ЭЛЕКТРИК ОТАХОН ЯПОНИЯДА!
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлар. Ўтган ҳафта дўстларимиз билан Токиодаги “Ҳалал сакура” деган Ўзбек ошхонасига бордик. Ўзбекча овқатлар, ўзбекона сухбатлар қилиб турганимизда, бир отахон: “Мана шу Баҳодиржон билан бир сухбат қилиш ниятим бор эди. Ҳамма ёзганларини севиб ўқийман. Мен ҳам давраларингизга қўшилсам майлими?” дедилар. Ҳамма ўз отасини соғинган, ўзбекона истарали одамларни соғинган, бажонидил бирга ўтириб сухбатлашдик. Отахондан ажойиб маслаҳатлар ва дуолар олдик.
Хуллас, сиз расмда кўриб турган инсон — салкам 70 ёшдаги Ўзбекистонлик оддий электрик. 50 йилга яқин Самарқанднинг Тойлоқ туманида электрик бўлиб ишлаганлар. Жуда ҳам самимий, жуда ҳам билимли инсон эканлар. Адабиётга бўлган муҳаббатлари ҳам бўлакча экан. Шеърлар ҳам машқ қилиб турарканлар. Навоийдан тортиб, замонавий Ўзбек адабиётигача гаплашдик. Нафақат адабиёт, балки, қолган соҳаларда ҳам фикрлаш доиралари кенг экан. Мени энг ҳайрон қолдиргани, замонавий технологиялар, телефон, компютер, интернет ҳаммасини биз ёшлардан кўра яхши тушунарканлар.
Хўш, Японияда нима қилиб юрибдилар? десангиз, фарзандларини кўргани келибдилар. Японияда кўпчилик танийдиган ака-ука Ҳасановлар бор. Каттаси Firdavs Khasanov — ана шу 3 қаватли Ўзбек ресторанининг асосчиси, филология фанлари номзоди, яқин келажакда доктор бўлишларига ҳам тилакдошман. Билимли, олим, бизнесмен. Япониядаги ватандошлар учун доим жон куйдириб юрадилар. Ўзбек ёшларини йиғиб, маслаҳатлар бериб юрадилар, учрашувлар ўтказиб юрадилар. Қойил қолмай илож йўқ.
Энди, бяғини эшитинг. Кичиги Jurabek Khasanov Японияда университетни тамомлаб, NEC деган Американи титратган компанияда ишлаб, камига Япониядаги Ўзбек ёшлар уюшмасига раислик қилган. Мен ҳайрон қолардим. Ҳам иш, ҳам ўқиш, ҳам Ўзбекистонни танитиш учун бунча энергияни қаердан олишаркан деб? Ҳақиқий ватанпарвар. Ҳозтрда, олган билим ва тажрибаларини ватанимизда улашиш учун, ватанга қайтиб, Ўзбекистонда Япониянинг JICA ташкилотида фаолият олиб бораяптилар.
Бу иккала ака-уканинг бу даражада билимли, муваффақиятлилигини сири нимада десам, ана шу ўзимизнинг отахон-да экан. Бор куч ва энергиясини, маблағини болаларининг ўқишига сарфлаган отахон, бугун бир ўғиллари Токиода бизнесмен, бир ўғиллари ватанда яхшигина лавозимда. Отахон эса, қилган меҳнатларининг самарасини кўриб юрибдилар. “Кампирим, оламдан ўтиб анча сиқилиб қолдим” дедилар. Илоҳим, онахоннинг жойлари жаннатдан бўлган бўлсин! Ўзингизнинг умрингиз узоқ бўлсин! Мен учун ҳақиқий қаҳрамонлар — ана шундай ота-оналар. Қийинчиликларга қарамай, фарзандларининг ўқишига сармоя қилган, қилаётган барча ота-оналар қаҳрамонлардир.
Азиз, журналист дўстлар. Ана сизга тайёр материал. Тойлоққа бориб, отахондан интервю олинг. Фарзанд тарбиясидаги қўлланмаларини оммага кўрсатинг. Ишонинг, шу даражада чиройли ва маъноли гапирар эканларки, интервюнгизни ёндириб беришларига ишонаман. Электрик эмас, ОЛИМ экан деб ўйлашингизга ишонаман!
Илоҳим, барчаларингизни фарзандларингиз ана шундай муваффақиятли, омадлилардан бўлиб, ардоғида, фахрида юриш насиб этсин, омин!
Баҳодир ИСКАНДАРОВ!