Давлат, жамият ва иқтисодиёт ҳақидаҲар гал Евроиттифоқ давлатларидан бирига келганимда, давлатнинг жамият ҳаётини яхшилашда ўйнайдиган ролига ҳайрон қоламан.
Тўғри, ўзим ҳам яқин-яқингача Евроиттифоқ таркибида бўлган давлатда яшайман. Аммо Британия 40 йилдан ортиқ ЕИга аъзо бўлган бўлсада, барибир континентал Европадан кескин фарқ қиладиган жиҳатлари бор. Шулардан бири—давлат қанчалик жамият учун сармоя киритиши керак, қанчалик жамият ҳаётига аралашиши керак, деган масаладир.
Тушунтириш учун, АҚШни арқоннинг бир учи деб олайлик, ЕИни эса нариги учи. АҚШда азалдан “давлат иқтисодиётга аралашиши яхши эмас” деган идеология кучли. Албатта, ҳамма нарса нисбий; Совуқ уруш даврида бу мафкура четга чиқиб турган пайтлар ҳам бўлган. Аммо АҚШга борсангиз буни сезасиз—давлат инсонларни максимал ўз ҳолига қўяди, ўзинг учун ўл етим ғояси кучли. Солиқлар паст бўлиши керак, бойлар бойиши, камбағаллар эса амаллаши керак. Рисклар баланд, шунга яраша кирим ҳам яхшироқ. Бироз соддалаштиряпман, албатта.
Турли тарихий сабабларга кўра, Оврўполиклар ўзаро тўқнашув ва келишмовчиликларнинг олдини олишнинг энг мақбул йўли—жамиятдаги бойликни максимал тенг тақсимлаш, деган қарорга келган. Евросоциализм деса бўлади буни, соддалаштириб. Коммунизм давридаги каби бойларни сургун қилиб, молини тортиб олиш орқали эмас. Кўпроқ солиқ солиш натижасида жамиятнинг омадлироқ вакиллари сал омадсизроқларга ҳам қарашади, ғояси.
Солиқлардан келган маблағлар ҳаммага фойдаси тегадиган нарсаларга сарфланади. Масалан, яхши ишлайдиган ва ҳаммага бирдек хизмат қиладиган тиббиёт тизимига. Вақтида юрадиган ва тўлиб кетмайдиган жамоат транспортига. Яхши давлат мактабларига. Нафақада одамлар бор-будини сотмаслиги учун қариялар уйларига. Адолатли нархланган иссиқлик ва ёқилғига. Булардан ҳам ортса, кутубхоналарга. Театр ва музейларга. Илм-фанга.
Масалан, капитализм бешиги бўлмиш Ҳолландияни олайлик (бу ерда илк биржага ва илк бутунжаҳон корпорациясига асос солинган). Мен ишлаётган
архив нима учун ана шундай ажойиб? Биноси ҳам, ичидаги шароити ҳам, яхши ойлик оладиган ва ишидан мамнун ишчилари ҳам, биз танаффусда бориб ичадиган текин қаҳваси ҳам солиқ тўловчилар пулидан келади. Оддий ошхонада тушлик камида €20 бўлса, мен архив ошхонасида бугун шунинг учдан бирига тўйиб овқатландим.
Қизиғи, мен Ҳолландияда солиқ тўламайман. Ҳолландия ҳукумати ва халқига ўтказиб қўйган жойим йўқ.
Хўш, нима учун буларга пул сарфланади, дерсиз? Оддий жавоб берсам, оврўполиклар ҳамма нарсани пулга чақиб бўлмаслигини яхши тушуниб етишган. Юзлаб йиллик савдо сотиғу, урушу жадал тарихидан ҳар бир нарсадан фойда излаш нотўғри эканини англаб етишган. Жамиятни қўллаш, фозил жамият, улғайган жамият етиштириш учун маблағ аямаслик кераклигини билишган. Иқтисодий мувозанат тиклангач, жамиятдаги мувозанатга сармоя киритиш ўта муҳимлигига аҳамият беришади.
Аслида, ватандош фойдаланса ҳам, чет эллик келиб фойдаланса ҳам, бундан ҳамма ютишини билишади. Инсоният тарихи—бир-бирига қарама-қарши манфаатли инсонлар ҳамкорлиги тарихидир. Инсонни ҳайвондан ажратган фақат меҳнат эмас, балки бутунлай бошқа фикрлайдиган одам билан тил топишиб, иккаласига ҳам манфаатли натижа учун бирга курашишдир. Жамият дегани шундан пайдо бўлади, ҳар бир инсон аравани ўз уйига тортишидан эмас.
Шахсан менинг фикрим—давлат барча фуқаро ва резидентлар ҳаётини осонлаштириши, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши йўлида бизнес ва бошқа иштирокчиларни назорат қилиши, керак бўлса тийиб туриши керак. Жамиятда жамоат манфаати (public interest, public good) муҳим.
Ҳамма нарсани бизнесга, бозорга қўйиб берсангиз, манфаат олдинга чиқиб, бошқа нарса иккинчи даражага ўтади. Бунга мисоллар сонмингта.
Энг мақбули, албатта, сихни ҳам куйдирмай, кабобни ҳам қорайтирмай иш тутиш. Давлат институт сифатида айнан шунинг учун керак, халқ вакиллари шу мақсад билан сайланади.
Мен юқорида таърифлаганим иқтисодий ва ижтимоий мувозанат Европада бироз хавф остига келаётгандек. Ўнгчилар бунинг сабабини миграцияга олиб боришмоқда. Аммо бу—алоҳида мавзу, қўл тегса у ҳақда ҳам бирон нима ёзармиз.
@profsherzod