Бугун катта шоиримиз, устозимиз Хуршид Даврон туғилган кун.
Шу инсоннинг бир ўзи бутун Ўзбекистон ёшлари, ёш ижодкорлари учун ишлади. Қандай? Хуршид Даврон кутутбхонаси орқали. Билиб қўйинг на уюшма, на бирор журнал эмас, айнан Хуршид Даврон кутубхонаси кашф қилиб берди ҳозир тилга тушиб, атак-чечак қилаётган ёшларнинг энг сараларини! Агар у киши бўлмаганда адабиётимиз тағин билмадим яна неча йил озуқасиз, ўлжасиз қоларди. Не ажабки, шунча ёшлар юзага чиқишига жон куйдирган катта шоирнинг ўзини китоби 20-25 йилдан бери чиққани йўқ. Бунга на ёзувчилар уюшмаси бош суқади, на бирор нашриёт рағбат билдиради. Хуршид Даврон ҳозир деярли йўқолиб кетаётган табиат шоири! Охирги йигирма йилликда ёппасига руҳиятга мурожат қилишга ўтиб кетган шеъриятимиз Хуршид Даврон лирикаси, пейзажи, табиат тасвирларига муҳтож! Буни тушунадиган валломат йўқми?! Тағин бирорта катта ижодор Ўзбекистон ёш ижодкорларини Хуршид Даврончалик яхши билмайди! У киши билан пойтахт, вилоятларда тинмай учрашув қилиш, иложи борича кўпроооқ нарса олиб қолиш керак. Ғиж-ғиж тарих ётибди бу шоирнинг ичида! Ғиж-ғиж илм... Умрлари узоқ бўлсин.
Хуршид Даврон 70-йиллар шеъриятида ўз муҳрини қолдирган "фантастик тўртлик"дан бири!
ЭНГ КУЧЛИ БАҚИРИҚ…
Энг кучли бақириқ –
соқовнинг бақириғи.
Ў, қандай куч билан бақирар
қабртошлар…
Энг кучли сукунат –
на кўз сукути,
на соқов сукути, на тош сукути.
Энг даҳшатли сукунат –
шоир жим юрса…
1979
ЛОРКА ЎЛИМИ
Уни тонгга тираб отдилар…
У йиқилди,
Сўнг яна турди
Ва ёшгина,
Букри бир аскар
Қўндоқ билан бошига урди.
У жон берди…
Аскарлар эса
Шоша-пиша ортга қайтдилар,
Шароб ичиб мунгли қўшиқни
Тун сукутин бузиб айтдилар.
Бу қўшиқда булутни ёрган
Ҳилол чўққи узра порларди,
Бу қўшиқ қор остида ётган
Чечакларни бўзлаб чорларди.
Бу қўшиқда қора кийинган
Тул кампирлар эртак тўқирди,
Уларнинг олдида кўзи кўр бола
Зулмат аро китоб ўқирди.
Қўшиқ куйлаб,
Туйиб аламни,
Ёш аскарлар сармаст эдилар,
Шу қўшиқни ёзган одамни
Отганларин билмас эдилар…
1986
ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…
Эриб кетар хира туманлар,
капалакдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар,
ўтлар узра чопқиллайди кўз.
Қайрағочнинг гули – митти жом –
жаранглайди – таралар атир.
Ва тушларга кирар бу оқшом
майсаларни қучоқлаб адир.
Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб
деразалар очар кўксини.
Ёритганча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.
1980