#Ваҳшийликлар... Зўравонлик бир кунда бошланмайди...
Яқинда Бразилияда 24 ёшли Эмилиана Тамару Нунес Карвальюнинг собиқ ҳамроҳи томонидан бир неча кун уйда қамаб, зўравонликка учрагани ҳақида хабар тарқалди.
Энг дахшатлиси — бу оддий жанжал эмас, балки олдиндан тайёрланган ҳаракат бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Уй олдиндан ижарага олинган, жабрланувчига дори воситалари берилган, кейин эса у берк хонада ушлаб турилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уни қидириш жараёнида рақамли излар, автомобиль ва бошқа маълумотлардан фойдаланиб, уни топишга муваффақ бўлган.
Бу воқеа бизга бир муҳим ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади.
Зўравонлик кўпинча бир кунда пайдо бўлмайди.
Аввалига ҳаддан ташқари рашк бўлади.
Кейин телефонни текшириш, ким билан гаплашганини сўраш, қаерга боришини назорат қилиш бошланади.
Кейин ҳақорат, қўрқитиш, дўстларидан ва яқинларидан узоқлаштириш...
Кўпчилик эса, «Эр-хотиннинг орасига аралашмайлик»,
«Ўзлари келишиб олади»,
«Оила бузилмасин», — деб четда туради.
Аммо баъзи ҳолларда ана шу бефарқликнинг оқибати жуда оғир бўлиши мумкин.
Аёлнинг «йўқ» дегани — йўқ.
Унинг шахсий ҳаётини назорат қилиш — муҳаббат эмас.
Қўрқитиш — ғамхўрлик эмас.
Телефонини текшириш — ишонч эмас.
Қамаб қўйиш эса — ҳеч қандай муносабат билан оқланмайдиган зўравонликдир.
Яна бир муҳим жиҳат, собиқ муносабат тугагани билан хавф ҳар доим ҳам тугамайди.
Аксинча, баъзи зўравонлик ҳолатларида ажрашиш ёки муносабатни узиш жараёни хавфни кучайтириши мумкин.
Шунинг учун оиласи, яқинлари, қўни-қўшнилари ва жамият аъзолари зўравонлик белгиларини кўриб туриб, «менга дахли йўқ» деб ўтиб кетмаслиги керак.
Бир инсоннинг бақириғи эшитилса — эшитишимиз керак.
Ёрдам сўраса — ёрдам беришимиз керак.
Таҳдид борлигини билсак — бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Чунки баъзан бир вақтда берилган ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Зўравонликни оилавий сир эмас, жамият муаммоси деб қараш вақти келди.
https://t.me/Nigor_Alim