Божхона қўмитасида бўлиб ўтган навбатдаги хизмат йиғилиши жорий йилнинг 19-20 ноябрь кунлари Давлатимиз Раҳбари иштирокида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланди.
Тадбирда Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов Давлатимиз Раҳбарининг юқорида таъкидланган тадбирлардаги маърузаларининг мазмун-моҳияти, бевосита божхона органлари фаолиятига дахлдор муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил сўз юритди.
Таъкидланганидек, янги парламент эътиборига Президентимиз томонидан қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Мазкур ташаббуслар аввало, жамиятдаги долзарб масалалар ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Сўнгги 5 йилда Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошди, хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етди.
Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди, хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгаймоқда, Сенатга ҳам қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлис тафсилотлари юзасидан ҳам тўхталиб ўтилди.
Муҳтарам Президентимиз таъкидланганидек, “Мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда, барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг раҳбари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Халқимиз бугун янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда.”
Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 млрд долларлик тарихий маррадан ошди, аҳолининг жон бошига даромади 3 минг долларга етиши кутилмоқда.
Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 млрд доллардан, олтин-валюта захиралари эса 40 млрд доллардан ошди.
Қўмита Раиси мазкур натижаларга эришишда ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, хизмат қилаётган ҳар бир божхона ходимининг ҳиссаси борлигини қайд этди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан олдимизга қўйилаётган устувор вазифалар, қабул қилинаётган стратегиялар, юритилаётган сиёсатнинг замирида – халқимиз, мамлакатимизнинг келажаги турганлиги, бунга эса божхона ходимларининг бефарқ бўлишга ҳаққи йўқлиги таъкидланди.
Йиғилишда кун тартибидаги қатор масалалар кўриб чиқилди.