Ориф Толиб саҳифаси


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Лингвистика


Асосий канал – @oriftolib
Мунозара гуруҳи
@oriftolib_fikrlar
Мурожаат учун:
@oriftolib_xatlar_bot
oriftolib.uz
Ижодий ишлардан ўғринча фойдаланилишига рози эмасмиз.

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Лингвистика
Статистика
Фильтр публикаций


Kanal @oriftolib manzilida, faqat amaldagi imloda yuritilyapti. Barcha yangiliklar bilan shu mazilda tanishib borishingiz mumkin.

👉 @oriftolib


Мақол ва матал: фарқи нимада?

Мақол халқ ҳаётий тажриба асосида яратган, ихчам, образли, тугал маъноли ва ҳикматли ибора ёки гапдир. Уни ўз ўрнида қўллаш нутқни таъсирли, жозибадор қилади.

Изоҳли луғатга кўра, матал тугал маъно ифодаламайдиган образли ибора, ҳикматли сўздир. Китобда қизил қор ёққанда, туянинг думи ерга текканда каби иборалар маталга мисол сифатида келтирилган.

Бироқ миллий энциклопедиянинг ёндашуви бошқачароқ: матал бир ёки бир неча жумладан тузилади. Улар орасида қофияланиш ҳамиша ҳам сақланмайди. Маталда ўхшатиш, таққослаш, киноя, қочириқ каби бадиий воситалардан фойдаланилади. Мажозий иборанинг ўз асл маъноси билан кўчма маъноси ўртасида яқинлик, мантиқий боғланиш бўлиши керак.

Миллий энциклопедия “Шамол бўлмаса, дарахтнинг шохи қимирламас”, “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит” кабиларни маталга мисол қилиб келтирган.

Маталлар кўпинча бошқа бир жумла ичида қўлланади, уни тўлдиради, юмор белгиларига эга бўлади. Мақоллар кўчма ва ўз маъносида қўлланиши мумкин, маталлар эса фақат кўчма маънода ишлатилади. Манбаларда “Қил учида турибман”, “Семизликни қўй кўтаради”, “Туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзар”, “Мушук текинга офтобга чиқмайди” кабилар матал сифатида кўрсатилган.

Бир-бирига жуда ўхшаш бўлгани сабабли жумла шаклидаги маталлар аксарият ҳолларда мақоллар қаторига қўшилади.

🔄 Мавзуга алоқадор:
🔹 Нотавон кўнгилга қўтир жомашов.
🔹 Дунёни сув олса, ўрдакка нима ғам?
🔹 Мен нима дейман-у, қўбизим нима дейди?!
🔹 'https://t.me/oriftolib/1226/' rel='nofollow'>Ялқов тоғни кўтариб юришга мажбур бўлади.
🔹 Истагинг қанча кўп бўлса, кўнглинг шунча кўп қолади.

@oriftolib


“Катта еттилик”, “Катта йигирматалик” – аслида хато

Оммавий ахборот воситиларида тез-тез учрайдиган Катта еттилик, Катта йигирматалик иборалари аслида хато. Бу янглишишнинг илдизи 1990-йилларга бориб тақалади. Рус публицистлари ўша пайтларда инглизча G7 қисқартмасини Большая семёркаКатта еттилик деб ўгирган. Ибора илк бор “Коммерсантъ-Власть” журналининг 1991 йил 21 январ сонида “Болтиқбўйи Горбачёвга 16 миллиард долларга тушди. Камида” мақоласида ишлатилган. Журналист G7 ни Great Seven – Катта еттилик деб ўйлаган. Аслида у Group of SevenЕттилик гуруҳи иборасининг қисқартмаси эди. Шундай қилиб, бу хато кенг ёйилган ва G8, G20 каби бирлашмаларга нисбатан ҳам қўллана бошлаган.

Одатда аслиятдан эмас, рус тили воситасида таржима қиладиган, кўпинча русча манбаларга асосланадиган матбуотимиз бунда ҳам эргашиш йўлидан борган ва юқоридаги каби атамаларни Катта еттилик, Катта саккизлик, Катта йигирматалик деб қўллайверган. Бироқ ҳозир ОАВ бу ибораларни аслига мос шаклда ҳам ишлатяпти.

Миллий энциклопедияга G7, G8, G20 бирлашмалари ҳақида маълумот киритилмаган экан. Фақат бир мақола ичида Кучли еттилик ибораси учради.

❓ Сиз қандай фикрдасиз? Юқоридаги қисқартмалар кенгайтмасини ўзбек тилида аслига мос Еттилик гуруҳи, Саккизлик гуруҳи, Йигирматалик гуруҳи шаклида бериш керакми ёки одатланилган тарзда қўллайверган маъқулми?

@oriftolib


Ўз кўмочига кул тортмоқ: “кўмоч” нима?

Бу иборага бадиий асарларда, баъзан сўзлашувда дуч келамиз. У ўз манфаати учун ишламоқ; ўзига ўзи қайғурмоқ мазмунини англатади:

Ҳар ким ўз кўмочига кул тортар.
Мақол.

Иборада қўлланган кўмоч сўзи иссиқ кулга кўмиб пишириладиган нонни билдиради:

Сизни бир оз мазалироқ нон билан меҳмон қилмоқчи бўлиб, кўмоч хамирига бир коса сут қўшдим.
С. Айний, “Қуллар”.

❗️ Кўмоч сўзи кўмач шаклига ҳам эга:

Ҳа
р ким ўз кўмачига ўзи кул тортадиган... бир замонда инсон боласи ота-онасидан бемаҳал ажралар экан, унга бундан оғир кулфат йўқ.
П. Ту
рсун, “Ўқитувчи”.

Лекин тилда кўпроқ кўмоч варианти ишлатилади.

Суратда тайгаликлар кўмочи.

@oriftolib


Университет ва институт: фарқи нимада?

Университет ҳам, институт ҳам олий таълим муассасаси. Бироқ икковининг фарқли жиҳатлари бор. Манбалар асосида ана шу фарқларнинг энг муҳимларини ўрганиб чиқдим.

Университет:
🔹 Кўп йўналишдаги факултетларга эга бўлади. Одатда камида 7 та факултет фаолият юритади. Номи ҳам шунга ишора қилади. У лотинча universitas litterarum фанлар жамланмаси бирикмасидан ҳосил бўлган.
🔹 Илмий фаолият билан шуғулланиши шарт. У ерда назарий ва амалий илмий тадқиқотлар олиб борилади.
🔹 Педагоглар таркибида илмий даража эгалари камида 60 фоиз бўлиши керак.

Институт:
🔹 Асосан бир йўналишга ихтисослашади: тиббиёт, молия, педагогика каби. Номи лотинча institutum – муассаса сўзидан. У конституция сўзи билан ўзакдош.
🔹 Илмий фаолият билан ҳам шуғулланади. Лекин бу мажбурий шарт эмас.
🔹 Педагоглар таркибида илмий даража эгалари камида 55 фоиз бўлиши керак.
🔹 Институтлар баъзан бирор университет таркибида ҳам бўлади. Улар кўпинча бирор факултет ёки бир неча факултетлар негизида ташкил қилинади.

Амалиётда қайси университет ёки институтни битирганингиз кўпинча аҳамиятсиз. Тўғри, давлат ташкилотларида аксарият мутахассисликлар учун олий маълумот талаб қилинади. Лекин бу ҳолатда ҳам малакангиз муҳим.

Банк-молия соҳасида ишлайдиган бир танишимнинг айтишича, ишга олишда машҳур бир университет ва институт битирувчилари иш сўраб келиб қолса, университет эмас, институт битирувчиларига ижобий қаралар экан. Демак, олий ўқув юртининг обрў-эътибори ҳам аҳамиятли.

@oriftolib


Мижоз ва мизож

Бу икки сўзнинг талаффузи бир-бирига яқин. Айниқса, мизож ўзбек тилли киши учун айтишга ўнғайсиз, шу сабаб уни мижоз деб қўя қолади. Бироқ иккисининг маъноси бошқа-бошқа.

Изоҳли луғатга кўра, мизож икки хил маънога эга:

1️⃣ Кишининг ўзига хос табиати, хулқ-атвори: савдойи мизож одам.

2️⃣ Киши организмининг ўзига хос талаби:

Марғилон ҳавоси мизожимга тўғри келмаганга ўхшайди.
А. Қодирий, “Ўтган кунлар”.

Мизожи иссиқ ёки иссиқмизож ибораси организмига, соғлиғига иссиқлик ёқадиган, мизожи совуқ ёки совуқмизож ибораси организмига, соғлиғига совуқлик ёқадиган деган мазмунни ифодалайди.

Мижоз ҳам икки хил маънога эга:

1️⃣ Сотувчига нисбатан доимий харидор ва шу харидорга нисбатан сотувчи.
Мижозингдан айрилгинг келса, насияга мол бер.
Мақол.

2️⃣
Бирор иш-юмуш билан доим алоқада бўлган шахс.

Муллажон ака ихлос билан соқол қирар эканлар, мижозга тушунтира кетдилар.
Э. Раимов, “Ажаб қишлоқ”.

Сўзлашувда мижоз сўзи ўрнида клиент сўзини қўллаш оммалашган.

❗️ Хўш, мизож сўзи ўрнида мижоз ишлатиш хатоми? Йўқ, хато эмас 🙃. Изоҳли луғат мижоз сўзи сўзлашув услубида мизож ўрнида қўлланишини таъкидлайди:

Палов меъдамга михдек қадалади, қази-қарта мижозимга тўғри келмайди.
Ойбек, “Танланган асарлар”.

Имло луғати эса иссиқмизож, совуқмизож сўзларини иссиқмижоз, совуқмижоз шаклида берган.

👉 Жонли тилда оммалашган, луғатларга кирган вариантни хато деб бўлмайди. Мен тил табиатига тескари бориб, тилни эшиб-бураб мизож дейиш ўрнига мижоз сўзидан фойдаланишни маъқул кўраман. Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси, дейдилар-ку 😎.

📌 Демак:

Мизож, мижоз, мизожи иссиқ, мижози иссиқ, иссиқмизож, иссиқмижоз, мизожи совуқ, мижози совуқ, совуқмизож, совуқмижоз ✅

#Сўраган_эдингиз

@oriftolib


Сўнг, сўнгра: вергул керакми ёки йўқ?

Сўнг ва сўнгра сўзларидан кейин вергул қўллаш кўп учрайди. Лекин бу хато. Иккала сўз ҳам вергул талаб қилмайди:
Сўнг дарди енгиллашдими, қадамлари илдамлашди.
“Шарқ юлдузи”.

Душман ошингни ер,
Сўнгра бошингни ер.
Мақол.

Юқоридаги мисолларда сўнг сўзи равиш бўлиб келяпти ва кейин деган маънони англатяпти.

Сўнгра сўзи бундан, булардан ташқари; иккинчидан маъноларини ҳам англатиши мумкин. Аммо бу маънода қўллаш ҳозир эскирган. Шу ҳолатда ҳам вергул ишлатишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман:

Энди Салимжонга кириб айтинг, бундай ишдан қўлини тийсин! Бу – бир, сўнгра ҳовлиқмасин.
Ойбек, Танланган асарлар.

Таҳрир жараёнида сўнгра сўзи ўрнига сўнг вариантини танлайман. Лўндароқ. Ҳарна-да, ҳарна 😏.

@oriftolib


Дунёни сув олса, ўрдакка нима ғам?

Бу мақол беғам, бепарво, “ўз қорним тўйса бўлди, ўзга билан нима ишим бор” деб, оила ғамини, эл-юрт ғамини емайдиган, ҳамиша ялло қилиб юришни кўзлайдиган одамларга қарата айтилади.

Мақолнинг “Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам?” шакли ҳам бор.

Маънодошлари:
🔹 Дарё тошса, қудуққа не зарар?
🔹 Бола ўйинга тўймас, беғам уйқусини қўймас.
🔹 Қайғусиз қора сувга семирар.
🔹 Беғамликнинг вафоси бўлмас.

“Ҳикматнома. Ўзбек мақолларининг изоҳли луғати” китобидан

@oriftolib


“Биродар” сўзи ҳақида

Бу от асли туғишган ака-ука маъносини англатиб, кейинчалик барча эркак кишиларга мурожаатда ҳам ишлатила бошлаган. Форсча сўз. Лекин форсчага ҳам қадимий тиллардан ўтган кўринади.

➡️ Биродар “Авесто” тили ва эски форсчадаги бротар сўзидан келиб чиққандир. У санскритча бҳротр сўзи билан ўзакдош.

➡️ Ҳинд-европа тилларида турли товуш ўзгаришлари билан ишлатилади: курдча (курманча) bira; лотинча frater; италянча fratre; франсузча frère; инглизча brother; немисча bruder; эски славянча braty, русча брат каби.

Ҳозирги ўзбек тилида ака-ука маъноси билан бир қаторда дўст, улфат, яқин киши англамида ишлатилади. Биродар, Биродарбек каби атоқли исмларда ҳам қўлланади.

“Шевашунос”дан.

@oriftolib


“Ўзбекчанг кимга керак!?”

Таниқли ёзувчи ва олим Бахтиёр Абдуғафур телеграм саҳифасида илмий иш ёқлаш билан боғлиқ хотираларини бўлишган экан. Ҳақиқатан, ўз тилимизга ҳурмат ўзимиздан бошланади. Уни энг аввало сиз ва мен ҳурматлашимиз, қадрлашимиз, ҳимоялашимиз керак. Қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар, она тилимизни чуқур билишимиз, билим ва эҳтиромимизни амалда ҳам кўрсата олишимиз зарур.

***

2009–2010 йиллар эди. Фан номзоди даражасини олиш учун диссертациямни ўзбекча ёзгандим. Илмий семинарга (расмий ҳимоядан олдинги босқич) қўйилганда савол бўлди:

“На каком языке диссертация?”

“На узбекском...”

Савол бергувчи индамади, аммо ўша вақтларда “қудратли” киши эди илмий доираларда. Яна икки-уч “қудратли”лар ўзбекча ёзилган диссертацияни тушунмади, маърузада эснаб ўтирди. Хуллас, ишим семинардан қайтди. Сабаб, мавзу ихтисосликка тўғри келмас экан. Мавзу ўзгариши керак, деган талаб бўлди.

Ноилож, рози бўлдим. Мавзу ўзгарди, дегани яна хат-ҳужжат, ОАК бюллетинида эълон қил, камида олти ой кут!

Ярим йилча ўтди. Яна илмий семинар. Яна ўша савол: “На каком языке...” Бу семинардан ҳам ўтмади, сабаби, энди ихтисослик ўзгариши керак экан. Яна хат-ҳужжат, ОАК бюллетенида эълон қилиш, яна кутиш...

Билардимки, бу расвойи овогарчиликнинг асл маншааларидан бири диссертациянинг ҳануз ўзбекча ёзилаётгани, яна илмий раҳбарим билан “қудратли”ларнинг орани очди қилаётганлари...

Диссертация барибир ўзбекча ёзилди. Қайтмадим. Ўша “қудратли шахс”лардан бири, аёл киши эди, мени четга тортиб, маслаҳат берган ҳам бўлди, ўзбекчада ёзаман:

“Менга қара, сенинг ўзбекчанг кимга керак? Ўзбекча ёзилган ишингни ким ўқийди? Жаҳонга чиқмоқчимисан?..”

“Сен ўқишинг шартмас, ўзбекча тушунмасанг!” дедим юзига. Кўкарди, гезарди. “Через мой труп!” деди. Яна нималардир деб ваъдалар берди. “Пошла ты...” дедим, бошқа у валламат билан гаплашмадим, салом-аликни йиғиштирдим. Кўзимга шайтон бўлиб кўринарди, юзига қарамасликка ҳаракат қилардим. Қўрққанимдан эмас, албатта. Қолаверса, уларга боғлиқ жойим йўқ эди.

Хуллас, ҳимоя қилдим ўзбекча диссертацияни. Докторлик диссертацияни ҳам ўзбекча ёздим. У “қудратли шахслар” тарихнинг бир ёқимсиз саҳифасига айланди. Ишдан кетди. Унутилди. Ўзбекча ёзса жазаваси қўзийдиганлар қолмади орамизда.

Нега бу воқеани эслаб қолдим? Она тилимиз ор-номусли, ғурурли инсонлар сабаб тирик, кучли, ўлмайди! Ғурур бор экан, “Через мой труп!” дейдиганларнинг дағдағаси, жазаваси, кибри вақт масаласи.

🔄 Мавзуга алоқадор:
🔹 Қўлга қалам олайлик!
🔹 “Свежий” сўзининг таржимаси ҳақида
🔹 Ўзбекчасини унутганлар учун митти луғат

@oriftolib


Фунт стерлинг: “стерлинг” нима дегани?

Фунт стерлинг
атамасининг пайдо бўлиши ҳақида бир неча қарашлар бор. Баъзи манбаларга кўра, бу ном XII асрда пайдо бўлган ва тоза кумуш фунт деган маънони англатган. Стерлинг – қадимги Англиядаги кумуш танга. Бир фунт оғирликдаги кумушдан 240 дона кумуш танга зарб қилинган.

Бошқа бир қарашга кўра, қадимда танга пулларга Easterling Silver ибораси ҳам ишлатилган. Бу шарқий ерлар кумуши деган маънони англатган ва Шимолий Германияда тайёрланган тангаларга нисбатан қўлланган. Юксак сифати ва мустаҳкамлиги билан ажралиб турадиган бу тангаларни 1158 йилда қирол Ҳенри II ўз тангалари учун стандарт қилиб олади. Sterling Silver атамаси вақт ўтиб кумуш тангаларга нисбатан қўллана бошлайди.

1694 йили Англия банки банкноталар чиқара бошлагач, бу атамани пул бирлиги сифатида ишлатиш одат тусига кирди.

Замонавий инглиз тилида пулни ифодалаш учун фунт (pound) сўзи ишлатилади: This car costs 10,000 pounds – Бу машина 10 000 фунт туради. Буюк Британия валютасини бошқа шу номдаги валюталардан фарқлаш учун расмий ҳужжатларда фунт стерлинг (pound sterling) атамасидан фойдаланилади.

@oriftolib


Сандиқ – сандиқ тўла тарих

Сандиқ
сўзи ўзбекчага араб тилидан ўзлашган. Араб тилига эса юнон тилидан ўтган. Юнонча syndokeion сўзи ёғоч қутини англатади. Ўрта асрларда бундай қутилар яхлит ғўладан, катта ҳажмли ёғочдан ўйиб ишланган. У стол, стул, каравот вазифаларини бажарган, ичида турли рўзғор буюмлари, китоблар ва қуроллар сақланган. Қироллар бир қасрдан бошқасига кўчганда хазина темир қопламали сандиқларда ташилган.

Келинлар қадимда сепларини куёвникига сандиқда олиб борган. Бу одат бугунгача сақланиб келяпти.

Сандиқ сўзи туркий тилларда турли талаффуз вариантларида учрайди. Бу сўз туркий тиллардан рус ва украин тилларига сундук шаклида ўтган.

Ҳозирги ўзбек тилида сандиқ турли буюмларни, бисотларни солиб қўйишга мўлжалланган, очилиб-ёпиладиган қопқоқли, қулф-калитли, яшик шаклидаги уй-рўзғор буюмини билдиради:

Мен келтирган атласни Ёрим солди сандиққа.
Қўшиқлар”.

@oriftolib


Обуна – ёзилиш, имзо чекиш

Идеал ҳолатда тил четдан олинаётган сўзни ўзига мослайди. Шу сабабли кўпинча бундай сўзлар тилга сингиб кетади. Обуна ҳам худди шундай сўзлардан. Унинг асли французча abonner – имзо чекмоқ, имзоламоқ; ёзилмоқ сўзига бориб тақалади. Ўзбек тилига ўзлашган абонемент ва абонент сўзлари обуна билан ўзакдош. Бироқ улар тилга мослашмаган ва европача қиёфасини сақлаб қолган.

Обуна ўзбек тилида газета, журнал ва шу кабиларга олдиндан ҳақ тўлаб ёзилишни англатади:

Бу йил яна “Ҳидоят” журналига обуна бўлдим.

@oriftolib


Номус – қонунга боғлиқ

Номус
сўзи аслан ўзбекча эмаслигини этимология мутахассиси билмаса, оддий одам тасаввур қилиши амримаҳол. Бу сўз юнонча nomos – қонун сўзидан ҳосил бўлган. У араб тилига ўтгач, қонун; виждон, диёнат; обрў-эътибор; иффат, бокиралик каби маънолар касб этган. Тахминимча, қонун-қоидаларга бўйсунувчи, бировга зарар етказмайдиган, обрўсини сақлайдиган, тартибли кишилар номусли ҳисобланган ва улар учун қонун маъносидаги сўз танлаб олинган.

Номус ўзбек тилида орият, диёнат, уят-андиша каби маъноларда қўлланади:

Нодон билан юрма, номусингни букма.
Мақол.

Номус! Номус эр кишини ўлдиради-я!
Шуҳрат, “Шинелли йиллар”.

@oriftolib


Қандил: шамдан чироққа

Бу сўзнинг илдизи лотинча candela – шамга бориб тақалади. У юнон тилига kandela шаклида ўтган ва шам, шамчироқни англатган. Арабчага қандил шаклида ўзлашгач, чироқ, чилчироқ, люстра мазмунига эга бўлган.

Қандил ўзбекчада бир неча шам ёки лампочка қўйиладиган оёқли ёки осма чироқни билдиради:

Катта долон, ҳар бир уйда қий-чув, ерда чироқ, қандиллар осиғлиқ.
Ж. Шарипов, “Хоразм”.

Баъзи Европа тилларида бу сўз турли товуш ўзгаришлари билан учрайди. Масалан, инглизчада candle сўзи шамни, chandelier эса қандилни англатади.

@oriftolib


Қайсар – аслида киши номи

Баъзан кишиларнинг номи сўзларга айланиб кетади. Қайсар сўзи ҳам шундай. Рим императори Гай Юлий Цезар номидан – Caesar сўзидан ҳосил бўлган. Ҳукмдор номи лотин тилига турдош от сифатида ўтган. Ундан араб тилига ўзлашган ва подшоҳ маъносида қўлланган. Ўзбек тилида ҳам Рум подшоси; подшо, ҳоқон маъноларида ишлатилади. Бироқ унинг тутган ерини кесадиган, ўжар, асов каби маънолари машҳурроқ:

Тура қолинг, энди жуда пайти, одам бунчалик қайсар бўлмайди. Узр сўранг, узр.
Н. Сафаров, “Водиллик қаҳрамон”.

Лекин фактлар қайсар нарса, уни хаспўшлаб бўлмайди.
А. Эшонов, Ҳ. Умаров, “Одамларни ўйлаб”.

@oriftolib


Иқлим – етти иқлим кезган сўз

Бу сўзнинг илдизи ҳам қадим юнон тилига бориб тақалади. Аслиятда klima, klimatos шаклига ва эгиш, энгаштириш; майл, мойиллик маъносига эга бўлган ушбу сўз араб тили орқали ўзбекчага ўзлашган. Тилимизда муайян жойнинг ўзига хос, ҳар йили такрорланувчи одатдаги об-ҳаво шароитини, дунё қисмини, минтақани, кўчма маънода эса шароитни англатади.

Етти иқлим ибораси қадимги географлар тасаввуридаги Ернинг етти минтақасидан ҳар бирини билдиради.

Бу сўз кўплаб Европа тилларига лотин тили воситасида ўтган. У, масалан, инглизчада climate, испанчада clima, немисчада klima, французчада climat, русчада климат шаклига эга.

@oriftolib


Зумрад ва Эсмералда – эгизаклар

Айрим сўзлар узоқ йўлларни босиб ўтади ва шакл-шамойили, баъзан маъносини ўзгартириб, бошқа тилларда ўтроқлашиб қолади. Асли юнонча smaragdos, яъни сабзаранг тош бўлган зумрад сўзи ҳам араб-форс тиллари таъсирида қиёфасини ўзгартирган ва ўзбек тилига кириб келган. Маълумотларга кўра, бу сўз қадимги юнон тилига сомий тилларидан ўтган. Иброний тилидаги баракат, аккад тилидаги баррақту, араб тилидаги барқ, санскритча мараката унинг қадим аждодларидир.

Бу сўз қардош туркий тиллар, араб, форс, рус, инглиз, испан, португал тилларида турли шаклларда қўлланади. Баъзи тилларда шакли тамоман ўзгариб кетган.

Европа халқларида кўп учрайдиган Эсмералда исми ва ўзимизнинг Зумрад, Забаржад исмларининг ўзаги бир.

Зумрад сўзи ўзбекчада олий сифатли, оч яшил тусли қимматбаҳо тошни ва унинг рангини англатади, аёлларга исм қилиб қўйилади.

@oriftolib


Жавон – “тахтали ром” дегани

Ўзбекчага хитой тилидан ҳам бир қанча сўзлар ўзлашган. Севиб истеъмол қиладиганмиз уйғур таомлари – лағмон, манти, манпар, хоним кабиларнинг номи ҳам асли хитойчадан.

Турмушимизда ишлатиладиган баъзи нарса-буюмлар ҳам ўз номини хитойчадан олган. Жумладан, жавон сўзи. У ўзбекчада турли нарсалар қўйиладиган мебелни, шкафни англатади: китоб жавони, кийим жавони.

“Ўзбек тили тарихи” китобига кўра, жавон хитойча дзабань сўзидан. У цзаром, чорчўп, баньтахта сўзларидан ясалган. Бу сўз бизга уйғур тили орқали кириб келган. Уйғурчанинг ўзида жаванг токчани англатади.

@oriftolib


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
“Маданият ва маърифат” телеканалининг “Сиз эфирдасиз” телевикторинасида саҳифамизда эълон қилинган савол ўйналибди:

У аслиятда отнинг оқ қашқаси; гажак, кокил деган маъноларни англатади. Ўзбекчада ҳам кўпинча пешона ёки бошда бўладиган нарсани билдиради. Гап қайси сўз ҳақида?

Жавоби эсингиздадир 😉

@oriftolib

Показано 20 последних публикаций.