Тежамкор кам бўлмайди Кеча бир ҳадис ўқиб қолим. Унда бино қуришда керагидан ортиқ сарф кишига кулфат бўлиши таъкидланади. Ҳозирда биз айнан шу насиҳатга амал қилишга жуда муҳтожмиз. Биноларга сарф ҳаддан ошиб кетди, уларни иситиш, ушлаб туриш, таъмирлаш яна иш ва бунинг эвазига бошқа зарур ишларга улгирмай қолмоқдамиз.
Европа сафарида кузатганларимдан ва менга маъқул келган нарсалардан бири - улар иқтисодий, илмий ва сиёсий жиҳатда биздан бир неча баробар устун бўлса да, биздек пул сарфлашмас экан. Ҳар бир ишида тежмакорлик кўрасиз.
Шаҳарлар оддий, баланд иморат жуда кам, бино, шарт-шароит, таълим ва матбуотда пойтахт билан қишлоқнинг деярли фарқи йўқ.
Берлинда тунда шаҳарнинг қоронғулигини кўриб дастлаб жуда ҳайрон бўлдим. Кейин тушундимки, ҳатто шунда ҳам улар тежамкорлик қилишар экан.
Уйларни иситиш тизимида ҳам тежамкорлик устувор, хоналар ҳам катта эмас. Жимжимдор нарса кўрмайсиз. Қулай ва покиза.
Бунинг эвазига уларда ишлаб чиқариш ва саноат, илмий тадқиқотларга зўр берилган. Ҳар бир қишлоқда завод-фабрика, институтлар бор.
Биргина Тубенген университетида 30.000 талаба ўқиркан. Бу ҳудудда аҳоли сони ўзи 90.000 экан. Бу халқаро университетнинг биноси ҳам жуда содда, бетакаллуф, аммо шинам ва илм учун етарли шароит яратилган. У ердаги кутубхонада қўлёзмалар қўзқорачиғидек асровда экан. Мен масъуллардан битирувчиларни иш билан таъминлашда муаммо йўқми деб сўрадим. Улар йўқ, аксинча, ҳозир бизда чет элдан келган талабалар ҳам ишлаб қолишмоқда, деб жавоб берди.
Тежакорлик эвазига аҳоли ўртасида иқтисодий тенглик ҳам барқарор. Уйлар бир-бирига ўхшаш, ўртаҳол. Бир тарафда жуда ҳашаматли бинолар, бошқа тарафда хароб кулбалар турмайди. Шаҳардаги уйлар билан қишлоқдаги бинолар ўртасида катта фарқ йўқ. Аҳолининг илмий савияси ҳам, иқтисодий имконияти ҳам, дунёқараши ҳам, усти-боши ҳам тенглашган. Қўпол қилиб айтганда, бирорта одамни "қишлоқи" дея олмайсиз. Туркияда ҳам тақрибан шу ҳолат бор. Юртнинг келажагини ўйласак, биз ҳам тежамкорлик йўлини тутишимиз даркор.
Хуллас, биргина ҳадис мисолида ким қандай амал қилмоқда ва нима натижа олмоқда, бир мулоҳаза қилиб кўриш мумкин.
Ҳикмат мўминнинг истаб юрган нарсаси, балки ушбу сатрлардан халқимизга бирор фойда етса, ажабмас.
©Hasanxon Yahyo Abdulmajid