#taqdim
Она, умрингизни олдим бемалол,Олдим меҳр деган дунёларингиз.
Олсам эди энди такрор ва такрор
Каъбанинг пойида дуоларингиз.
Болам деб югурган Ҳожарим онам,
Кафтимни тўлдириб зам-замлар тутай.
Йўлимга интизор кутган ягонам,
Макка йўлларида кулгингиз кутай.
Каъбаранг сочингиз оқартган ўғил
Узримни Умрада сўйлагим келди.
Йиғингиз остида йиғлаганча бир,
Опичлаб тавофлар айлагим келди.
Онажон, умрингиз олдим бемалол,
Кўзингиз ёшларга тўлдирдим, она.
Омадим: кўнглингиз тўлдирсам бир бор,
Сизни Каъба этиб бўлсам парвона.
Пойига жаннатлар тўшалган онам,
Оёғин остига тўшай жонимни,
Қолмас юрагимда армону алам,
Ҳажга олиб борсам онажоними.
Каъбаранг сочингиз оқартган ўғил,
Узримни Ҳажларда сўйлагим келди.
Кулгингиз остида ҳузур олиб бир,
Опичлаб тавофлар айлагим келди.
Muallif: O’tkirbek Muhammad Sobir