Соҳибқироннинг қайсари Румга йўллаган насиҳатномаси: давлатнинг обрў-нуфузи ва дипломатик ёндошув намунаси
***
Хат матни:
«Насиҳатномаким, Йилдирим Боязидқа лойиқ бўлғай, иншо қилсун!» Дабири балоғатшиор Мавлоно Шамсуддин мунший қаламдек фармонига бош қўюб, номанинг бошида ҳамду сипос худой ва таҳиййат ва дуруду сурурга ниййот била мувашшаҳ қилди. Назм:
Сари нома қилди ба номи худой,
Ким улдур ёри банда ва раҳномой.
Худойи замину худойи замон,
Эрур ғарқи эҳсони барча жаҳон.
Мазмуни буким, «Худой бандаға раҳмат қилурким, ўзининг қадру мартабасини билгай. Ва ўзи ҳаддидин аёғини узолмағай. Букун биҳамди Аллоҳ таоло рубъи маскун мамолики бизнинг тахти тасарруфимизда турур. Ва оламнинг салотинлари бизга мутиъ турурлар. Ва офоқнинг сардорлари бизнинг амру наҳйимизда кириб турурлар. Ва жаҳоннинг гарданкашлари барча бизнинг бўсағамизда бош қўйуб турурлар. Назм:
Ки ер юзи барча сипоҳим эрур,
Кўк устидаги Хур кулоҳим эрур.
Жаҳон шоҳлари бандаи фармон менга.
Камина қулидур бу даврон менга.
Ва сенинг аслу насабинг кемачи туркмонларга етар ва бу бизга равшан турур, муҳтожи баён эмас. Ғурурни бошингдин чиқорғил. Бу чоққачаким сенинг /вилоятингға таъарруз қилмадук, жиҳати бу эрдиким, эшитур эрдукким, сен фаранг кофирлари била ғазога машғулсен. Ва агар биз ул сори борсак, мусулмонлар ташвишда бўлурлар ва кофирлар шодмон бўлғайлар. Зинҳор-зинҳорким атоларинғнинг тариқаларини сақлагил ва аёғингни ўз ҳаддингдин узотмағил, ўзунга мағрур бўлмағил. Вассалом».
***
Тарих саҳнасида буюк шахслар бармоқ билан санарли. Улар орасида Соҳибқирон Амир Темур ўзининг сиёсий диди, ҳарбий истеъдоди ва дипломатик маҳорат билан ажралиб туради. Унинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи замонасининг сиёсий манзарасига таъсир кўрсатган. Юқорида келтирилган насиҳатнома – Соҳибқироннинг қайсари Рум, Йилдирим Боязидга юборган мактубидан олинган бўлиб, ундаги маънолар чуқур сиёсий етуклик ва дипломатик ҳикматни ўз ичига олган.
Соҳибқирон “мунший равшан замир” – қалами нозик, тили фаҳмли давлат котибига шундай ҳукм юборди: «Насиҳатномаким, Йилдирим Боязидқа лойиқ бўлғай, иншо қилсун. Бу буйруқ асосида Мавлоно Шамсуддин номли балоғат соҳибининг қаламида ҳикматли насиҳатнома дунёга келди. Унинг кириш қисмида бунёдкор оламнинг Роббисига ҳамду сано айтилиб, дунёвий ва ухравий тинчликка дуо қилинди.
Мактубнинг аввалида Темур жаҳоннинг роббиси бўлмиш Аллоҳга шукроналик билан мурожаат этади:
"Худойи замину худойи замон,
эрур ғарқи эҳсони барча жаҳон".
Бундай иборалар Амир Темурнинг ўзини мутлоқ ҳукмдор сифатида эмас, балки Худонинг неъматлари ва раҳматига тобе бир банда сифатида кўрсатади. Бироқ шунга қарамай, у ўз давлатидаги сиёсий устунликни қуйидаги сатрларда таъкидлайди:
"Букун биҳамди Аллоҳ таоло рубъи маскун мамолики бизнинг тахти тасарруфимизда турур…"
Бу ерда у ўзини бутун олам салотинларининг амир ва саркардаларининг устози сифатида кўрсатади.
Соҳибқирон Боязидга ундаги асли кемачи туркмонлардан эканини эслатади ва уни худбинликдан, мағрурликдан қайтаришга ҳаракат қилади:
"Ғурурни бошингдин чиқорғил… аёғингни ўз ҳаддингдин узотмағил."
Унинг бундай огоҳлик сўзлари ўта нозик дипломатик ечимлар ичида, мантиқий изчиллик билан баён этилади. Ҳеч бир ҳақоратсиз, бироқ юксак ифодада у Боязидни ўз чегарасида қолишга ва оталари йўлини сақлашга чорлайди.
Бу насиҳатнома — Темурийлар давлати ташқи сиёсатининг юксак даражадаги намунаси. Унда исломий қадриятлар, давлатчилик анъаналари ва шахсий масъулият туйғуси уйғунлашган. Мактуб шаклида ифодаланган бу ҳужжат ўша давр учун нафақат дипломатик алоқа воситаси, балки ахлоқий ва сиёсий дастур вазифасини ҳам ўтаган.
Соҳибқироннинг бу сўзлари — ҳозирги кун раҳбарлари учун ҳам ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ш. Ўлжаева sahifasidan olindi.
@Davlatchilik_tarixi