Жудаям мағрурсиз...
Қайданам севдим.
Манзилингиз осмон, масофа анча,
Ерга тушаётган экансиз, сездим,
Мен кетиб бўламан келгунингизча.
Юраги тошларга аталган одам,
Юраги тошларга айланган одам.
Кўнглимга келмасдан ҳайдалган одам,
Мен кетиб бўламан келгунингизча.
Осмонга кўз тикдим, ой-у йил кутдим,
Ўзимдан воч кечдим, ўзни унутдим.
Бугун дилсизларга дилимни тутдим,
Мен кетиб бўламан келгунингизча.
Йўлларга соғинчни нурдек тўшадим,
Гулдек озорландим.
Гулдек яшнадим.
Нетай, икки олов ичра яшадим,
Мен кетиб бўламан келгунингизча.
Кўзимга беркиниб йиғлайди ёмғир,
Ўкиниб, ўксиниб йиғлайди ёмғир.
Хоҳласангиз келинг,
Энди барибир —
Мен кетиб бўламан келгунингизча.
Жудаям мағрурсиз...
Қайданам севдим.
Манзилингиз осмон, масофа анча,
Ерга тушаётган экансиз, сездим,
Мен кетиб бўламан келгунингизча...
🌻🌻🌻
Башорат Отажонова@mittihaqiqatlar