Тошкентдаги мактаб ўқувчиларининг 2 нафарида сил аниқландиТошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабнинг 11-синф ўқувчисида сил
касаллигианиқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги
маълум қилди.Ўқувчи қиз 2024 йил 26 декабрда Тошкент шаҳар 3-сонли фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган.
«Бемор опасининг сўзларига кўра, синглиси сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Охирги марта ЛОР-шифокор кўригидан кейин 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган», – дейилади вазирлик хабарида.
Аниқланишича, диспансерда ўтказилган рентгенография текширувида қизга «Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, БК +» ташхиси қўйилган ва у Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.
Вазирлик ўқувчи қиз билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилгани ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаганини маълум қилган.
Бемор билан мулоқотда бўлган ва касаллик юқтириш хавфи мавжуд 59- мактабнинг, шунингдек, бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.
Текширувларда қизнинг яқин дугонаси бўлган синфдошида ҳам сил аниқланиб, шифохонага ётқизилган. Бундан ташқари, 3 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчида касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошланган.
Ҳолат бўйича 59-мактаб директорига нисбатан Санэпид Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълумот учун, ҳозир 59-мактабда капитал реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабаб бу мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари 115-умумтаълим мактабида, юқори синф ўқувчилари эса тумандаги 82-сонли умумтаълим мактабида ўқишни давом эттиряпти.
ССВга кўра, 2025 йилнинг 21 январда 82-сонли умумтаълим мактабида такрорий зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари, 2025 йил 22 январ куни эса ялпи тозалаш ва шамоллатиш тадбирлари ўтказилган. 115-мактабда эса зарарсизлантириш 23 январда ташкил қилинган.