Давоми
Камгап, вазмин, нигоҳлари маъноли Отабек дўстичалик кўркам бўлмаса-да, ёқимтойлиги билан, бу ёқимтойлик ботинидаги самимийлиги,соддалиги, софдиллиги билан кишини ўзига тортарди.Хуршида аллақачон Отабекка кўнгил боғлаб улгурганди.
- Кечирасиз-у… дўстингизнинг қайлиғига шу гапларни айтишга уялмайсизми?!
Собир Хуршиданинг босиқ қаҳрини ноз-фироққа йўйди: - Қанақа қайлиқ? Сизга кўнгли бўлса, чўзиб юрмай, тўйни ўтказиб, бағрига олганча қўйиб юбормасди!
- Хўп, Ҳосила-чи?
- Ҳосила… сизнинг олдингиздан ўтаверсин!
- Инсон кўнгли ўйинчоқми сизга?
- Қўйинг шу гапларни.
Фақат бир гап айтаман, сиз менинг кўнглимни ёмон ўйнатаяпсиз, кўнглим буткул измингизда…
- Кетинг!!!
Шу кундан бошлаб Собир Хуршидани ҳоли-жонига қўймасликка қасд қилди, гўё. Ҳар келганида қимматбаҳо туҳфалар келтира бошлади — катта юмшоқ ўйинчоқ, қимматбаҳо гулдаста, хорижий косметика комплекти, икки қаватли торт…
Қиз безиллаб қолди.
Ишхонасидагилар олдида бир изза бўлса, Отабек эшитиб қолишидан бир чўчирди. Ахир, эшитса нима деб ўйлайди? Минг қилса ҳам дўсти қолиб, ҳали танишганига уч ой бўлмаган қизга ишонадими?!
- Мени ўз ҳолимга қўйинг! — деди Собир яна келганида ва ичкарига кириб кетмоқчи бўлди. Лекин йигит йўлини тўсиб, билагидан тортқилаганча ҳовлига, дарахтлар панасидаги ўриндиққа томон ундади. Ўтган- кетгандан андиша қилган Хуршида ноилож унга бўйсунди.
- Мени тинч қўйинг, сизга зиғирча кўнглим йўқ! — деди ўтиришган ҳамон Хуршида.
- Нега энди? Кўнглингиз Отабекдами? Нимасига учдингиз унинг?
Оғзига ошни чайнаб солмасангиз ютолмайдиган, онаси енгилтак — жазмани билан қочиб кетган, қари отасининг нафақасига-ю, ўзининг ҳисобчилик маошига аранг кун кўрадиган шу тентакнинг нимаси ёқди сизга?
- Дўтсмисиз унга? Уни ёмонламанг!
- Мен эмас, у менга дўст. Бойлигим учун, обрўйим учун!
Кўрдингиз-ку, учрашувгаям менинг машинамда бориб, менинг ҳисобимдан меҳмондорчилик қилдик… Хуршида, менга хўп десангиз, остонангизгача тилла бўлади. Битта ўғилман, эрка келин бўласиз. Бу эса хамир учидан патир… Собирнинг қўлидаги қутича очилган заҳоти тилла тақинчоқлар комплекти шомги чироқлар ёғдусида ярқираб кетди.
- Қаранг, асл тилла! Кўзлари бриллиант! Атай сиз учун олдим! Булар ҳам сизнинг гўзаллигингиз олдида хира темирга ўхшайди… Хуршидам менинг… Қучоқлашга уринган йигитнинг юзи тарсаки зарбидан бир лаҳзада бўртиб чиқди.
- Аблаҳ! Сенинг виждонинг йўқ, ўрнига пул-мол солиб олгансан!
Сен… сен бу гапларингни бориб ўзингга ўхшаганларга айт!
- Ҳали шундайми? Бир кун ялиниб келарсан…
-Собир қизнинг ортидан сўкинди.
Эшикка етиб олган Хуршида тўхтади.
Бурилиб қараб, титроқ жилмайиш қилди: - Бу дунёда адолат бўлса, сенга ялинадиган куним қолмайди! Айтмоқчи, Ҳосилани тинч қўй! Акс ҳолда, асл қиёфангни очиб беришимга тўғри келади… …
Эртасига ишга тушдан кейин келган Собирнинг сўлғин авзойига қараб, Отабек ташвишланди: - Тинчликми? Кайфиятинг йўқ?
- Ҳа, кўп ичворибман…
Ўзингнинг кайфинг михдайга ўхшайди?
- Ҳа…Тўйни белгиладик. Келаси шанбага.
- Хуршидагами?..
- Хуршидага. Нимайди?
- Ҳеч нарса. Бахтли бўлинглар.
Хуршида яхши қиз, сени бахтли қилишига ишонаман…
— Собирнинг овози титради.
- Биламан, — Отабек кулимсиради-ю, жиддийлашди.
- Нимани биласан? - Бахтли бўлишимни. Билмайман-у, ишонаяпман.
Бунда сенинг ҳам ҳиссанг бор.
- Тушунмадим?! Ўрамай гапирсанг-чи!
Отабек тараддудланди.
Бироз маҳтал қилгач, сўз бошлади: - Бир бошдан… Биласан, онам бизни ташлаб кетгач… аёл зотидан кўнглим қолди. Шу ёшга кириб ҳам уйланмай юрганимнинг асосий сабаби уларга бўлган наф ратим эди. Аммо дадам кексайиб, бот-бот хас талана бошлагач, бу қарорим заифлаша бошлади. Менга умрини бағишлаган дадамнинг армонда кетишини истамасдим. Шунинг учун уйланишга розилик бердим. Эҳ-ҳе, кўп қизлар билан учрашдим, сал айб топсамоқ эриётган кўнглим музлаб қолаверди. Тушунмасдим, нега кўнглим тўлмаяпти? Бир куни тушундимки, бўлажак рафиқамнинг садоқатини ҳозирдан синаб, ишонмагунимча уйланолмайман… Хуршидани кўрган пайтим уни синаш хаёлимда йўқ, аниқроғи, қандай синашни билмасдим. Шунда сен ўзинг билмаган ҳолда менга ёрдам бериб юбординг. Сенинг қилмишингни билардим.
Давоми 11:59 да