#Кун_фатвоси
КУФРГА САБАБ БЎЛУВЧИ СЎЗЛАР ВА ИШЛАР ҲАҚИДА
CАВОЛ: Мен кеча жуда хунук иш қилиб қўйдим. Жаҳлим чиқиб турганда бир киши фалон иш худо хоҳласа бўлади деди, мен эса қўпол сўкиниб бу иш бўлмайди, дедим. Куфр келтирдимми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусулмон кишининг диндан чиқиш ҳақида уламоларимиз бир қанча сабабларни келтирганлар. Улар уч турли бўлиб, Сиз ички ҳолатингиз ва қасдингиз қайси бирига тўғри келишига қараб иш тутинг. Қандай ҳолат бўлган бўлса ҳам, астойдил пушаймон бўлиб, тавба-истиғфор билан ўзингизни ўнгланг, солиҳ амалларда давом этинг. Кулфат келган томонни ислоҳ қилиш, яъни, жаҳлни жиловлаш, оғир-босиқ бўлиш пайида бўлинг.
1. Нотўғри эътиқод сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таоло ҳақида ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёки охират куни ҳақида ва ҳоказо динга тааллуқли экани аниқ бўлган қатъий маълумотлар тўғрисида шубҳа қилган киши диндан чиққан бўлади. Аммо унутмаслик лозимки, кўнгилга келадиган турли бемаъни ўй-хаёллар шубҳа ҳисобланмайди.
2. Айрим ишларни қилиш сабабли диндан чиқиш. Масалан, бут-санамларга сажда қилиш, қуёшга сажда қилиш ва Мусҳафи шарифни чиқиндихонага улоқтириш каби ишларни содир этган кимса диндан чиққан бўлади.
3. Айрим сўзларни гапириш сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таолонинг исмларини, ёки ҳукмларини ёки динни ва унга тегишли ҳукмларни мазах қилган кимса диндан чиққан бўлади.
Ушбу учинчи турида олдингиларидан фарқли нозик жиҳатлари бўлгани учун ақоид китобларида бу тур алоҳида равишда кенг ва батафсил баҳс қилинган. Бу баҳсларнинг хулосалари қуйидагилардир: Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “Бадъул амолий” асарида куфр сўзини гапиришнинг ҳукмини бундай баён қилган:
وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
“Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир”.
Демак, ихтиёрий равишда, яъни мажбурланмасдан туриб куфр сўзини айтиш диндан қайтиш, яъни куфр ҳисобланар экан.
Куфр сўзини айтувчиларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Баъзилари бу сўзни била туриб қасддан айтган бўлсалар, баъзилари билмасдан айтиб қўйган бўлишлари мумкин. Буларнинг барчасининг ҳукми бир хил бўладими ёки фарқли ҳукм бўладими?
Бунга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: Куфр сўзини гапирувчиларни қуйидаги уч турга ажратиш мумкин:
1. Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтувчилар.
Кимки айтаётган гапи куфр эканини билиб, шуни ўзи хоҳлаб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтган бўлса, бундай кимса ҳеч бир ихтилофсиз аниқ кофирга айланган бўлади.
2. Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, аммо маъносига эътиқод қилмасдан айтувчилар;
Кимки айтаётган гапи куфр эканини била туриб, ўз ихтиёри билан уни айтган бўлса-ю аммо эътиқоди ундай бўлмаса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган:
– Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар матнлардан бўлган “Фатавои Қозихон” ва “Фатавои Баззозия”лардаги ҳукмга кўра бу одам диндан чиққан бўлади;
– Баъзи уламолар: “Имон ва куфр қалбнинг амалларидир, шунга кўра бу одам диндан чиққан бўлмайди”, деганлар.
3. Айтаётган гапи куфр эканини билмасдан ва маъносига ҳам эътиқод қилмасдан айтувчилар.
Кимки аслида куфр бўлган сўзни гапирса, аммо айтган гапининг маъносига ҳам эътиқод қилмаган ва унинг куфр сўз эканини ҳам билмаган бўлса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган:
Аммо уламолар куфр сўзи айтилса ҳам айрим ҳолатларда истисно тарзда куфр ҳисобланмайди деганлар. Масалан бехосдан куфрга далолат қиладиган сўз оғиздан чиқиб кетган бўлса, ёки эс- ҳушини йўқотган ҳолатда айтиб юборган бўлса, ёки маст ҳолатда алжираган бўлса, куфрга ҳукм қилинмайди (“Эътиқод дурдоналари” китобидан). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
https://t.me/diniysavollar/1176©
AzonUZ