Анора Содиқова блогер Муфасани судга берди
Журналист Анора Содиқова “Муфаса” тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан маҳкамага мурожаат қилди. Мурожаатда Анора блогер томонидан ижтимоий тармоқ, турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида баён қилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 100-моддаси (Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш) асосидаги шикоят фуқаролик судига юборилган.
Ўтган йилнинг 9 февралида 20 дан ортиқ жамоат фаоллари ўзбек медиасидаги троллинг, шаън ва қадр-қимматни камситишга доир фактлар юзасидан Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Репсубликаси Президенти Администрациясининг Ахборот хавфсизлиги Департаментига мурожаат қилгандик. Мурожаатларимиз тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Киберхавфсизлик бошқармасига ҳал қилиш учун йўлланган.
Киберхавфсизлик ходимлари биз фаоллар билан учрашди, “Жўққи журналистлар”, “Телеграф” телеграм каналлари, шуннингдек, Facebook ижтимоий тармоғидаги ўнлаб аноним профиллар бўйича мулоҳазаларимизни эшитишди, терговолди суриштирувлар бошлади. 20 дан ортиқ фаоллар Ички ишлар вазирлигига чақирилиб, жабрланувчи сифатида улардан кўрсатмалар олинди. Тахминлар, дастлабки версиялар ва бу қилмишларни содир этаётган шахслар бўйича терговчилар билан фикр алмашдик.
Уларнинг айтишича, Бош прокуратура, ДХХ органи Киберхавфсизликка мазкур троллинг кампаниялари, уларнинг қонунбузарлик қилмишлари борасида чора кўриш юзасидан расмий хат берган, офарин, яъни бу қудратли идораларнинг бундай “фаолият”га дахли йўқ. Бундан қувондик, иш енгил кўчади, деб ўйладик. Бу жараёнда биз шикоятимизда кўрсатган аноним профиллар ва каналлар фаолияти деярли тўхтади, биз ўз ишимизга шўнғиб кетдик. Кейинчалик эса тролларнинг эски фаолияти яна жонланди.
Бироқ Администрация, Бош прокуратура, Киберхавфсизлик бошқармаларидан расмий жавоблар олмадик. Эндиликда қонун ижроси учун масъул бўлган бу мўътабар идораларнинг фуқароларнинг мурожаатлари борасидаги қонунчиликни бузгани юзасидан маъмурий судларга шикоятлар тайёрлаяпмиз, ҳуқуқий жараёнларни бошлаймиз. Аноранинг судларида кўпчилик бўлиб, уни қўллаймиз. Эҳтимол, етарли даражада натижаларга эриша олмасмиз, аммо нималар бўлаётганини махсус хэштег ва челленж орқали имконқадар кўрсатиб борамиз.
Фаоллар билан бошлаётган бугунги челленжимизни шартли равишда #qoyalar_va_soyalar деб атаймиз. Фаоллардан мазкур жараёнда аввало амалдаги қонунчилик талаб ва меъёрларига амал қилиш, миллий манфаатларимизни инобатга олиб, қадриятларимизга ҳурмат руҳида ёндашишга чақираман. Зотан, қоялар ва соялар кураши абадий жараёндир.
Абдураҳмон Ташанов
https://t.me/Hurfikruznews