Газ берманг,
чироқни ўчиринг тез-тез,
Яйраб яшамакка эмасмиз лойиқ.
Истаган ишларни қилингиз бу кез,
Бўғзингизга пичоқ тортмас халойиқ.
Ҳайвон тапписини ёққан бечора
Ҳайвонча қадрни топмаса нима?
Аср ошса ҳамки юраги пора,
Чопмаган омади чопмаса нима?
Сиз кундай мунаввар, иссиқ офисда,
Бахтиёр турмушдан лоф урган маҳал,
Қайсидир қишлоқда заҳарли исдан
Биров ўлса, деймиз: тақдири азал!
Танчага оёғин солган болакай,
Чунки совуқ уйда бўлмас югуриб.
Илиқ бўлмас экан хонадон токай,
Келажак чол каби қолгай ўтириб.
Тутун буруқсиган –
қорайган девор.
(Аслида қорайган толеъ эмасми!?)
Оиланинг тенг ярми бемажол бемор,
Токчалар устида дорилар базми...
Афғонга нур беринг, чекмасин фиғон,
Майли, уйимизда чироқ бўлмасин.
Зангори оловни мен кўрмай, тамом,
Хитойнинг гўдаги музлаб ўлмасин.
Газ берманг,
чироқни ўчиринг тез-тез,
Совуқдан титраган сиз эмас, менман!
Бир эртак диёрни топсайдим бу кез,
Эртак бўлса бўлсин, у ердан келмам!
Ўткирбек Муҳаммадсобир
23.11.2019
@katta_ariq