МЕН БЮДЖЕТДА ЎҚИГАНМАН, УЧ ЙИЛ ИШЛАБ БЕРИШИМ КЕРАК, ЛЕКИН УЧИНЧИ ЙИЛДА ИШДАН БЎШАТИЛДИМ. БУНДАЙ ҲОЛДА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?
САВОЛ.
Мен бакалаврни ҳам, магистратурани ҳам грант асосида ўқиб, битириб, институтнинг ўзида ишда қолдим. Институт раҳбарияти 2019 йил бюджетда ўқиганлар билан 3 йил шартнома тузилишини айтган эди.
Шу шартноманинг икки йилини ишлаб бўлдим. Бу учинчи йили меҳнат таътилидан қайтиб келиб, 1.0 ставкадан 0.25 ставкага ўтишга ёзган аризам ректорат томонидан ўтмабди. Кафедра мудирининг айтишича, муайян сабабларга кўра ишдан бўшатилган эканман.
Билишимча, меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинганида 2 ойлик иш ҳақи берилиши керак. Лекин бу ҳақида сўраганимда ҳеч ким аниқ жавоб бермаяпти. "Отангга бор, онаннга бор" қабилида жавоб беришяпти.
Ҳурматли
@yuristkadr, бундай ҳолда қандай йўл тутиш керак ва ҳолат қандай қонун (қонуности) ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади?
ЖАВОБ.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.06.2005 йилдаги ПҚ-92-сон қарорининг 6-бандига асосан 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари битирувчиларини мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш амалиёти жорий этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 06.08.2005 йилда 1506-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланган.
Низомнинг 27-бандига кўра ҳар ўқув йилининг бошида, яъни сентябрь ойида, олий таълим муассасаларига бакалавриат ва магистратура бўйича давлат грантлари асосида қабул қилинган талабалар билан олий таълим муассасаси ўртасида ўқишни тамомлагандан сўнг таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда камида уч йил ишлаб бериш тўғрисида шартнома тузилиши лозим. Бунга кўра, сиз айнан бир корхона (ташкилот ёки муассаса)да ишлаб беришингиз талаб этилмайди, яъни муассасангиз иш берувчи сифатида битирувчини 3 йил ишлатиш мажбуриятини олмайди.
❗️Энди асосий масалага қараймиз, айтишингиз бўйича учинчи йилига келиб 1,0 ставкадан 0,25 ставкага, яъни Меҳнат кодексининг 119-модасига асосан тўлиқсиз иш вақтига ўтиш бўйича берган аризангиз меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўла олмайди.
Мазкур ариза ёки бошқа асослар билан муайян сабабларга кўра сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ғайриқонуний деб баҳоланади. Кафедра мудири томонидан “муайян сабабларга кўра ишдан бўшатилгансиз” деган оғзаки буйруғи сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини англатмайди.
▪️Биринчидан, Меҳнат кодексининг 15-моддасига кўра – корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида; мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар; ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар иш берувчилар бўлиши мумкин.
▪️Иккинчидан, агар сизни Меҳнат кодексининг 100-моддасидаги айрим асосларга кўра меҳнат шартномангизни иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишган бўлса, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.
▪️Учинчидан, Меҳнат кодексининг 107-моддасига кўра – меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
▪️Тўртинчидан, Меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
❗️ Мазкур ҳолат юзасидан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман адлия бўлими мутахассисларига ёки тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиб, низони ҳал этишингизни маслаҳат берамиз.