Муҳаббат Назар ФБда ёзади:
Суриядаги урушдан қочиб, бегона юртдан бошпана топган ва ўшаердаги ахлатхоналардан пластик ва картон қоғозларни йиғиб, қорин тўйдириб,
ҳозирда ватансиз, дарбадар юрган суриялик йигитнинг иқрорини ўқиб қолдим.
Ушбу аччиқ иқрор, тинчлик неъматини қадрига унчалик ҳам етмаётган айрим қоракўзларни минг маротаба мушоҳада юритишга мажбур қилса не ажаб.
У ўзини ва суриялик юртдошларини урушлардан аввалги ижтимоий ҳолатини қуйидагича изоҳлабди:
Биз Сурияда, кейинги даврда аҳком кесувчи ва шукрсизлик билан яшадик. Ҳар соҳада ва ҳар мавзуда бир-биримизни четлатишни бошладик.
Бу дискриминация жамият ичида аста-секин кучайиб борди.
Шиа иқтидор бўлгани учун, бошқани бошқача ёқтирмас эди.
Суннилар кўпчиликни ташкил қилгани учун, улар ҳам бошқаларни ёқтирмас эди.
Христиани бой- бадавлат бўлгани учун, бошқаларни ёқтирмас эди.
Курди бошқасини яхши кўролмас эди.
Араблар ўзидан бошқани севолмасди.
Туркмани ҳеч кимни ёқтирмасди.
Яъни, суриядаги бирорта ёки ҳеч қайси одам ўзидан бошқани, бошқача ёқтирмас ва ишонмас эди.
Ҳар ким интернетда ўтириб, фақат ғийбат қилишни биларди.
Тармоқлар орқали, ҳар ким ўзидан бошқани бемалол ҳақоратлай оларди.
Ҳар ким, ҳар кимдан аста-секин узоқлашиб бораверди.
Ҳар ким ўзини билимдон санашга ўтди.
Ҳар ким ўзини энг аҳлоқли тута бошлади.
Ҳар ким ўзини диндор кўрсатишга уринди.
Ҳар ким ўзини энг номусли одамман, деб таништирди.
Ва шу тариқа ватан қўлдан кетди.
Ватанимиздан жудо бўлгандагина, унинг нақадар қийматли эканини тушуниб, етдик. Афсус, энди кеч дея, надомат билан иқрорини ёзибди.
Уни ўқиб, унинг тушган ҳолига на ачинишни ва на куйинишни билмадим.
Аммо, у келтирган важлар бегона келмади!
https://t.me/tnews247