Нега Beeline учун солиқ юки Ucell'дан икки карра юқориКеча ҳурматли вазиримиз Шерзод Шерматов депутатлар олдида чиқиш қилиб, 2023 йилда биргина Uztelecom оператори 1 трлн.сўм солиқ тўлагани, лекин умумий овқатланиш соҳаси жами 900 млрд.сўм солиқ тўлагани ҳақида ўзининг мулоҳазалари билан
бўлишди. Нафақат ҳурматли Шерматов, бошқа амалдорларимиз ҳам давлатнинг бир сўмлик ёрдами тегмайдиган, имтиёз ва преференциялар учун ёпиқ кабинетларга кириб иш битирмайдиган, лекин юз минглаб ўзбекистонликларга иш бераётган, ўғри олигархлар бўлиб олган соҳалардан фарқли равишда ўта кучли рақобат муҳитида ишлаётган умумий овқатланишга "тош отиши" биринчи марта эмас.
Албатта, вазиримизнинг "яширин иқтисодиёт" кенгайган сари бюджетга солиқ тушиши камайиши борасидаги фикрларига тўлиқ қўшилган ҳолда, солиқ юкини турли тармоқлар ўртасида эмас, бир тармоқ ичида солиштириш ўринли эканини қўшимча қилишга тўғри келади. Чунки айнан бир соҳа ичидаги нотенг имкониятлар сояга ўтишга мажбур қилади.
Келинг, узоққа бормай
уяли алоқа хизмати кўрсатувчи компаниялар солиқ юкига эътибор қаратайлик. Олигархияга инъом этилган Coscom МЧЖ (Ucell) солиқ юки тушумга нисбатан энг паст, нафақат паст, масалан, сиз алоқа сифатини кўп
танқид қиладиган Unitel МЧЖга (Beeline) нисбатан икки карра кам. Ягона нодавлат мобиль компания бўлиб қолаётган Unitel МЧЖни эшик қисганми ёки юқори солиқлар билан бизнесни сотишга ишорами, истеъмолчи сифатида аниқ фикр айта олмайман.
Лекин биламанки, солиқ юки тенг бўлмагач, алоқа сифатини яхшилашга ҳам имконият турлича бўлади.
Майли, бу ерда ҳали абонент жон бошига солиқ юки ҳақида гап кетмаяпти, бу борадаги фарқликлар янада катта.
Балки вазир ўлароқ бевосита назоратингиздаги соҳада тенг имкониятлар яратиш ҳақида ҳам ўйлаш керакдир.
Ҳа, дарвоқе, овқатланиш нархи ва уяли алоқа учун тўловларни солиштирибсиз. Кучли рақобат бўлгани учун овқатланишда нархлар барқарор, лекин 2023 йил декабрда уяли алоқа компаниялари ойлик тўлови 35 минг сўмдан арзон бўлган тижорий тарифларни бир вақтда ёпишган, яъни энг арзон тарифлар камида бирданига 2 баробарига
оширилган.
Бизда калласи олинавергач, ўғри олигархлар ва очофат монополистларга сўзини айта олмай қолган антимонополия бу борада ҳалигача сукутда. Балки сизнинг вазирлигингиз қандайдир изоҳ берар.