётган Лукойл ёрлиқни кимдан олган? Буларнинг ҳаммаси бутун ресурсларини, айниқса энергетика воситаларини империяни тиклашга сафарбар этган Кремлнинг прокси компаниялари-ку.
Биз 2016 йилгача шимолдаги босқинчиларга фақат меҳнат мигрантлари масаласида қарам эдик, тилимиз қисиқ эди, азобини ҳалигача тортмоқдамиз. Ўтган 8 йилда йўқ жойдан энергетикада яна бир, унданам қўрқинчли қарамликни яратмадикми? Газимизни ўз қўлимиз билан топширдик, ёқилғи импортида сунъий равишда қарам қилиндик, мана энди бензин бозориниям ўз қўлимиз билан ҳадя этмоқдамиз. Бунинг товонини қандай тўлаймиз? Қанийди, фақат қиммат бензин билан бўлса.
160 йил аввал Тошкент дарвозалари калитини босқинчиларга топширганлардан нима фарқинглар бор, шонли энергетиклар?
Тарихга ким бўлиб кирасизлар? Сизлар энергетик бўйунтуруқ илган авлодлар тавқи-лаънатига нима деб жавоб берасизлар? Худони олдида-чи?