1997 йилнинг 18 март санаси. Шу куни 13 ёшли Азиз синфдошлари билан бирга Қарши шаҳридаги “Меҳнат” стадионига футбол томоша қилгани борди. Бу Насаф ва Нефтчи жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб, унда қаршиликлар Олий лигадаги дебют учрашувини ўтказаётган эдилар. Учрашув бошланиши билан шаррос жала қуйиб, стадиондаги мухлислару, майдондаги футболчилар шалаббо бўлишди, аммо ўйин тўхтатилмади. Гарчи ўша матчда фарғоналиклар учта тўп фарқи билан ғалабага эришган бўлсаларда, шу воқеа ёш Азизнинг хотирасидан мустаҳкам ўрин олди. Шундан сўнг йиллар бўйи минглаб мухлислар қатори Азиз ҳам Насафга мухлислик қилиб келди. Орада ўша ёмғирли ўйин хотиралари қолган “Меҳнат” стадиони ҳам бузилиб кетди, лекин Азизнинг қалбида жонажон жамоасининг барча мухлислари қатори Насафнинг чемпион бўлишини кўриш орзуси асло сўнмади.
Мана бугун ҳам 40 ёшни қоралаб қолган Азиз ўша орзусига эришди. Ниҳоят “Насаф” чемпион бўлди! Ҳа, айтганча, Азизнинг қалбида яна бир армони бор, у ҳам бўлса Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатида иштирок этишидир ва бу армон ҳам тез орада ушалажакдир!
Яшасин Футбол, Яшасин “Насаф”, Яшасин Ўзбекистон!
https://t.me/hikmatlidun