КЎНГАНДАЙМАН...
Сингандайман... тўғри, андак сингандайман,
Довул эдим, бугун бироз тингандайман,
Худойимдан қўрқиб, бандасидан ҳуркиб,
Кўнгандайман, барига жим кўнгандайман...
Бошга ёққан дўлми, қорми Художоним,
Жони қаттиқ гуноҳкорми Художоним,
Юмшоқ тупроқларинг борми, Художоним,
Мен энг қаттиқ ерларингда унгандайман.
Тополмайман, бахтим мендан писингандан,
Бўйим чўкди, елкаларим қисингандан,
Ҳамма илиқ баҳорларда исинганда,
Мен қаҳрли совуқларда тўнгандайман.
Кул бўлишин билиб олов кўкка ўрлар,
Қолдимикан яна олов бўлар қўрлар,
Шундоқ синармикан ўзи ҳамма зўрлар,
Олов эдим...сўнгандайман, сўнгандайман.
Нени дорга илсам, барин тенг илдим мен,
Бор бахтим деб бир бахтимга тенгилдим мен,
Гарчи кеча ғанимларга енгилдим мен,
Лекин бугун ўз-ўзимни енггандайман!
Мен барига қўл силтаб, кўз юмгандайман.
Ҳаммасини юрагимга кўмгандайман,
Кўнгандайман.
© Гулжамол Асқарова
https://t.me/Adabiyot_olami