Кеча
Twitter'да бир масала баҳсларга сабаб бўлди: иқтисодчи ва блогер
Беҳзод Ҳошимов ҳақида
Wikipedia'да мақола қилинди, сўнг бу мақола талабларга жавоб бермайди деб топилиб, ўчириб ташланди. Твиттерчилар бундан норози бўлди, негаки, уларнинг фикрича, Wiki'га киришга муносиб ўзбекистонликлар киритилмаяпти, киритилишига йўл қўйилмаяпти.
Аслида бу баҳс, менимча, жамиятимизда олимлар ва умуман зиёлилар тутган ўринни, уларга муносабатни кўрсатади. Бир бошидан тушунтирсам.
Wikipedia'да мақола жойланиши учун шахсга маълум талаблар қўйилади. Унинг жамиятда ёки ўз соҳасида тутган ўрни, аҳамияти бўйича аниқ критерийлар бор.
Муаммо шундаки, бу талаблар инглизча, русча ёки ўзбекча Wiki учун умумийдир.
АҚШда ёки
Россияда олим ва зиёлиларнинг нуфузи, жамиятдаги ўрни жуда юқори. Бизда эса ундай эмас.
Олимларимизни кенг омма танимайди, уларнинг тадқиқотлари жамоатчиликка етиб бормайди. Бунда олимларнинг ҳам айби бор: ижтимоий тармоқларда фаол эмас, аксарияти дарс бериш билан овора, катта тадқиқотлари йўқ ҳисоби (бунинг чуқур сабаблари бор аслида, бир киши айбдор эмас, аммо ҳозир мавзу бошқа). Медиада чиқишлар қиладиган, илмий-оммабоп китоб ва мақолалар ёзадиган, очиқ маърузалар уюштирадиган олимлар энди-энди чиқяпти, лекин уларам консерватор қатлам томонидан ҳужумга учраб, муносиб бўлган ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлмаяпти. Бу ҳали жамоатчилик орасидаги вазият, давлатнинг муносабати яна кенг муҳокамага муносиб мавзу.
Бунинг натижасида олимлар, зиёлилар ҳақида ўзбек интернетида етарли манба йўқ (ўзи ўзбек интернетида янгилик сайтлари ва каналларидан бошқа тузукроқ, ахборотни тартибга келтирадиган ёки таҳлил қиладиган нормал ресурслар ҳалигача йўқ). Уларнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган ресурслар, Wiki тилида айтсак, улар ҳақидаги
иккиламчи манбалар йўқ, уларнинг китоблари бестселлер бўлмайди, фаолияти медиада яхши ёритилмайди. Wiki эса олим ва зиёлиларнинг нуфузини белгилашда шу каби манбалар, ресурслар бўлишини талаб қилади.
Юқоридагидан хулоса, айбни Wikipedia'дан эмас, олим ва зиёлиларга етарли аҳамият бермайдиган, уларнинг билимидан маданий трансформацияда фойдаланмайдиган жамият ва давлатдан қидириш керак. Олимларни ҳам мукаммал дея олмайман, улар ҳам шу жамият фарзандлари, жуда кўплари етарли даражада билимли ва фаол эмас, соҳаларига қўшаётган ҳиссалари ҳам оз. Лекин яхши, сифатли олим, мутахассислар ҳам бу аянчли вазият қурбони бўлмоқда.
Блогерлар, журналистлар, санъаткорлар, бошқа соҳа вакиллари ҳақида ҳам юқоридаги фикрларни айтиш мумкин.
PS: Qurultoy'ни бошлашдан кўзланган мақсадлардан бири ҳам шу эди аслида. Кенг оммага олим ва мутахассисларни таништириш, умумий гаплар гапирмай, уларнинг конкрет олиб борган тадқиқотлари, чоп этилган китобларини танитиш, қисқаси, улар ҳақида иккиламчи манбалар яратиш.
@AsanovEldar