Ўзбекистон-Кувайт муносабатларининг янги босқичиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кувайт давлатига расмий ташрифи ва олий даражада ўтказилган музокаралар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Президентимиз ташрифи доирасида Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ билан амалга оширилган учрашувлар ҳамда имзоланган қатор муҳим ҳужжатлар икки томонлама алоқаларнинг барқарор ривожланиши ва кенгайишига замин яратади. Ҳар икки мамлакат етакчилари ўртасидаги музокаралар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик руҳида ўтгани муҳим аҳамиятга эга.
Музокаралар давомида давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион ҳамкорликни янада ривожлантириш, инфратузилма, транспорт ва логистика, “яшил” энергетика, соғлиқни сақлаш ва туризм каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Айниқса, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция платформаси ва ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш борасидаги келишувлар иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратади. Шунингдек, Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича эришилган келишув икки мамлакат тадбиркорлари учун янги майдон очади.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида маданият ва туризм ҳафталикларини ўтказиш, санъат, мусиқа, кино, таълим ва спорт йўналишларида қўшма тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида имзоланган саноат, меҳнат, ҳаво қатнови, “ақлли” шаҳарлар, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги битимлар эса икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон ва Кувайт халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар. Жорий йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммитига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Президентимизнинг ушбу ташрифи Ўзбекистон-Кувайт муносабатларининг янги саҳифасини очди ва келгуси ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Бундай юқори даражадаги мулоқотлар ва имзоланган битимлар икки мамлакат халқларининг фаровонлиги ва тараққиётига хизмат қилади.
👉
@sevara_ub