Хушхабар
Наманган давлат университети «THE Impact Ranking» рейтингидан ўрин олди!Жорий йилнинг 10-13 июн кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида «Times Higher Education» (THE) Халқаро рейтинг агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) (Sustainable Development Goals – SDG) бағишланган халқаро конгресс ташкил этилди. Ушбу конгрессда THE рейтинг агентлиги томонидан «THE Impact Ranking» натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, Наманган давлат университети илк маротаба «THE Impact Ranking» рейтингидан ўрин олди.
Яъни, мазкур рейтингда Наманган давлат университети 50.5 балл билан 1001-1500 ўринни қўлга киритди!
Маълумки,«THE Impact Ranking» рейтинги 2019 йилдан буён олий таълим ташкилотлари фаолиятини БМТ Барқарор ривожланиш дастури тамойили асосида баҳолаб келади.
2024 йилги рейтингда бутун дунёдан 2100 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари иштирок этди.
Қувонарлиси, Наманган давлат университети барқарор ривожланиш дастурининг 17 та бандидан 13 тасида муносиб иштирок этиб, бандлар бўйича қуйидаги ўринларни қўлга киритди:
1. Ўта қашшоқликка барҳам бериш - 601-800-ўрин
2. Очликка барҳам бериш - 401-600-ўрин
3. Соғлик ва фаровонлик - 1001+-ўрин
4. Сифатли таълим - 1001-1500-ўрин
5. Гендер тенглиги - 801-1000-ўрин
6. Тоза сув ва санитария - 601-800-ўрин
7. Муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш - 401-600-ўрин
8. Саноатлаштириш, инновация ва инфратузилма - 801-1000-ўрин
9. Тенгсизликни камайтириш - 1001+ -ўрин
10. Барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойлари - 801-1000-ўрин
11. Қуруқликдаги экотизимларни асраш - 601+ ўрин
12. Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув - 801-1000-ўрин
13. Барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик - 1001-1500-ўрин.
Бу албатта, университетда таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, бу борада барча имкониятларни ишга солиш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Ушбу юқори натижа ва юксак муваффақият университет жамоасига муборак бўлсин!Namangan davlat universiteti
«Press klub»