Янги ҳукумат яширин ва ёпиқ қарорлар қабул қилишда давом этадими?
Давлат раҳбари
қонуности
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларимизда белгиланган
талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаётганига эътибор қаратмоқда.
Бу ачинарли ҳолат охирги йилларда
нормага айланиб қолгани ҳақида жуда кўп ёзилди. Афсуски, ҳукумат ва вазирликлар жамоатчилик фикри ва турли муқобил ёндашувларни ҳисобга олиш масъулиятини деярли унутиб бўлган.
Бунданда оғир масала яширин ва ёпиқ қарорларга тааллуқли. Ўзбекистонликлар уларнинг иштирокисиз қарор қабул қилинишига аста-секин кўниктириб бўлинди ва энди қабул қилинган қарорларни яшириш ва эълон қилмаслик одати шаклланиб, керак бўлса,
ҳукуматнинг визит карточкасига айланмоқда. Бунинг учун қонунларимизда на чеклов, на жазо ва на мажбурият бор. Ҳукуматнинг қарорларни яшириши ва эълон қилмаслигини маҳаллий ҳокимликлар ўзларига намуна деб билишмоқда. Жойларда айрим ҳокимларнинг 80 фоизгача қарорлари ёпиқ ҳолда қабул қилинмоқда.
Яширин ва ёпиқ қарорларнинг мутлақ катта қисми бизнесга ва иқтисодий соҳаларга оидлиги, бундай қарорларнинг аксари тор олигархик манфаатлар учун дарча ва истиснолар, рақобатни йўққа чиқарадиган, тенг имкониятларни бузадиган имтиёзлар, ўзбекистонликларни танловдан маҳрум қиладиган ва камбағаллаштирадиган мазмунга эгалиги жиддий ташвишга солади.
Ўзбекистонда йирик бизнеснинг, айниқса турли олигархик гуруҳларнинг ҳукумат қарорларига бевосита босими ва зарарли таъсирини камайтириш бўйича қонунчилик чекловларини киритиш вақти аллақачон келган.