Сўконғич ўқувчи ва устоз реакцияси “Тилингни суғуриб олайми?”,
“Чакагинг ўчсин!”...
Эҳтимол, баъзи ўқувчилар оғзидан чиқаётган “боди-шоди” ларга нисбатан ўстозлар кўнглидан ўтадиган биринчи реакция шундай бўлар.
Бироқ бунинг учун олийгоҳ тугатиш, педагог дипломини олиш шарт эмас.
Устоз ёндашуви педагогика ва психологиядан мутлақо бехабар одамлардан фарқли бўлиши керакмасми?
Баъзи тажрибали устозларнинг ёндашувлари:
1. “Донг қотиш ёки хафахонлик услубидаги ёндашув”. Ҳақоратли сўзларни эшитиб қолгач, кўзларни чақчайтириб, юзни буриштириб, бор шакл-шамойил билан ҳайратни, нафас қисилиб қолгандек оғриқли қиёфани намоён этиш (“Наҳотки, яна”, “Қулоқларимга ишонмаяпман”, “Ўзим кўрмасам, ўлай агар, ишонмасдим” ва ҳ.).
Баъзи устозлар ҳайратга қўшиб, хафаликни намоён этишни маъқул кўради:
- “Ие, бу ёғи чакки бўлди-ю”;
- “Ҳурмат қилишимга арзийсан, деб ўйлардим, вазият бундай экан-ку”;
- “Майли, сен аслида бунақа эканингни эслаб қоламан”;
- “Сен ҳақингда ёқимли нарсаларни эслашни хоҳлардим, начора бунақа томонларни ҳам эслаб қоларканмиз-да”.
2. “Киноя ва қочиримга асосланган ёндашув”. Нафақат сўз, балки фаол ишора билан бола ҳаддидан ошганини билдириш зарур.
Баъзи устозлардан “лайфхак”:
- “Мактабга уйдан ёстиғинг ёки эски ковушингни олиб келмайсан-ку, бу сўзларни ҳам ташлаб кел”,
- “Бундай ифлос сўзлар билан ўзингни кир қиласан, деб ўйламагандим, назаримда сен тоза инсон эдинг”,
- “Эътибор берсанг, “сўкиш” ҳам ҳақорат, ҳам қандайдир бус-бутун нарсанинг чокидан йиртилишини англатади. Балки шунинг ўзи ҳам оғиздан чиқаётган сўкиниш сени бошқалар билан боғлаб турган ришталарни кесишини англатар”;
- “Қандай чиройли ва ақлли сўзлар, бакли ота-оналар мажлисига сени таклиф этармиз, шу ерда ушбу сўзларни кўпчилик билан баҳам кўрарсан”.
3. “Рухсат берилган нарса унчалик қизиқмас деган принципга асосланган ёндашув”. Бунда устоз ўқувчига айтиб юрган ҳақоратли сўзларини тадқиқ қилиб, кўришни таклиф этади.
Сўзнинг келиб чиқиши, маъно-мазмуни, таркибий тузилиши таҳлил қилиб кўрилгач, унинг асл маъноси, жамиятда унга бериладиган баҳонинг сабаби бола учун анча ойдинлашиб қолади.
Тушунарли нарса ўз навбатида ҳамманинг эътиборини тортадиган, айтиб мақтанадиган антиқа воқелик бўлмай қолади. Психика фаолияти қонуниятларига кўра эса бундай масалалар қизиқиш уйғотмай қўяди.
4. “Синонимлар луғатидан фойдаланишга асосланган ёндашув”. Аввалдан одатда болалар даврасида учрайдиган ҳақоратли сўзларнинг маданиятли вариантларидан иборат шпаргалка-луғат тайёрлаб қўйилади.
Ёмон сўзни ишлатганда ўқувчига ушбу маданиятли сўзлар луғатидан мос синонимни топиш буюрилиб, уни эслаб қолиш ва кейинги сафар ўхшаш вазиятларда рўйхатдаги сўзлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Тажрибали устозлар фаолиятини таҳлил қиларканмиз:
- улар орасида биров ҳақорали сўзлар учун жарималар жорий этади (йиғилган пулни синф ҳаражатларига ишлатиш шарти билан, албатта);
- кимдир дарсдан кейин олиб қолиб, ўша ҳақоратли сўзларни кўп марта ёздириб чиқиш билан жазолайди (шу тариқа тўйдириб юборишни кўзласа керак);
- яна баъзилар “Бу гапни хожатхонада айтасан, бу ерда эмас” кабилида кескинликка боради.
Очиғи қайси усул самарали эканини олдиндан айтиш қийин.
Кўп нарса вазиятга, ўқитувчи индивидуаллигига, болалар билан шаклланган муносабатига боғлиқ бўлади.
Ҳар қалай бир нарса аниқ — сўконғичга педагог эътиборсиз қолмаслиги керак, донг қотадими, юзини буриштирадими, киноя қиладими, муҳими, реакция кўрсатсин, бефарқ бўлмасин.
Устоз кундалиги жамоаси (психол. ф. д. П.С. Эргашев илмий таҳрири остида)@Ustoz_kundaligi