Энг аввал ташхисни тўғри қўйиш керак Ижтимоий тармоқларда деярли ҳар куни қайсидир мансабдорнинг коррупция билан боғлиқ жиноятни содир қилганлиги фош этилмоқда.
Порахўрлик ҳолати аниқланмаган соҳа, жиноий жавобгарликка тортилмаган
лавозим деярли қолмади.
Вазирлар, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, суд, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг барча бўғиндаги мансабдорлари коррупцион жиноятларни содир этганлиги учун
бирин-кетин жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Ўз навбатида, олинаётган
поралар миқдори ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг ўзлари ҳам бу каби жиноятларга алоқадорлиги
ачинарли ҳолатдир.Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги
давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳам устувор йўналиш эканлигини
эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.Коррупцион жиноятлар соҳалар ва ҳудудлар кесимида
ҳам бўйига, ҳам энига йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Савол туғилади: бу аслида ижобий ҳолатми ёки салбий натижа?!Тан олиш керак, коррупцияга қарши курашувчи органлар
коррупцияни таг-томири билан қуритиш мақсадида аёвсиз кураш олиб боришмоқда.
Бироқ, аксига олгандек, коррупцион жиноятлар ҳажми ҳам
тескари пропорцияда ўсиши кузатилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш тенденция шу тарзда давом этадиган бўлса, 10 ёки 20 йилдан сўнг
қайси нуқтага етиб борамиз?!
Коррупцион жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бораверадими ёки қайсидир даврдан сўнг камайишига эришиладими?!
Тиббиётда беморни тўғри даволаш учун, энг авволо,
тўғри ташхис қўйилиши шарт. Ташхис аниқ қўйилмаса, қилинган ҳар қандай муолажалар барибир ижобий самара бермайди.
Шундай экан, коррупцион жиноятларга қарши курашишда ҳам бундай иллат пайдо бўлишининг асл сабабларини аниқлаш ва уни
“фалаж” ҳолатига олиб бориш йўлларини қўллаш зарур.
Қонунчиликда коррупцияга қарши курашувчи давлат органларининг вазифалари ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган.
Давлат органлари коррупцияга қарши курашишда энг тўғри йўлдан боришмоқда ва бу иллатни илдизи билан қуритишига умид қиламиз.
TASHXIS ✅