☑️
Давлат ва хусусий боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.Бу ҳақида давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда сўнгги етти йилда боғчалар билан қамров 700 мингдан 2,3 миллионга етказилгани, мамлакатимизда 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритилаётгани алоҳида эътироф этилди.
“Қамров ошди, лекин сифат бўйича қиладиган ишларимиз кўп. Боғчалар нафақат тарбия, балки болада таълим олиш учун илк кўникмаларни шакллантирадиган масканга айланиши керак”, - деди Президентимиз.
Олти ёшли болалар мактабга тайёрлов гуруҳларига деярли тўлиқ қамраб олинди. Кейинги йил бу рақам 100 фоизга чиқиши кутилмоқда. Эндиликда жорий йилдан илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурларини ўзаро уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Бунда Сингапурнинг нуфузли ташкилоти билан боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуслари партиямиз сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларини амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади.
@a_xaitov