Ёлғон (фейк) хабарлардан қандай ҳимояланиш керак? Фейк ─
(инглизча) сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар
(одатда машҳур инсонлар) номидан очилган ёлғон аккаунтлар фейкларга мисол бўла олади.
Фейклар жиддий ижтимоий-сиёсий мақсадларни ёки молиявий манфаатни кўзлаб тарқатиладиган ёлғон хабарлардир.
Ҳимояланиш усуллари: Манбани яхшилаб ўрганинг. Хабардан бош саҳифага ўтиб, сайтнинг мақсади, вазифалари ва контентини ўрганиб чиқинг.
Хабарни охиригача ўқинг. Баъзида эътибор тортиш учун сарлавҳаларда воқелик бўрттириб ёки бузиб кўрсатилиши мумкин.
Муаллифни текширинг. Муаллиф ҳақида маълумот излаб кўринг, ҳақиқатда бор одамми, ишончли материаллар ёзадими?
Ҳаволаларни текширинг. Бирон хабарни бошқа ҳаволалар орқали ҳам қидириб кўринг, бир неча манбадан олинган маълумотларни солиштиринг.
Саналарга эътиборли бўлинг. Янгилик, хабарнинг санаси янгими? Балки эски хабарни тақдим этишаётгандир?
Балки бу ҳазилдир? Хабар жуда ғалати, реалликдан узоқ бўлса, бу ҳазил сифатида оммалаштирилган бўлиши ҳам мумкин.
Холис бўлинг. Маълумотнинг чин ёки ёлғонлигини сизга ёққан-ёқмаганлиги, манфаатингиз юзасидан ҳал қилманг.
Мутахассислардан сўранг. Шунчаки мазкур ахборотга дахлдор бўлган шахслардан суриштириб кўриш ҳам мумкин.
Фейкни аниқлашга ёрдам берувчи ресурслар:Фейк фотони аниқлаш. Фотофейклар ҳам кўп учрайди, ҳам уларни аниқлаш осон. Суратнинг асл манбасини аниқлаш учун сурат устига сичқончани олиб келиб,
«суратни Google’дан топиш» буйруғини танлаш керак.
Tineye сервисига фотони юклаш орқали суратнинг аслини топиш, унинг турли ҳажмдаги вариантлари, қачон тармоққа юклангани, компьютерда ишлов берилгани ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Фейк видеони аниқлаш. Видео YouTube га жойланган бўлса,
YouTube DataViewer сервисидан ўтказинг. У видеонинг тармоққа қачон юкланганини кўрсатади ва бир нечта скриншотларни чиқариб беради. Скриншотлар орқали қидирув бериб, шунга ўхшаш видеоларни қидириб кўриш мумкин бўлади.
InVID сервиси орқали эса турли платформалардан юкланган видеолар ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин. У видео интернетга юкланган пайтдан бошлаб «босиб ўтган йўл»ини кўрсатади. Видеони кўришда машина рақамлари, майда ёзувлар, одамлариннг уст-боши, бинолар ҳолатига диққат қаратиш орқали ҳам видеога ишлов берган-берилмаганини аниқлаш мумкин.
@m_bayonov