#Хато_Хулоса
Агар дин ва илоҳий ваҳий билан англатилган ҳақиқатларни етказишда ИНСОН деб аталган унсур (жонли етказувчи ва муаллим) ғоят муҳим рол ўйнамаганида Аллоҳ таъоло бизларга биздан бўлган ва биз каби еб-ичадиган, биз каби гоҳо маҳзун гоҳо масрур бўладиган, биз каби ғазаб ва марҳамат туйғуларига ошино, ақл ва ҳиссиёт тарозуси билан мувозанатланган, биз каби туғулиб, биз каби ўладиган бир инсон фарзандини пайғамбар ва воситачи қилиб юбормаган, балки, илоҳий дастур бўлган муқаддас китобларни бир тош устига нозил қилиб «Ҳар бир ақл эгаси ўзи тушунганича бу китоб асосида ҳаётини шакллантираверсин!» дея амр қилган бўлар эди.
«Шунингдек, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларга Бизнинг оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва билмаган нарсаларингизни билдирган бир Пайғамбар юбордик.»
[Бақоро сураси 151-оят)
Ҳолбуки, Аллоҳ ваҳий (яъни дин ва борлиқнинг ягона ҳақиқати)ни ИНСОН деб аталган борлиқ воситасида бизларга етказди ва ўз ҳаётимизни КИТОБ (илоҳий маълумотлар ва буйруқлар мажмуаси)ни ўзимиз тушунгандек эмас, анашу КИТОБнинг башарий-набавий татбиқи ва набавий талқини асосида шакллантиришимизни (набий бўлган башарнинг суннатига эргашишимизни) амр қилди.
«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна (идеал) бордир.»
[Аҳзоб сураси 21-оят]
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтгинки: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».
[Тоҳа сураси 90-оят]
Қолаверса Аллоҳ дин ҳақиқатлари ва амру-тақиқларидан билмаган, тушунмаган ёки хато тушунган нарсаларимизни, ишонмаган нарсаларимизнинг манбаси ва ҳужжатини Сунъий Онгдан эмас, БАШАР бўлган ИЛМ ЭГАларидан сўраб ўрганишга буюрган.
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари ҳам фақат кишиларни (яъни, инсонларни) Ўзимиз ваҳий юборган ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Шундай экан (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар!»
[Анбиё сураси 7-оят]
Энг муҳими эса, аслини олганда дин шунчаки илоҳий ва муқаддас маълумотлар мажмуъаси эмас, балки ахлоқдир, тарбиядир, тазкиядир. Сунъий онг сизга маълумот бера олиши мумкин, бироқ у сизни тарбия қила олмайди. У манбаъ бўла олар, аммо муршид, муъаллим ва мураббий бўла олмайди.
Шуни ҳам унутманг, тупроқдан бўлган башарнинг руҳидаги ақл ёлғиз эмас, балки, унинг «ҚАЛБ» деб аталган - унга «Аллоҳдан қўрқиш ва Аллоҳдан умид этиш туйғуси»ни ҳис эттириб турувчи ҳамроҳи бор, демак омонатдорлик бор. Демак, у устозликка лойиқ. Сунъий Онгда эса бундай ҳамроҳ йўқ! Чунки, у руҳнинг ҳаракати, нафснинг маърифати ва ҳикмати эмас, шунчаки махсус алгоритмик комбинациялар мажмуасидир…
Содда бироқ, ўта чуқур маънога эга биргина мисол билан фарқни англаш мумкин. Сунъий Ақл: «Аллоҳдан қўрқиш керак.» деса, Инсоний Ақл: «Аллоҳдан қўрқ!» дейди. Бу икки ибора орасида башарий ақл эгалари наздида жудаям буюк фарқ бор!!!
Қисқа қилиб айтганда, нуқсонкор башар ийжод маҳсули бўлган «сунъий ақл ва руҳсиз алгоритмик хулосалар» дин борасидаги устозликда комилу мукаммил Зот Аллоҳ азза ва жалла яратган «ҳақиқий башарий ақл ва руҳнинг инсоний тафаккури, фаҳми ва хулосаси»дан устун бўлиши у ёқда турсин, хатто унга тенглаша олмайди.
Шундай экан, қуйидаги суратдаги каби фикрлар ва хулосалар бу ҳақиқатлардан мосуво бўлган ақлнинг хатоли ва нуқсонли хулосаларидир.
Азизлар, Ислом мусулмон протестанларга ва уларнинг «французча» таждидига муҳтож эмас.
***
Огоҳ бўлинг!
Шайтоннинг нозик, жозибадор ва ўта хатарли тузоғига тушиб қолманг! Динингизни Сунъий Онгдан эмас пайғамбар ва унинг содиқ меросхўрлари бўлган башарий олимлардан ўрганинг! Акс ҳолда, ҳалокатингиз ва адашишингиз муҳаққақ бўлади.
Қуйидаги хулоса эгаси бўлган диндошимизни эса бу хато хулосани қайта кўздан кечиришга чақириб қоламан.
@Abdulqodir_Azhariy