#САВОЛ_ЖАВОБЛАР
ТАОМ ТАНОВУЛИ УЧУН СОВРИН ҚЎЙИШCАВОЛ: Ҳозирги кунда таом ейиш эвазига мукофот қўйилмоқда. Бу турли хил таом турларида бўлмоқда. Улардаги асосий шартлар маълум миқдордаги таомни фалон муддатда ва фалонча шахс ейди. Айримларида шартни бажарса ҳам, бажармаса ҳам овқатнинг пули тўланса, баъзиларида шартни бажара олмаса, овқатнинг пулини тўлайди. Шарт бажарилган тақдирда ютуқ қўлга киритилади. Шу иш жоизми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар мукофот қўйилган маҳсулотлар савдоси жоизлиги учун бир қанча шартлар қўйишган. Жумладан, “Буҳус фи қазоя фиқҳийя муосира” китобида учта шарт айтилган. Улардан бири қуйидагича:
الشرط الثالث: أن يكون المشتري يقصد شراء المنتج للانتفاع به، ولا يشتريه لمجرد ما يتوقع من الحصول علي الجائزة، لأنه إن لم يكن يقصد شراء المنتج، فإن ما يبذله من الثمن، إنما يبذله من أجل الجائزة، فكـأن فيه شبهة المخاطرة، فلا يخلو من شبهة القمار
“Учинчи шарт: Харидор маҳсулотни мукофотни қўлга киритиш учун эмас, балки ундан фойдаланиш мақсадида сотиб олсин. Чунки маҳсулот сотиб олишда ундан фойдаланиш мақсади йўқ бўлса, тўлаётган пулини мукофотни ютиб олиш учун бераётган бўлади. Бу ерда молни хатарга қўйиш шубҳаси бўлгани учун бу иш қимор эҳтимолидан холи бўлмайди”.
Агар мижоз таомни охиригача еб қўйса, пул тўламайди, акс ҳолда пулини тўлайди, деб шарт қўйиш дуруст эмас ва бу фосид савдо ҳисобланади. Еб тугатиш ёки тугата олмасликдан қатъий назар пул тўлайди дейилиб, унга мукофот ҳам белгиланса, юқоридаги иборага кўра, қимор шубҳасига тушиб қолади.
Қолаверса бундай ишлар динимизнинг бошқа кўрсатмаларига ҳам тўғри келмайди. Чунки одатда харидор мукофот илинжида тезроқ ейишга ҳаракат қилади, ҳаттоки қорни тўйиб кетса ҳам ейишдан тўхтамайди. Динимизда эса тўйгандан кейин таом ейиш жоиз бўлмайди. Фақатгина рўзага қувват йиғиш учун саҳарликда ёки меҳмонни ҳижолат қилмаслик учун бўлиши бундан мустаснодир.
Тез ва меъёридан ортиқ овқатланиш динимиздаги жонни асраб-авайлаш тамойилига зиддир. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирия” китобида қуйидагилар келтирилган:
أما الأكل فعلى مراتب: فرض، وهو ما يندفع به الهلاك، فإن ترك الأكل والشرب حتى هلك فقد عصى. ومأجور عليه، وهو ما زاد عليه ليتمكن من الصلاة قائما ويسهل عليه الصوم. ومباح، وهو ما زاد على ذلك إلى الشبع لتزداد قوة البدن، ولا أجر فيه، ولا وزر ويحاسب عليه حسابا يسيرا إن كان من حل. وحرام، وهو الأكل فوق الشبع إلا إذا قصد به التقوي على صوم الغد أو لئلا يستحيي الضيف فلا بأس بأكله فوق الشبع
“Ейишнинг бир нечта даражаси бор. - Фарз:
Бу ҳалок бўлмаслик миқдорича ейиш. Агар еб-ичишни қасддан тарк қилиб вафот этса, гуноҳкор бўлади.
- Савоб оладиган миқдор:
Фарз даражасидан кўпроқ, тик туриб намоз ўқиш ва рўза тутишга қодир бўла олиш учун ейиш.
- Мубоҳ:
Юқоридагидан зиёдроқ, тана куч-қувватга тўлиши учун тўйгунча ейиш. Бунга савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ. Ҳалолдан еган бўлса, охиратда енгил ҳисоб қилинади.
- Ҳаром:
Бунга тўйгандан кейин ҳам ейиш киради. Аммо эртанги куннинг рўзаси учун куч тўплаш ёки меҳмон уялиб ейишдан тўхтаб қолмаслиги учун ейилса мубоҳ бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.Дўстларингизга ҳам улашинг:https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA